Бош ҳисобчидан ёғлиққина таклиф

09:38 - 07.03.2022

12

Кишининг виждони безовталанмаслиги жуда ёмон аломат, яъни бу инсонийлик йўқолганидан дарак. Чунки виждон ҳар безовталанганда инсонни ҳақиқатга, ҳидоятга, адолатдан оғишмасликка чорлайди.

Сурхондарё вилояти перинатал маркази бош ҳисобчиси лавозимида ишлаган Тўлқин Алиёров виждонининг охирги марта қачон қийналганини ўзи ҳам эслолмаса керак. Ўрта махсус маълумотли, бир кам қирқ яшар бу амалдор аниқ ва ҳалол ҳисоб-китобдан кўра чалкашликни, нафс йўриғини афзал билди.

Шуниси аниқки, 2015 йилдан бошлаб мазкур лавозимда ишлаган Т.Алиёров бир савол устида кўп бош қотирган – қандай қилиб ўмарсам қонунга чап бераман?

Т.Алиёров «Шундай режа тузишим керакки, ҳеч ким шубҳаланмаслиги лозим» дея обдон ўйлади. Хулоса шу бўлди, ишончли ҳамтовоқларсиз якка ўзи тоғдек ўлжа соҳиби бўлолмас экан. Шерикларни узоқ изламади. Бировнинг ҳақидан ҳазар қилмайдиган, оиласига ҳаром луқма едиришдан жирканмайдиганлар – ҳисобчи О.Шайманов ва ғазначи Б.Хоналиевларни ёнига чақирди. Вилоят перинатал марказининг бош ҳисобчисидан ёғлиққина таклифни эшитгач, икки мулозим ҳам қўл қовуштириб ҳар қандай хизматга шай эканлигини изҳор қилишди.

– Танганинг иккинчи томони ҳам бор – бу иш бироз қалтисроқ! – деди Алиёров.

– Пишиқ-пухта ишлаймиз, ҳаммаси беш бўлади! Буюрсангиз кифоя, ҳал қилиб ташлаймиз! – деди О.Шайманов. 

Шундай қилиб, халқ пулига кўз тиккан жиноий гуруҳ ташкил топди. Аввало сохта маълумотлар асосида 2019 ва 2020 йилларда ҳамда 2021 йилнинг 30 мартига қадар вилоят перинатал маркази билан меҳнат шартномаси бекор бўлган ва ортиқ бу ерда ишламаётган кишиларнинг рўйхати тузиб чиқилди. Сўнг ўшалар номига пластик карталар очтирилди. Бу орада ишдан бўшаган яна бир нечта кишининг пластик картасини ҳам олиб қолишди. Сохта ҳужжатлар асосида «Қишлоққурилишбанк»нинг Сурхондарё минтақавий филиалидан мазкур карталарга иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ҳисоблаб жами 771 миллион 645 минг 455 сўм ўтказишди. Пулни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборишди.

Шунча пулни еб ҳам ҳамтовоқлар тўймади. Улар яна жиноий ҳаракатларини давом эттиришди. Адлия вазирлигида 2010 йил 22 декабрда рўйхатга олинган, Молия вазирининг 2010 йил 17 декабрдаги 105-буйруғи иловасида тасдиқланган «Бюджет ташкилотларида бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги йўриқнома»га зид равишда, «Ўзбекистон бюджет ташкилотлари автоматлаштирилган тизими» (ЎзБТАТ) дастурига сохта маълумотлар киритишди. Натижада 2019–2020-йиллар ва 2021 йилнинг 30 мартига қадар ишдан бўшаган фуқароларга иш ҳақи ҳисоблаб, имзоларни сохталаштириб, 91 миллион 982 минг 451 сўм пулни ҳам жиғилдонига уришди.

Уят ва номус худди оқ либосга ўхшайди, қанча кўп доғ тушса, қиймати шунча тез йўқолади. Сурхондарё перинатал марказида уя қурган жиноий гуруҳ аъзолари ҳам бора-бора зиғирча уялмай қўйишди. Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган Соғлиқни сақлаш, Молия ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликларининг қарорлари билан таcдиқланган «Тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисида»ги низомнинг 16-банди уларнинг эътиборини тортди. Унга биноан жамғарма ҳисобидан устама, мукофот ва моддий ёрдам жамғармани тасарруф этиш бўйича махсус комиссиянинг қарори асосида тиббиёт муассасаси раҳбарининг буйруғига мувофиқ тўланиши керак эди. Буйруқда ходимларга бериладиган моддий рағбатлантиришнинг аниқ турлари, миқдори ва тўлаш муддатлари кўрсатилиши шарт эди. Аммо ўзи хон, кўланкаси майдон бу кимсалар махсус комиссия қарори ва муассаса раҳбарининг буйруғини чиқармасдан, ЎзБТАТ дастурига сохта маълумот киритиб, ўзларини ўзлари рағбатлантиришди. Бу рағбат давлатга 13 миллон 32 минг 781 сўмга тушди.

Текинхўрлар ҳужжатларни сохталаштириб, марказ билан меҳнат шартномаси бекор бўлган ходимлардан олиб қолинган пластик карталарга гўё хизмат сафари учун маблағ ҳисоблаб, бу пулларни ҳам талон-торож қилишган. Бундан ташқари, 91 миллион 982 минг 451 сўм пулни ҳам сохта ҳужжату ёлғон ҳисоб-китоблар асосида ўзлаштириб юборишган.

Ҳаромдан ҳазар қилмаслик кишини ҳалокатга етаклайди. Ҳаром луқма едириб ўстирилган фарзанд­лар эса ота-онасига оқибатсиз бўлиб улғаяди. Сурхондарё вилояти перинатал марказидаги қинғирликларга бош-қош бўлганларни эса бу ҳақиқат ташвишга солмади.

Жиноят ишлари бўйича Музработ тумани судининг ҳукми билан ушбу жиноий гуруҳ аъзолари қонуний жазога тортилди. Жумладан, Т.Алиёров 5 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилинди. О.Шайманов ҳам умрининг 5  йилу 1 ойини панжара ортида ўтказадиган бўлди. Собиқ ғазначи Б.Хоналиев эса ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига лойиқ топилди. Шунингдек, у 1 йил давомида давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлди.