4 бола жонига қасд қилган

09:47 - 28.02.2022

14

Close-up Of Businessperson Hands Checking Invoice With Magnifying Glass At Desk

2021 йилда Қўрғонтепа тумани прокуратураси қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга қаратилган бир қатор ишларни амалга оширди. Жами 124 та текшириш ўтказилиб, аниқланган 400 га яқин қонун бузилишини бартараф этиш ҳақида масъул раҳбарларга 99 та тақдимнома киритилди. Қонунга зид 69 та ҳужжат прокурор протести асосида бекор қилинди ва қонунга мослаштирилди. 33 нафар мансабдор интизомий, 161 таси эса маъмурий жавобгарликка тортилди.

Фуқаролар, тадбиркорлар ва давлатнинг манфаатини кўзлаб судларга ўндан ортиқ ариза киритилди. 52 та жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилди. Ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 632 нафар фуқаро ва юридик шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Прокуратура кўмагида 119 нафар болага дори-дармон ва ногиронлик аравачаси олиб берилиши таъминланди. Масъул раҳбарларнинг бу борадаги ҳаракатсизлигига нисбатан чора кўриб борилди. Чунончи, туман ички ишлар бўлими томонидан ўтган йилнинг 1-ярмида 66 нафар ота-онага нисбатан қўзғатилган маъмурий иш ўз вақтида кўриб чиқилмагани юзасидан ҳоким ўринбосарига интизомий чора кўрилган.

Ачинарлиси, 4 та бола ўз жонига қасд қилган. 7 бола жиноят содир этган. Бундай қилмишлар бола тарбиясида муаммо борлигини кўрсатади.

Халқ таълими тизимида ҳам бир қатор муаммолар тўпланиб қолган. Чунончи, мактаблар қамров стандартига кўра 28402 нафар ўқувчига мўлжалланган. Бироқ уларда 36016 ўқувчи таълим олмоқда. Бундан ташқари, 29 та мактабда 55 та ўқитувчи, 61 та мактабда 180 та доска, 72 та стол, 150 та парта, 50 та спорт ва 25 та компьютер синфи, 61 та лаборатория жиҳози, 14 та спорт зали етишмайди.

Қайд этиш жоизки, бултур мактабни тамомлаган 2426 ўқувчидан фақат 871 нафари, яъни 35,9 фоизи олий таълим муассасаларига қабул қилинган. Бу албатта кам!