Ростдан ҳам шундайми?..

16:57 - 01.03.2022

20

— Яқинда икки одамнинг суҳбатига гувоҳ бўлдим, — дейди Сергели туманидан Й.Юсупов. —   Улар йўл ҳаракати қоидасини бузганлик учун қўлланадиган жарима бўйича тортишаётган эди. Ҳайдовчи бўлганим учун уларнинг суҳбатига эътибор бердим. Маълум бўлишича, уларнинг иккаласи ҳам спиртли ичимлик истеъмол қилиб автомобиль бошқаргани учун жаримага тортилган. Улардан бири шеригига спиртли ичимлик истеъмол қилиб автомобиль бошқарган пайтида ички ишлар ходими ушлаб, маст ёки маст эмаслигига ойдинлик киритиш учун текширувдан ўтишни таклиф қилганда у экспертизага боришдан бош тортганини ва бу ҳолат тиббий экспертизага боргандан кўра камроқ жарима тўлашига сабаб бўлганини тушунтирарди. Иккинчиси эса худди шундай вазиятга тушиб қолганида тиббий экспертизадан ўтгани ва унга маъмурий баён расмийлаштирилгани ҳамда шеригидан бир неча баробар кўп жарима тўлаганини айтиб, афсусланди.

Улар ҳатто тўлаган жарималарини ҳам аниқ айтишди. Ушбу ҳолатни таҳлил қилар эканман, текширувдан бўйин товлаш учун белгиланган жарима миқдори анчагина кам экан деган фикр туғилди. Ростан ҳам шундайми? Бу қайси қонунда кўрсатилган?

Мазкур ҳолатлар бўйича жавобгарлик масаласи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131- ва 136-моддаларида белгилаб қўйилган.

Хусусан, кодекснинг 131-моддасига кўра ҳайдовчининг транспортни алкоголли ичимликдан, наркотик модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши уни транспортни бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. 136-моддасига кўра эса транспорт ҳайдовчисининг алкоголли ичимликдан, наркотик модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлиги ёки маст эмаслигини белгиланган тартибда аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши уни транспортни бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳақиқатан ҳам мазкур ҳолат борасида таажжубланишга асос бор. Айбини тан олган кўпроқ жарима тўлайди, қилмишидан бўйин товлаган эса камроқ жарима тўлайди. 

Агар ҳайдовчи маст бўлмаса, экспертизадан ўтишдан қўрқмайди. Аксарият ҳолларда спиртли ичимлик ичган фуқаро тиббий экспертизадан бўйин товлаши кундек равшан. Биз мазкур масала бўйича тегишли идоралардан изоҳ сўраб қоламиз.