Маҳалла ходими камбағални талади

09:18 - 04.03.2022

8

Гулзода Чўллиева Жондор тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида 2021 йил март ойидан ишлаб келаётган эди. У тез орада оёғи ердан узилганини сезмай қолди. Хизмат мавқеидан ғаразли мақсадда фойдалана бошлади.

2021 йил май ойида Н.Тошова Жондор тумани ҳокимига ариза билан мурожаат қилиб, уйнинг бошланғич тўловини тўлашга ёрдам сўради.

Унинг аризаси ўрганилиб, 2021 йил июль ойида Жондор туманидаги экобозор орқасида жойлашган ерда камбағал, «темир дафтар»да рўйхатда турган оилалар учун қурилаётган уйлардан бирининг 15 фоиз бош­ланғич тўлови тўлаб берилди. Г.Чўллиева фурсатни бой бермади. У август-сентябрь ойларида Н.Тошовани чақириб, унга ажратилган уйнинг бошланғич тўловини давлат тўлаб берганини айтди.

– Лекин бу иш осон кечмади. Мен қанча ҳаракат қилдим. Сизга ёрдамим тегсин дедим-да.

– Қандай яхши. Сиздек бағрикенг инсонлар кўпайсин, опажон.

– Ҳм, ўзингиздан қолар гап йўқ. Менга қолса бир тийинингиз ҳам керак эмас. Биласиз… бу ишлар шунчаки бўлмайди. Шунга 500 АҚШ доллари ёки 5 миллион 100 минг сўм берасиз.

Ие, бу ёғи қандоқ бўлди энди? Н.Тошова ноилож пулни келтириб берди. Бир камбағалдан тама қилган Г.Чўллиева таманинг тиканаги борлигини унутди.

Суд Г.Чўллиевани айбли деб топиб, унга ҳар ойлик иш ҳақининг 10 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан бир йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари ҳамда бир йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.