Қўчқорлар ғойиб бўлган тун

09:53 - 07.03.2022

14

Қарши тумани Пахтазор маҳалласида жойлашган «Нурли йўл» масъулияти чекланган жамиятида қоровул бўлиб ишлайдиган Шоберди Ҳайитов ўша тунда қўчқор ва қорамолларга ем берганидан сўнг ухлашга ётди. Қўрада МЧЖ бошлиғи Ҳайит Тожиевнинг 9 та қўчқори ва ўзининг 18 та қорамоли бор эди.

Ногаҳон жиринглаган телефон товуши Шобердини ҳуш­ёр торттирди. Соат бирдан ўтган, қўнғироқ қилаётган амакиси Азизбек экан.

– Қўра четида бир машина тўхтаб турибди, олди капоти очиқ экан…

Қоровул кўзларини уқалаб кўчага отилди. У томондан амакиси Азизбек ҳам ҳаллослаб етиб келди. Иккови тўхтаб турган «Нексия»нинг олдига боришди.

– Бу ерда нима қилиб турибсан? – сўрашди улар алланечук талмовсираб қолган ҳайдовчидан.

– Мен Қаршида такси ҳайдайман… – ўзини оқлай кетди у. – Бу ерга адашиб келиб қолдим. Машинанинг шланги чиқиб кетди. Ошналаримга телефон қилувдим. Ҳозир ёрдамга келиб қолишади…

Амаки-ука секин ортларига қайтишди. Қор ёғаётгани сабабли машина номери ҳам яхши кўринмади. Шоберди ўрнига кириб ухлади. Бироқ эртаси куни қўрадан тўртта қўчқори йўқолганини билганида амакиси уни бежиз огоҳлантирмаганини англади…

Жиноят ишлари бўйича Муборак тумани судида Ҳусан Сайфуллаев, Тўлқин Лутфуллаев, Шоҳрух Қўчқоров, Тоҳир Абдуллаев ва Оғабек Хидировга оид жиноят иши кўрилди. Судланувчилардан фақат Ҳусангина 30 ёшга тўлган, қолганлари эса ундан анча ёш эди. Фақатгина Шоҳрух уйланиб, фарзандли бўлган, қолганлари бўйдоқ. Барчаси Қарши туманидаги Қоратепа қишлоғида яшайди.

Қайд этилишича, Ҳусан 2020 йил 18 августдан 19 августга ўтар кечаси соат бирларда Нурбек Элмуродов раҳбарлигидаги МЧЖга қарашли, Қарши тумани Пахтазор маҳалласида жойлашган қурилиши тугалланмаган бинодан 12 миллион сўмлик алюминий ромларни ўғирлаб кетган.

Ҳусан танишлари Тўлқин ва Шоҳрух билан жиноий тил бириктириб, 2020 йил 2 ноябрь куни соат 22 ларда галдаги қинғирликка қўл урди. Қарши тумани Батош маҳалласида жойлашган, фуқаро Борат Қодировга тегишли қурилиши тугалланмаган бинодан 11 700 000 сўмлик ромлар ва сув насосини ўғирлаб кетди.

Ҳусан кейинги сафар шериклари Тўлқин ва Шоҳрухни яна Нурбек Элмуродовнинг қурилиши битмаган биносига бошлади. Ўша тунда улар 9 миллион сўмлик электр движокни гум қилишди.

2020 йил 13 декабрдан 14 декабрга ўтар кечаси Ҳусан, Тўлқин ва Шоҳрух танишлари Тоҳир ва Оғабекни ҳам ўз сафларига чорлашди. Ярим тунда Тоҳирнинг «Нексия»сида тумандаги Дашт қишлоғида жойлашган «Нурли йўл» МЧЖ биноси яқинига боришди. Режага кўра Тоҳир машинада қолиб, атрофни кузатиб турди. Қолган тўртовлон эса бино ҳовлисига девордан ошиб ўтган ҳолда 9 800 000 сўмлик тўртта қўчқорни ўмариб чиқишди. Қўчқорларни машинага ортиб, олиб кетишди. Эртаси куни қассобга сўйдириб, пуллашди ва пулни тенг бўлиб олишди…

Суд ҳукм қилди. Жиноят кодексига кўра Ҳусан Сайфуллаев, Тўлқин Лутфуллаев, Шоҳрух Қўчқоровга 4 йил озодликни чеклаш, Тоҳир Абдуллаевга иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари, Оғабек Хидировга эса иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Иш бўйича етказилган зарар тўлиқ қоплангани қайд этилди.

«Ҳўкизнинг бўйнини суғурадиган ёшда қилиб юрган ишингни қара…». Кўпни кўрган отахонларимиз ножўя иш қилиб қўйган йигитчаларга шундай танбеҳ берганини кўп эшитганмиз. Уларнинг ёшида чемпион бўлиб, тадбиркор сифатида донг таратиб, олим бўлиб тенгдошларига ўрнак бўлаётганлар қанча? Бугун афсус исканжасида қолган бешовлон ҳам уларнинг орасида бўлиши мумкин эди…