Пластикхўрлар ер юзини қопламоқда

18:20 - 03.03.2022

8

Адашмасам, аср бошларига келиб бозор ва дўконларда пластикдан ишланган маиший буюмлар тиқилиб кетганди. Бизга кириб келган бир марталик елимхалталарнинг рўзғорда йиртилиб кетгунча ишлатилиши ҳатто аскияга айланганди. Бунинг сабаби пластик буюмларнинг арзонлиги, чидамлилиги ва чиримаслигида эди. 

Инсоният цивилизациянинг хато йўлидан кетаётганини тушуниб ета бошлади. Ҳисоб-китобларга қараганда ҳар йили тўпланадиган чиқиндиларнинг катта қисми сувга ташланар, уларнинг 80 фоизи пластик чиқиндилар экан. Вазият шу даражага етганки, океан ва денгизларда сузиб бораётган чиқиндилар уюми ҳали дунё кўрмаган экотизимни вужудга келтирган. Бу экотизим бир қатор тирик организмлар, шу жумладан яқиндагина кашф этилган майда мавжудотлар учун ҳам бошпана вазифасини ўтай бошлаган. Олимларнинг янги кашфиёти инсонни ҳушёр торттирди – микроблар бутун сайёра бўйлаб сувда ҳам, қуруқликда ҳам пластик билан озиқланишга мослашиб, шиддат билан ривожланмоқда.

Юзаки қараганда тор дунёқарашли одамлар бу ҳолатдан мамнундай кўринади. «Яхши-ку, – дейишади улар, – еримизни лаънати пластикдан тозалашаяпти. Бу балони цивилизациянинг ўзи кашф этганди-да». Олимларни эса бошқа нарсалар ўйлантиради.

Игна билан қудуқ қазиш. Беш йил аввал япон олимлари ахлатости тупроғидан олинган намуналарни тадқиқ қилишди. Улар тупроқ таркибидан ғалати бактерияни ажратиб олишди. Ғалатилиги шундаки, бактерия ўрама учун ишлатиладиган полиэтилен билан озиқланарди. Бактерияни қайта ишлашда табиий танланиш жараёнида ундан пластикни парчаловчи иккита фермент ажралиб чиқди. Ўшандан буён олимлар ана шундай хусусиятга эга бўлган бир қанча ферментларни топишди.

Энди навбат америкалик олимлар гуруҳига келди. Улар япониялик ҳамкасбларининг кашфиётига таяниб, юқоридаги хоссага эга кўплаб ферментларни ажратиб олиш билан кифояланмай, сунъий энзим яратишди. Бу «жонивор»нинг пластмассани истеъмол қилиш даражаси 20 карра самаралироқ бўлиб чиқди. Бироз вақт ўтиб жамоа оқсилнинг янада мукаммаллашган турини яратди. «Бу ҳақиқий суперфермент!» дейишди олимлар. Чунки очофат бу фермент чиқиндини олти карра тезроқ еб битиришга қодир эди.

Чалмерс (Швеция) техника университети мутахассислари ҳам жим ўтиришгани йўқ. Уларнинг топилмасини қаранг: бу ҳодиса оммавий тус олибди. Сабаби – пластмасса ер юзида шунчалик кўп тўпланиб қолганки, уларнинг чиқиндиси етиб бормаган жойнинг ўзи йўқ. Бу вазият мудроқ микроорганизмлар учун жуда қўл келди; қайта жонланиб, ўзларидан пластмассани парчалашга қодир фермент ишлаб чиқара бошлашди. Бунақа бактерияларнинг дунё бўйлаб кенг ёйилишидан одамларнинг оғзи очилиб қолди. Олимлар сайёранинг юзлаб ҳудудларидан – еру сувдан олинган микроорганизмлар ДНКсини таҳлил қилдилар. Олимларни нима қизиқтирганди? Компьютер ёрдамида микроорганизмлар нусхаси яратилиб, пластикни майдалаб ташлайдиган ферментларнинг генетик изчиллиги ўрганилди. Ўҳ-ҳў! Бунақа ферментларнинг ўттиз мингтасини санашди. Шу турга кирувчи ферментлар жаҳондаги кенг тарқалган пластмассаларнинг 10 хилини ғажиб ташлар экан!

Тадқиқотчилар мазкур оқсилли бирикмаларга оид маълумотларни Ернинг ифлослик даражаси акс этган харита билан таққослашди. Ферментлар энг кўп тўпланган жой ахлатлар уюм бўлиб сузиб юрадиган ҳудудлар – Ўрта денгизга ва жаҳон сув ҳавзаларининг жанубий қисмига тўғри келди. Тадқиқот муаллифларидан бири Ян Зримекнинг фикри диққатга сазовор: «Биз нусхаларни ўрганиш орқали глобал пластикхўр микробиомнинг кўпайиш имконияти ўша жойнинг пластмасса билан қай даражада ифлосланишига боғлиқлигини исботладик. Бу атроф муҳитга биз қанчалик таъсир ўтказсак, бунга у албатта жавоб қайтаришини кўрсатади». 

Энди нима қилиш керак?Микробларнинг оммавий мутацияга учраши бизни хурсанд қилади гўё. Ахир улар жаҳон сув ҳавзаларини пластиклардан тозалаяпти-ку. Лекин… Шу биргина лекин инсонни яна ўйга толдиради. Сувни, ерни пластик билан ифлослантиришнинг охири кўринмаяпти. Бу кетишда келгуси авлодга нима деб жавоб берамиз? Улар биздан мерос қилиб олган улкан муаммо олдида бош қашиб қолмайдими? Балки уни ҳал қилишга яна табиат қарашиб юборар… Бактерияларнинг табиий танланиш жараёни давом этармикан?

Экологларнинг хулосаси эса бизни огоҳликка чорлайди: бу жараённинг тескари томони ҳам бўлиши мумкинлигини унутманг. Биринчидан, очофат микроорганизмлар, масалан, одам боласи озиқ-овқатни сақлашда фойдаланадиган пластик идишларга қадар етиб бормаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Аҳвол шу даражага бориб етгудек бўлса қандай йўл тутиш керак? Жавоб бор. Инсон энди пластикни ҳимоя қилишга ўтади. Пластикдан ўрама ишлаб чиқарувчилар микробларга янада чидамли пишиқ материалларни ихтиро қилишлари мумкин. Бунинг ортидан яна бир муаммо туғилади. Бунақа материаллар ер остида, мисол учун 300-500 йил эмас, 1000 йил ётса ҳам чиримаслиги турган гап. 

Чиқинди эволюцияси Ҳар йили дунё сув ҳавзаларига ташланадиган чиқиндилар миқдори ҳисоблаб чиқилганда ўртача 8-11 миллион тоннани ташкил этган. Экспертларнинг баҳосига кўра бу рақам 2040 йилга бориб 30 миллион тоннага етиши мумкин. Тадқиқотчиларнинг халқаро гуруҳи денгиз сувлари, дарёлар, соҳиллар ва денгиз тубидан топилган чиқиндиларни таҳлил қилгач, ахлатлардан қарийб ярми (44 фоизи) озиқ-овқат ва ичимликлар билан боғлиқ экани маълум бўлган.

«Ташлаб юборилган елимхалталар, шишалар, озиқ-овқат солинадиган бир марталик идишларни кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайди киши. Улар дунё миқёсида олганда жами ахлатнинг деярли ярмини ташкил қилади», – дея изоҳ беради тадқиқот гуруҳи раҳбари, Кадис университети (Испания) вакили Кармен Моралес. Олимлар шундай хулосага келишди: пандемия ушбу муаммони кучайтирган, чунки бутун дунёдаги одамлар кафе ва ресторанлардан воз кечиб, дўкон ва емакхоналардан тайёр таом сотиб олишга мажбур бўлишган.

Янада ҳайратланарлиси, пластиклар чиқиндиси сув ҳавзаларида янги экотизимни пайдо қилганидир. У бир қанча организмлар – ҳатто денгиз ҳайвонлари-ю пластикхўр бактериялар учун бошпанага айланди. Олимлар Нидерландия қироллик университети биологи Линда Амарал-Зетлернинг 2013 йилдаги таклифини ёдга олишди. Ўшанда у илмий ҳамжамиятга юзланиб, янги пластисфера атамасини қўллашни таклиф этганди. Бу атама океандаги пластик чиқиндилар устида кун кўрувчи организмлар туркумини англатади. Дастлаб бу туркумга фақат бактерия ва замбуруғлар киритилган, кейинчалик олимлар рўйхатни кенгайтириб, унга янада мураккаб жониворлар – чиғаноқлар, медузалар ва шилимшиқларни ҳам қўшишди. Улар пластикка ёпишиб кун кўрадиган жониворлар эди. Бунақа жонзотларнинг кўпайиши ва кенг ёйилиши айнан пластик муҳитнинг тарқалиш даражасига чамбарчас боғлиқ.

Океанлар сатҳида сузиб юрган чиқиндиларни ўрганган америкалик ва канадалик биологлар гуруҳи яна бир янгиликни илгари сурди. «Пластик қолдиқлари устида яшайдиган организмларнинг айрим турлари нисбатан яқинда пайдо бўлган. Уларни денгизда яшовчи жониворларга нисбатан “ўзга сайёраликлар” деб аташ мумкин», – дейишди улар.

– Бактериялар сузувчи ахлатлардан океан орқали ўтувчи транспорт сифатида фойдаланишни ўрганиб олишди, – дейди тадқиқотчилар раҳбари, биолог Линди Харам. – Жониворлар чиқинди-транспортда ойлаб, йиллаб 6 минг километр­гача сузиб юриб, ўзларидан олдин яшаган аждодларига хос бўлмаган хусусиятларга эга бўлишмоқда. Жониворлар оқим ёрдамида қарама-қарши қирғоққа чиқишганида уларнинг авлодлари бутунлай янги биологик турга айланган бўлишади.

Олимлар кўз ўнгимизда «чиқинди эволюцияси» содир бўлаётганини эътироф этмоқда. Ҳозирги замон тадқиқотчилари илгари бунақа ҳодиса кузатилмаганини ҳам айтишаяпти.