Китобхонлик — жиноятдан асрайди

18:09 - 03.03.2022

4

Хоразм вилояти прокуратураси органлари болалар ҳақидаги қонунлар ижросини мунтазам равишда назорат қилмоқда. Хусусан, 2021 йилда 198 та назорат тадбири ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди. 144 та ноқонуний қарор ва буйруққа протест келтирилди, қонун бузилишини баратарф этиш ҳақида 169 та тақдимнома киритилди.

Ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида профилактик чоралар кучайтирилди. Айрим ўқувчилар билан ички ишлар органлари ходимлари томонидан таянч пунктларида суҳбатлар олиб борилди. Зарур ҳолларда болалар ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди. Болалар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича 7391 та учрашув ўтказилиб, оммавий ахборот воситалари орқали 864 та чиқиш қилинди. Шунга қарамасдан вояга етмаганлар томонидан 2021 йилда 41 та жиноят содир этилган. Уларнинг сабабларини бартараф қилиш чоралари кўрилмоқда. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги тадбирлар таҳлил қилиб борилаяпти. 2021 йилда ўтказилган назорат тадбирларида 26 та ноқонуний қарорга протест келтирилди, шунингдек 14 та тақдимнома киритилди.

Сирдарё вилояти прокуратураси тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Хоразмдаги мактаб кутубхоналарининг аҳволи ўрганилди. Бу жараёнда ҳар бир ўқувчига 3 тадан китоб тўғри келаётгани, қўшимча 710 432 дона китобга эҳтиёж борлиги аниқланди. Ушбу эҳтиёжни босқичма-босқич қоплаш мақсадида мактабларнинг собиқ битирувчилари, ҳокимликлар ёрдамида «Фарзандимга китоб совға қиламан» акцияси ўтказилиб, ўқувчиларга 22500 дан зиёд китоб совға қилинди.

Бундан ташқари, прокурор секторидаги 9 та мактабга 68 та компьютер тақдим этилди. Ўқувчиларнинг электрон китоблардан фойдаланиши учун 44 та мактаб кутубхонасига компьютер ва принтер ўрнатилиши таъминланди. Шунингдек, Наманган вилояти прокуратураси тажрибаси асосида 25 нафар болага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олиб берилди.

Вилоятда болаларни мактабгача таълим ташкилотларига жалб этиш борасидаги ишлар ҳам назорат қилинмоқда. Таҳлиллар таълим қамровини оширишда оилавий боғчаларнинг ўрни катталигини кўрсатди. Шу сабабли хусусий боғча ташкил қилиш истагидаги фуқароларга ёрдам кўрсатилаяпти. Бу борада учрайдиган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Умуман болалар билан боғлиқ барча ҳужжатларнинг ижроси назорат қилинмоқда. Бу борадаги мурожаатлар ўз вақтида ўрганилмоқда. Мақсадимиз болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб таълим олишини таъминлаш, яшаш шароитини яхшилашдир.