“Ер олиб беришим мумкин…”

10:09 - 07.03.2022

10

Фарғона шаҳри теварагидаги фермер хўжаликларига ажратиб берилган ерларда буғдой, мева-сабзавот етиштирилмоқда. Фермерлар маҳсулотларини вилоят, бошқа вилоятлар, хориж бозорларига етказиб бериб яхшигина даромад олишмоқда. Хўжаликларда ишлаётган  боғбон ва деҳқонларнинг турмуши ҳам яхшиланаяпти. Жўйдам маҳалласи ҳудудидаги ерда деҳқончилик қилаётган фермер Жамилахон Байрамованинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ошиғи олчи эди. Бироқ у топаётган даромадига қаноат қилмасдан жиноятга қўл урди.

Икром Сойипов 2017 йил кузда уй қуриш ниятида бўш ер қидираётган эди. Бундан хабар топган Ж.Байрамованинг турмуш ўртоғи унинг телефонига қўнғироқ қилади. Ер олиб беришим мумкин деб қизиқтириб қўяди. И.Сойипов нотаниш одам билан Фарғона шаҳрининг Жўйдам маҳалласидаги автосалоннинг ортида кўришади. Ўзини  таништирган Наримон икки қаватли коттежларнинг орқа тарафига бошлайди. Бу ерлар хотини Жамилахон раҳбар бўлган фермер хўжалигига қарашлилиги, уй қилгани ер ажраттириб бериши мумкинлигини айтади. Сўнг хотинига қўнғироқ қилади. Бир зумда етиб келган Жамилахон нефть коллежи ортидаги ерни кўрсатиб, 8 сўтих ерни ёши катта онасининг номига расмийлаштириб берадиган бўлади. «Нега ўзимга эмас, онамнинг номига?» деб сўраган харидорга бу ерларда ҳовли қилгани 1989 йилда қарор чиққан деб тушунтиради. И.Сойипов онасининг паспортини олиб келганида «Қувадан берилган экан, бу бўлмайди, Фарғона шаҳридан берилган паспорт керак» дейди. И.Сойипов онасининг тенгдош танишининг паспортини фермер аёлнинг уйига элтиб беради. Ернинг нархини сўраганида «7000 АҚШ доллари берасиз» дейди у. Орадан бир неча кун ўтиб ҳужжатларни расмийлаштиргани деб 300 доллар сўраб олади.

2018 йилнинг апрель ойи бошларида И.Сойипов яна 5000 долларни Фарғона шаҳри марказида Ж.Байрамовага беради. 20 кун ўтиб фермер гўё 1989 йилда Л.Қосимова номига 8 сотих ер берилгани ҳақидаги Фарғона тумани кенгаши ижроия қўмитаси қарорининг нусхасини топширади. Кадастр ҳужжатини ҳам қилдириб берадиган бўлади. 2018 йил апрель ойи охирларида И.Сойипов қолган 1700 долларни Ж.Байрамованинг уйи­га элтиб беради. Қурилишни бошламоқчилигини айтганида фермер экинларни йиғиштириб олганимиздан кейин, кузда қурасиз деб ортга суради. Кузда эса кадастр ҳужжати олинмагани, чизмасиз қурилишни бош­лаши мумкин эмаслигини тушунтиради.

2019 йил 2 апрель куни Ж.Байрамова тағин иш битмаяпти дея қурилишни бошлашга рухсат бермайди, иш битиши учун пул зарурлиги, яна иккита олти сўтихдан ер борлиги, агар 9000 доллар беришса, бирйўла бу ерларга ҳам эга чиқишлари мумкинлигини айтади. Аввал кўрсатган жойга олиб бориб ёнидан 12 сўтих қўшиб беришни ваъда қилади. «Ҳозирча 5000 доллар бериб туринг» дейди. 29 апрель куни Фарғона шаҳар деҳқон бозорида И.Сойипов унга 4800 доллар беради. Тилхат сўраганида паспорти ёнида эмаслигини баҳона қилиб, эрининг номидан тилхат ва паспорти нусхасини тутқазади. 5 май куни И.Сойипов унинг уйига бориб 500 доллар бериб келади. 29 май куни онаси билан тағин уйига бориб иккита олти сўтихдан, 12 сўтих ер учун қолган  3700 долларни бериб, яна тилхат ёздириб олади. Шу тариқа Ж.Байрамова улардан уй қургани 8 сўтих ер учун 7000, 12 сўтих ер учун 9000, жами 16000 доллар пулини алдаб олади. 2 июнь куни Х.Со­йипова ва унинг тенгдоши Р.Қосимова номига 6 сўтихдан ер ажратилгани ҳақида архивдан олинган қарорнинг нусхасини тақдим этиб, тез орада кадастрдан келган ходимлар ерни ўлчаб беришига ишонтиради.

Бироқ кунлар, ойлар ўтиб бораверди, кадастр ходимларидан дарак бўлмади. Ж.Байрамова турли баҳоналарни рўкач қилаверди. 2020 йил март ойида ҳам ерни ўлчатиб бермагач, И.Сойипов қарор нусхаларини олиб шаҳар кадастр бўлимига учради. Мутахассислар бундан анча йиллар аввал худди шундай қарорлар билан фуқароларга уй қуриш учун ер бериб бўлингани, бу қарорлар эса қалбакилигини айтишди. Ниҳоят шубҳалари бежиз эмаслиги, алданганини англаб етган фуқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат этди.

Ж.Байрамова бежиз ўз номидан тилхат ёзиб бермагани судда аён бўлди. У айбига қисман иқрор бўлди. Уч фуқаронинг номига ер ажратилгани ҳақида чиқарилган қарорларнинг нусхасини бермагани, уларни кўрмагани, паспорт нусхаларини олмагани, пул зарур бўлиб қолгани туфайли И.Сойиповга 4800 доллар эвазига экин экиб фойдаланиши учун буғдойдан бўшаган ерини бермоқчи бўлгани, ер бера олмай пулни шахсий эҳтиёжига сарфлаб юборгани, ундан бошқа пул олмаганини, лекин яқинлари зарарни қоплаш учун 16000 доллар йиғиб беришганини айтиб ўтди. Суд унинг важларини жазодан қутулиш учун келтирилган дея танқидий баҳолади. Жабр­ланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, инкор этиб бўлмас далиллар билан айби тасдиғини топган, виждонини пуллаган фирибгар аёлга ёши олтмишдан ўтгани, етказилган зарар қоплангани, жабрланувчи даъвоси йўқлигини таъкидлаганини эътиборга олиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 баробари миқдорида жарима жазоси тайинлашни лозим топди.