«Вилоят ҳокимлиги ҳаммага ёрдам беришга мажбур эмас!»

16:23 - 04.03.2022

14

Ҳар куни ишга ҳамкасбим Умринисо Турғуналиева билан бирга келамиз. Кеча Фарғона вилояти ҳокимининг қабулига рўйхатдан ўтиш учун ҳокимиятга кириб ўтишни илтимос қилди. Йўқ дея олмадим. Тушкун ҳолда эди. Сабабини сўрасам, ийманиб айта олмади.

Ҳокимиятга яқинлашгач, кўзида умид пайдо бўлгандек туюлди. Хонага бир ўзи кириб кетди. Бироздан сўнг  овозлар эшитила бошлади.

– Онам беш йилдан буён бир жойда ётади. Юришга умиди сўнганди. Яқинда танишимиз Ҳиндистонга олиб боришни тавсия қилди. Текширув натижасини юборсак, шифокорлар 85 фоиз юришига умид борлигини таъкидлашди…

– Бир кунда сиздай миллион доллар сўрайдиган одамлар ўнлаб келади. Вилоят ҳокимлиги ҳаммангизга ёрдам беришга мажбур эмас! – деди вилоят ҳокимлигининг бош мутахассиси Ҳасанбой Умирзоқов.

– Тўғри, аммо бизда катта пул йўқ. Шунга ҳокимдан ёрдам сўраб мурожаат қилмоқчи эдик!

– Бўлди-да энди, кўп бошимни қотирманг, мен сизга кичкина одаммидим дардингизни тинглаб ўтирсам! Ундан кўра биринчи туманингиз ҳокимининг қабулига боринг!

– У ерда ҳеч қандай натижа…

– Уларниям Президент тайинлайди. Менинг вақтимни олмасдан ўз ҳудудингизга боринг.

Ҳамкасбим кўзида ёш билан чиқди. «Фуқаролар билан ишлайдиган мутахассис шундай бўлса… бошқаларга ишонмасак ҳам бўлар экан. Энг алам қилгани дардимни тузук тингламади ҳам, кўзи телефонига қадалганча жавоб бериб қўя қолди», – деди асабийлашиб.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир», «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», «Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак» деган сўзларини Ҳасанбой Умирзоқов эшитмаганми?

– Боқувчимни йўқотганимга икки йил бўлди, – дейди қувасойлик Феруза Минибоева. – Ўшандан буён ота ҳовлимда яшаяпман. Оилада ҳар хил вазият бўлади. Иккита келиннинг олдида яшашга ийманиб, шаҳар ҳокимиятига уй масаласида ёрдам сўраб бир неча марта мурожаат қилдим. Лекин натижа бўлмади. Сўнг вилоят ҳокимлигидан умид қилиб келгандим. Бироқ ҳоким қабулига маъсул шахс гапларимни тингламади ҳам. Тўғри йўл кўрсатар дегандим. Аммо ундай бўлмади. Бунинг ўрнига жеркиб ташлади. Вилоятда шундай бўлса, бошқа жойлардан умид ҳам қилмай қўя қолай деб ортимга қайтдим.

«Чўкаётган инсон хасга ҳам ёпишади» деган нақл бор. Ҳаётида бир қанча ташвишларга учраган одам умид билан маъсулларга юзланса-ю, уларнинг жавоби юқоридагидай бўлса, қаерга мурожаат қилсин?