Қонун ва адолат устувор бўлсин

11:15 - 10.03.2022

14

Бош прокуратуранинг маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармаси томонидан Олий судда кассация ва такроран кассация тартибида кўрилган 1340 та ишда прокурор ваколати таъминланиб, қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиш юзасидан асослантирилган фикрлар берилган. Шунингдек, Бош прокуратуранинг протестига асосан 22 та ноқонуний қарор Олий суд томонидан қонунга мувофиқлаштирилган.

Жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 391 та мурожаат бевосита бошқарма томонидан ҳал этилиб, уларнинг 41 таси қаноатлантирилган. Мисол учун, фуқаро Ж.Ядгарованинг суд қароридан норози бўлиб йўллаган мурожаати иш ҳужжатларини ўрганиш орқали бошқармада кўриб чиқилди. Аниқланишича, «Халқ банки»нинг Бувайда филиали билан «Бувайда ором файз» оилавий корхонаси ўртасида 2014 йил 8 сентябрда тузилган 150 млн. сўмлик кредит шартномасига асосан Ж.Ядгаровага тегишли 313,6 кв. метрдан иборат машина-трактор парки кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган. Тарафлар ўртасида тузилган ипотека шартномасига кўра паркнинг баҳоси 215 млн. сўм қилиб белгиланган. Кредит ўз вақтида қайтарилмаганлиги сабабли банк филиали қарзни ундириш бўйича фуқаролик судига мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг 2018 йил 26 сентябрдаги қарори билан банкнинг даъвоси қаноатлантирилиб, «Бувайда ором файз» оилавий корхонасидан 136 млн. 370 минг сўм ундириш ва ундирувни гаровга қўйилган бинога қаратиш белгиланган. Бу қарорга асосан МИБ Бувайда тумани бўлими томонидан низоли бино «e-ijro auksion» савдоси орқали 210 млн. 700 минг сўмга сотилган. Бундан норози бўлган Ж.Ядгарова маъмурий судга мурожаат қилиб, МИБ Бувайда тумани бўлимининг ҳаракатини ғайриқонуний ҳамда электрон аукцион савдосига қўйиш ҳақидаги қарорни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Учкўприк тумани маъмурий судининг 2020 йил 24 августдаги ҳал қилув қарори билан аризани қаноатлантириш рад этилган.

Мазкур ҳал қилув қарори Фарғона вилояти маъмурий суди кассация инстанциясининг 2020 йил 1 декабрдаги ва Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъ­атининг 2021 йил 10 мартдаги қарорлари билан ўз кучида қолдирилган.

Мазкур маъмурий иш ҳужжатлари Ж.Ядгарованинг мурожаатига асосан Бош прокуратура томонидан ўрганилиб, МИБ Бувайда тумани бўлими томонидан низоли мулкнинг аукционга чиқарилишида «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонун талаби бузилгани ҳамда Ж.Ядгаровага муддат берилмагани сабабли юқоридаги суд қарорларини бекор қилиш ҳақида Олий судга протест келтирилган.

Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 11 ноябрдаги қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, Ж.Ядгарованинг аризасини қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилинди ва унинг бузилган ҳуқуқи тикланди.

Яна бир ҳолат. «Madina-Muxlisa star» МЧЖ 2021 йил 23 мартда судга мурожаат қилган. Унда МЧЖга ижарага берилган 4,52 гектар ернинг 1,2 гектарини давлат захира фондига ўтказиш тўғрисидаги Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 3 декабрдаги ҳамда шу ердан 0,8 гектарини доимий фойдаланиш учун «Sofiya qandolat» МЧЖга ажратиб бериш тўғрисидаги 2021 йил 7 апрелдаги қарорларини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 4 майдаги ҳал қилув қарори билан ариза рад этилган. Шунингдек, ушбу қарор Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2021 йил 28 июндаги қарори билан ўз кучида қолдирилган. Бироқ Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 14 сентябрдаги қарори билан юқоридаги суд қарорлари бекор қилиниб, «Madina-Muxlisa star» МЧЖнинг аризасини қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинган. Унга кўра Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 3 декабрдаги қарорининг «Madina-Muxlisa star» МЧЖга оид қисми ва 2021 йил 7 апрелдаги қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Бундан норози бўлган «Sofiya qandolat» МЧЖ раҳбари А.Ғафуржонов Бош прокуратурага мурожаат қилган. Иш ҳужжатларини атрофлича ўрганган Бош прокуратура ишни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест келтирган. Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 19 октябрдаги қарори билан протест қаноатлантирилиб, судлов ҳайъатининг 2021 йил 14 сентябрдаги қарори бекор қилинган ҳамда биринчи ва апелляция инстанциясининг қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган. Бунга асосан эса «Sofiya qandolat» МЧЖга ер ажратиш тўғрисидаги қарор ўз кучида қолди.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, Олий суд пленумининг «Судлар томонидан маъмурий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида»ги қарори лойиҳасига Бош прокуратура томонидан берилган таклифлардан 10 таси инобатга олиниб, 2021 йил 20 апрелда қабул қилинган 15-қарорга киритилган. Бундан ташқари, Олий суд пленумининг «Маъмурий ишларни кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори лойиҳаси бўйича ҳам берилган таклифлардан 10 таси инобатга олинди ва бу борада қабул қилинган қарорга киритилди.