Ёзги кўшк ва минора жиддий зарар кўрди

10:16 - 10.03.2022

17

Маданий мерос объектларини сақлаш, муҳофаза қилиш ҳамда улардан оқилона фойдаланишга доир қонунчилик ижросини назорат қилиш, бу соҳада суиистеъмолчилик ва қонун бузилишига йўл қўйган шахсларнинг жавобгарлиги масаласини ҳал қилиш прокуратура органларининг муҳим вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Республика бўйича 8210 та моддий маданий мерос объекти миллий рўйхатга киритилган бўлиб, унинг 4788 таси археология объекти, 2267 таси архитектура объекти, 625 таси маҳобатли санъат объекти ҳамда 530 таси диққатга сазовор жойлардир.

2021 йилда прокуратура идоралари томонидан маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш борасида бир қатор ишлар қилинди.

Хусусан, маданий мерос объектларининг қўриқланадиган теграсида ноқонуний қурилган қурилмалар ва бино-иншоотларни бартараф этиш, уларнинг еридан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб, ҳукумат томонидан тасдиқланди ва ижро учун юборилди. Ўтган 30 йил (1991–2021-йиллар) давомида йўқотилган ҳамда қайтарилмаган маданий қимматга эга бойликлар таҳлил қилинганда, 9 та ҳудуддаги 14 та давлат музейидан 3,5 мингдан зиёд маданий қимматга эга бойликлар йўқотилгани ҳамда қайтарилмагани аниқланиб, қидириб топиш учун улар ҳақидаги маълумотлар рўйхатга қўйилиши таъминланди.

Охирги 3 йилда 124 та маданий мерос объектида амалга оширилган таъмирлаш ишлари ўрганилганда, 14 та объектда 12 млрд. сўмлик иш илмий-эксперт кенгаши рухсатисиз бажарилгани, лойиҳада кўрсатилмаган 6 млрд. сўмлик иш учун бюджет маблағи ишлатилгани, 63 та ҳолатда 2 млрд. сўмлик бюджет маб­лағи ўзлаштирилгани, 6 та маданий мерос объектига 6 млрд. сўмлик зарар етказилгани аниқланиб, 6 та жиноят иши қўзғатилиши ва 7 нафар мансабдор маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди.

Масалан, «Бухоро» давлат музей-қўриқхонасининг «Ситораи моҳи хосса» амалий безак санъати музейида илмий-эксперт кенгаши рухсатисиз ёзги баланд айвон ва унинг минораси ҳамда жанубий дарвозахона биносини таъмирлаш, янги сарой биносидаги дераза ва уларнинг устидаги дераза-дарча ҳамда чой павильонини янги тахта билан қоплаш, деразаларни тозалаш каби ишлар амалга оширилган, музейнинг асосий дарвозахонаси, меҳмонхона (8 бурчакли бино), қабулхона биноси, ҳарам биноси, амирнинг ёзги кўшки ва минорасига жиддий зарар етказилгани аниқланиб, Бош прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Бундан ташқари, «Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун ҳамда соҳага оид бошқа ҳужжатлар ижроси ўрганилганда, 136 та объект ҳалокат ёқасига келиб қолгани, 270 та объектнинг муҳофаза ҳудуди бузилиб, қурилиш қилингани, 108 та объектга жиддий шикаст етказилгани аниқланди ва қонуний чоралар кўрилди.

Масалан, Сурхондарё вилоятидаги 42 та объект бузилиши ёки уларга шикаст етказилиши натижасида давлатга 395 млрд. сўмлик, Самарқанд вилоятидаги 58 та объект бузилиши ёки шикаст етказилиши натижасида давлатга 1 трлн. 58 млрд. сўмлик зарар етказилган.

Республика бўйича 514 та ёки жами объектларнинг 10 фоизи шикастланган, муҳофаза ҳудуди бузилган ҳамда ҳалокат ёқасига келиб қолган.

Археология тадқиқотлари натижасида топилган 42205 та ашёнинг давлатга топширилиши, тадқиқотда топилган 87014 та ашё давлат рўйхатидан ўтказилиши таъминланган.

Тадбир давомида 139 та прокурор назорати ҳужжати қўлланиб, 221 та археология мероси объектига муҳофаза белгиси ўрнатилди, 264 тасининг муҳофаза теграси белгилаб қўйилди, 2016 та ашё музейга топширилди.

Прокуратура идоралари томонидан ўтган йили ўтказилган ўрганишларда 147 та маданий мерос объектига 4,4 трлн. сўм зарар етказилгани ҳамда объектларни таъмирлаш учун ажратилган 56,7 млрд. сўм пул ўзлаштирилгани аниқланган.

Ушбу соҳалардаги қонунлар ижроси юзасидан 208 та текшириш ўтказилиб, 563 та прокурор назорати ҳужжати қўлланиб, улар асосида 291 киши интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган, 223 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқи тикланган.

2022 йилнинг 15 февраль куни «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Ушбу қонун Бош прокурорнинг ташаббуси билан ишлаб чиқилган бўлиб, унда Жиноят кодексининг 132-моддасида давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини бузиш ёки уларга шикаст етказиш оғир жиноятлар тоифасига ўтказилиб, улар учун 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди, ушбу тоифадаги жиноятлар бўйича дастлабки терговни амалга ошириш ички ишлар органларидан прокуратура ваколатига ўтказилди, Маданий мерос агентлигининг кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.