“Милтиқни ёмон ниятда сақламаганман…”

16:21 - 25.02.2022

17

OLYMPUS DIGITAL CAMERA

Турсун Турдиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) отасидан қолган милтиқни уйида сақлаб келади. Рухсатномасиз қурол сақлаш қонунга зидлигини яхши билади, аммо уни ИИБга топширишга юраги дов бермайди. Кун келиб унинг лоқайдлиги қимматга тушди.

Ургут тумани ИИБ ходимлари ўтказаётган тадбир давомида Т.Турдиевнинг уйида қурол сақлаб келаётгани аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинди. Экспертиза хулосасида Т.Турдиевнинг уйидан топилган «ИжК» русумли ов милтиғи отиш учун яроқли эканлиги, у 1956 йилда СССРнинг Ижевск шаҳридаги қурол заводида саноат усулида ишлаб чиқарилгани кўрсатилган. Судда Т.Турдиев айбига тўлиқ иқрор бўлди. У «Милтиқ марҳум отамга тегишли бўлган, қуролнинг ҳужжатлари бор-йўқлигини билмайман. Қуролдан фойдаланмаганман, уни ёмон ниятда сақламаганман. Қилмишимдан пушаймонман, аввал судланмаганимни, қарамоғимда 4 та фарзандим бўлиб, ягона боқувчи эканлигимни инобатга олиб қонуний енгиллик бериш­ларингизни сўрайман» деб кўрсатма берди.

Гарчи Т.Турдиев қуролдан фойдаланмаган бўлса-да, қонунни бузди. Суд ҳукми билан унга ойлик иш ҳақининг 10 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланди. Милтиқ давлат эгалигига ўтказилди.