Ўч олишнинг “замонавий” усули

16:16 - 04.03.2022

22

Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддасида ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Ушбу қилмишни бир йилда такроран содир этиш эса Жиноят кодексининг 140-моддасига асосан жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Фуқаро Зарифбой Қосимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) турмуш ўртоғи Фарангиз ва қайнонаси Замира билан келиша олмай уларни ҳақорат қилгани учун унга Косон тумани маъмурий судининг 2020 йил 21 июлдаги қарорига асосан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган эди. Лекин у жазони ўтаб чиққанидан сўнг ҳам хулоса чиқармаган.

Жазони ўтаб келган Зарифбой турмуш ўртоғи ва қайнонасидан ўч олишни мақсад қилади. Энди у ўзининг телефонидан Telegram тармоғидаги ўзи томонидан очилган шахсий профилининг барча тармоқ фойдаланувчилари ўқиши мумкин бўлган ўзига тегишли шахсий ёзувлар ёзиладиган саҳифа қисмига турмуш ўртоғи ва қайнонасига нисбатан камситиш ва ҳақорат қилиш мазмунидаги уятли сўзларни ёзиб қолдиради. У ушбу ёзувларни бир неча кунга сақлаб, Фарангиз ва Замиранинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан таҳқирлайди.

Мазкур ҳолат Ф.Қосимованинг аризасига асосан ички ишлар органи терговчиси томонидан тергов ўтказилганида ҳамда суд терговида ўз исботини топди. Жиноят кодексининг 140-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этгани учун Зарифбой Қосимовга нисбатан иш ҳақининг 10 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда бир йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.