«Ўлик жонлар» ортидаги бойлик

11:15 - 04.03.2022

20

Инсон улғайиб, оқ-қорани таниб борар экан, атрофдагиларга фақат яхшилик қилишга интилади, ҳалол яшашга ҳаракат қилади. Аммо баъзан хатоларга ҳам йўл қўяди.

Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан бюджет ташкилотларида маблағларнинг тўғри сарфланиши ўрганилганда ўз манфаати йўлида қонун доирасидан четга чиқиб, давлатнинг пулини ўзлаштириб келаётган мансабдорлар фош этилмоқда.

Ачинарлиси, улар орасида аёллар ҳам бор. Масалан, Андижон шаҳар халқ таълими бўлими марказлашган бухгалтерия хизмати ҳисобчиси Турсуной Обидованинг 2019 йил 15 мартдан 2020 йил 10 декабргача бўлган фаолияти ўрганилганда, у ўзига бириктирилган 11, 16-мактабларнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўғри ҳисоб­лаш ва тўлаш каби ваколатидан ўз манфаати йўлида фойдаланиб, шу орқали мўмай даромадга эга бўлган ходимлардан бўлиб чиқди.

Яъни, у Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 22 декабрда рўйхатдан ўтказилган «Бюджет ташкилотларида бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги йўриқномага зид равишда, 2019–2020 йиллар давомида «Ўзбекистон бюджет ташкилотларининг автоматлаштирилган тизими» (ЎзБТАТ) электрон дастурига 11-мактабда ишламаган кишиларнинг ишлагани ҳақида сохта маълумот киритиш йўли билан 305 939 500 сўм, 16-мактабда ишламаган шахсларнинг ишлагани ҳақида сохта маълумот киритиб 221 089 700 сўм, жами 527 029 200 сўм пулни талон-торож қилган.

Бундан ташқари, Т.Обидова фуқаро М.Мавлонованинг 11-мактабда ўқитувчи вазифасида ишловчи қизи М.Турғунова 2020 йил декабрь ойида ҳомиладорлик таътилига чиққани учун 2021 йил 15 февраль куни пластик картасига 13 550 000 сўм пул тушириб, М.Мавлоновага 6 000 000 сўм ортиқча тўлангани сабабли 3 500 000 сўмини ўзига қайтаришини, шунингдек, М.Турғунова 2021 йилда ишламаган бўлса-да, унинг пластик картасига 800 000 сўм аванс ҳам ўтказиб берганини айтиб, шу пулни ҳам қўшган ҳолда жами 4 300 000 сўм беришини талаб қилиб, 17 февраль куни Андижон шаҳар Бобур шоҳкўчасида жойлашган «Gastrоnom» супермаркетининг ёнида олган вақтида ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Марҳамат тумани суди Т.Обидовага 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Қиссадан ҳисса шуки, мамлакатимизда ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди.