Талон-торож бўлган нафақалар

09:55 - 28.02.2022

13

Ижтимоий қонунчилик ижроси устидан назоратда асосий эътибор аҳолининг ёрдамга муҳтож тоифаларини ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилмоқда. Қўрғонтепа туманида нафақа тайинлаш тартиби дастурлаштирилиб, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» орқали нафақа тайинлаш белгиланган бўлса-да, ҳалиям айрим масъуллар турли қонунбузарликларга йўл қўймоқда.

Тайинланган нафақа ва пенсияларни ўз вақтида тўламаслик, ҳатто талон-тарож қилиш ҳолатлари ҳам кузатилаяпти. Амалдаги тартибга мувофиқ бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими томонидан аҳолига тайинланган нафақа ва пенсияларнинг тўланиши ҳар ойда мониторинг қилиниши лозим. Бироқ мониторинг йўлга қўйилмагани оқибатида «Халқ банки» филиалидан ишдан бўшаб кетган Ш.Ш. банкдаги ишини давом эттириб, фуқаро О.У.нинг 3,8 млн. сўм пенсия пулини, 37 кишининг 98 млн. сўм нафақасини ўзлаштириб юборган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан жазо тайинланган.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ҳам қониқарли деб бўлмайди. Марказга иш сўраб мурожаат қилган 5941 кишининг 4554 нафари иш билан таъминланган. Шу каби иш излаб чет давлатларга бориб келган 4709 нафар фуқародан 409 нафари ишга жойлаштирилмаган.

Иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши юзасидан ҳам назорат ўрнатилган. Жумладан, 2021 йилнинг август ойида жамоат саломатлиги техникуми ўқитувчиларининг 3 ойлик иш ҳақи тўланмаётгани ҳақидаги мурожаати асосида уларнинг 145 млн. сўм иш ҳақи тўлаб берилиши таъминланди.