“Нариги тарафда юкларим бор…”

10:53 - 24.02.2022

17

У айланма йўллар орқали бировларнинг юкини чегарадан олиб ўтиб тирикчилик қилиб юрган кезлари Маҳмудахон (исм-фамилиялар ўзгартирилган) билан танишиб қолган эди. Пандемия туфайли уйда ўтириб қолган кунларининг бирида савдогар аёл қўнғироқ қилди.

– Нариги тарафдан олиб ўтган юкларимни машинада ташиб берсангиз, айтган  пулингизни бераман, – деб қизиқтириб қўйди. Файзулла ўртоғи Йўлчини эслади. У иш йўқлигидан, тушум озлигидан нолиган эди. «Иш чиқиб қолса бегона қилманг» деганди. Унинг «Дамас»ида Маҳмудахон айтган жойга, Фарғона туманининг Қирғизистон билан чегарадаги Майдон қишлоғига бориб, хонадонлардан биридаги телевизорларни ортиб ортга қайтди. Маҳмудахоннинг Бағдод туманидаги уйига элтиб берди. Савдогар аёл ҳар бир телевизор учун катта-кичиклиги, нархига қараб 20-25 минг сўмдан ҳақ берди. «Юкни олдим, пулини Файзулладан бериб юбораяпман, – деди телефонда қўшни давлатдаги  шериги Сайфиддинга. – Сотиб бўлсам яна айтаман». Қирғизистон бозоридан харид қилиниб, Ўзбекистонга яширинча олиб ўтилган телевизорларни Қўқон бозорида бир ярим баробар қимматига  пуллагани сайин иштаҳаси карнай бўлиб бораверди. Файзулла Йўлчининг машинасида яна бир неча марта юкни беишкал етказиб берди. Маҳмудахон  энди йирик ишга қўл урди.

14 сентябрь куни Сайфиддинга қўнғироқ қилди. У бир неча кун давомида Фарғона туманининг Қўрғонтепа қишлоғидаги чегарадан яширинча олиб ўтган 140 та телевизорни 27 сентябрда Файзулланинг уйига жўнатиб юборди. Маҳмудахон Файзуллага қўнғироқ қилди. У «тушдан кейин элтиб бераман» деди. Юк кўплиги учун бу сафар Йўлчининг укасига тегишли «Мэрседес-Бенц» русумли юк машинасига юклади. Кечаси Маҳмудахоннинг уйига етказиб берди. Аёл Файзулла ва Йўлчига 10 млн. 220 минг сўм ҳақ берди. Файзулладан Сайфиддинга телевизорларнинг пули – 16 780 АҚШ долларини бериб юборди.

Ўша куни кечқурун Тошкентга отланди. Товарларни улгуржи бозорда пулламоқчи эди. «Smart», «Smart-max», «Wi Fi» русумли 140 та телевизор, «Техномир» русумли 23 та чангюткични юк машинасига ортиб, йўлга чиқмоқчи бўлиб турганида ҳовлига божхона, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари холислар билан бирга кириб келишди. Маҳмудахон машинадаги товарларнинг ҳужжатларини тақдим эта олмади. Улар белгиланган тартибда расмийлаштириб олинди. Баҳоловчи жамиятнинг хулосасида қайд этилишича, товарларнинг умумий қиймати 216 млн. 550 минг сўмга тенг. 

Белгиланган тартибда рўй­хатдан ўтмай улгуржи савдо билан машғул  ишбилармон аёл – жиноий тўда етакчиси шерик­ларини огоҳлантириб, фаолиятини вақтинча тўхтатди. Бироқ «ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» деганларидек, яна ишга киришди. Суриштирув, тергов давом этаётган бир пайтда тағин Қирғизистондаги шериги билан маслаҳатлашди. Сайфиддин юкни қабул қилиб сотиб бера оладиган танишининг телефон рақамини берди.  Маҳмудахон у билан боғланиб, телефон рақамини Сайфиддиндан олганини айтди. Шаҳрихонлик Турғунбой унинг телевизор сотиб фойда кўриш ҳақидаги таклифини жон деб қабул қилди. Турига қараб нархини белгилашни келишиб олишди. Декабрь ойининг сўнгги кунлари Сайфиддин Маҳмудахонга чегарадан беш-олтитадан телевизор ўтказиб бериб турди. Товар вақтинча Файзулланинг Хонқиз қишлоғидаги уйида турди. 22 декабрь куни Файзулла Маҳмудахонга 93 та телевизор олиб ўтилганини айтиб, қаерга элтиб берай деб сўради. 

– Шаҳрихонга олиб бориб, Турғунбой деган одамга топширасиз, мен тайинлаб қўяман, қабул қилиб олади, – деди Маҳмудахон ва унинг телефон рақамини берди.

Телевизорларни Йўлчи бошқарувидаги «Мэрседес-Бенц»га ортишди. Эрталаб йўлга чиққан машинадан ҳам, шаҳрихонлик харидордан ҳам хабар йўқ. Маҳмудахон ўзини қўярга жой топа олмай, ҳайдовчи ва Турғунбойга қайта-қайта қўнғироқ қилди-ю боғлана олмади. Кечаси соат ўнларда ниҳоят уланди. Турғунбой юк келмади дегач, Файзуллага қўнғироқ қилди.

– Иш чатоқ, – деди у. – Йўлчини Қуванинг Мингчинор қишлоғи яқинида божхоначилар тўхтатишибди. Юкнинг ҳужжатини кўрсатолмаганидан кейин телевизорларни олиб қўйишибди.

Маҳмудахон Сайфиддин бехабар-ку дея тағин таваккал қилди. Орадан икки кун ўтиб қўнғироқ қилганида Сайфиддин яна 92 та телевизорни чегарадан ўтказиб беришга тайёрлаб қўйган экан. Эртаси куни соат ўн бирларда «ўтказиб қўйдим, олиб кетинг» деди. Маҳмудахоннинг топшириғи билан Файзулла телевизорларни чегара яқинидаги ҳовлидан Йўлчининг машинасига юклаб бағдодлик Иқбол деган одамнинг уйига элтиб берди. Орадан бир кун ўтиб яна 50 та телевизорни Иқболнинг уйига туширишди. Маҳмудахон телефонда шаҳрихонлик Турғунбойга юкни олиб кетгани машина юборишни тайинлади.

26 декабрь куни кечки пайт соат олтиларда телевизорларни шаҳрихонлик шериги юборган «Исузу» русумли юк машинасига ортишди. Бироқ бу сафар ҳам жиноий тўданинг режаси барбод бўлди. Машинани Бағдод туманида Фарғона вилояти божхоначилари тўхтатишди. Юкхонадаги картон қоғоз ортига яширилган 148 та ҳужжатсиз телевизорни ашёвий далил тариқасида олишди. Жиноий гуруҳ аъзолари ушланиб, жиноят иши қўзғатилди. Ишнинг хориждаги Сайфиддинга тааллуқли қисми алоҳида юритувга олинди.

Маҳмудахон, Файзулла, Йўлчи ва Турғунбой дастлабки тергов ва судда айбига иқрор бўлишди. Судланувчиларга қилмишларига яраша жазо тайинланди. Чангютгич ва телевизорлар давлат ҳисобига ўтказилди. Юқоридаги мисолда кўрганимиздек, жиноят фош этилмасдан қолмайди.