Довондаги ҳалокат

10:32 - 24.02.2022

13

Катталаримиз йўлга чиқаётган пайтимизда бекорга «Йўлинг бехатар бўлсин», «Аллоҳим паноҳида асрасин» дея дуо қилишмаган. Сафарга отланганда аввало йўл ҳаракати қоидасига амал қилиш, шу билан бирга уловнинг созлигига эътибор бериш керак.

2021 йилнинг май ойи охирларида ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида  7 та машина иштирокида содир бўлган авария акс этган видеолавҳалар тарқалди. Тўқнашув оқибатида «Ласетти» автомобили ёниб кетгани, унинг ичида эса йўловчи қолиб кетгани айтилган эди. Воқеа 24 май куни соат 9:30 ларда Ангрен шаҳридан ўтувчи А-373 автомобиль йўлининг 184-километрида, Наманган – Тошкент йўналишида юз берган. Унга тиркамали MAN юк автомобили сабабчи бўлган. Оқибатда 7 киши ҳодиса жойида вафот этган. Яна бир неча киши турли даражада жароҳат олиб, шифохонада даволанди. Мазкур ҳодиса бўйича тергов олиб борилди, унда воқеа қандай содир бўлгани ва айбдорлар аниқланди.

Маълумки, Қамчиқ довони йўлидан оғир юк автомобилларининг юришига чеклов бор. Яъни, довон йўлига отланган юк автомобилларининг вазни ва ҳажми довонга чиқишдан олдин махсус тарозидан ўтказилади. Агар улар белгиланган ҳажм ва вазндан ортиқ бўлса, бундай автомобиллар довонга чиқарилмайди. Бу каби ҳолатлар асосан юк ортилган автомобилларда кузатилади. Ўша кунги автоҳалокатга ҳам бир томондан шу омил сабаб бўлган.

2021 йил 24 май куни У.Мадалиев шериги И.Тошалиев билан Тошкент вилоятидан водийга қараб сафарга чиқишади. Улар шу куни тунги соат 1:36 да «Қамчиқавтойўл» ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига қарашли махсус тарозига етиб келишади. У.Мадалиев бошқарувидаги «MAN» юк автомашинасига уланган тиркама юкка тўла эди. Ўша куни тарозида корхона инспектори Муроджон Жумаев ҳамда Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори Акрамжон Мўминов навбатчилик қилаётганди. У.Мадалиев тиркамани назорат тарозисига қўйганида унга меъёрдан ортиқ 40 тоннаю 120 кг юк ортилгани аниқланади. Бу маълумотни корхона инс­пектори М.Жумаев А.Мўминовга етказади. ЙПХ инспектори мазкур ҳолат бўйича У.Мадалиевга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баён расмийлаштиради. Аммо иккала жавобгар шахс ҳам Вазирлар Маҳкамасининг «Транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилишни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори талабларига зид равишда, меъёрдан ортиқ ортилган юкни камайтириш чорасини кўрмасдан, мазкур автомашинанинг довон йўлида ҳаракатланишда давом этишига рухсат бериб юборишади.

Шунингдек, текширишда Асадулла Топволдиевга тегишли бўлган тиркаманинг тормоз тизими конструкцияси ўзгартирилгани оқи­батида меъёр ва талабларга мос келмаса-да, «MAN» юк автомашинасига улаб фойдаланиб келингани аниқланди. Бу шахс мазкур транспортни бошқариш ҳуқуқи бўлмаган ўғли И.Тошалиевга топшириб қўйган экан. Ўғли эса уни бошқаришни У.Мадалиевга топшириб, ўзи йўловчи сифатида кузатиб юрган. Хуллас, У.Ма­далиев бошқариб кетаётган юк автомобили М.Жумаев ҳамда А.Мўминовнинг масъулиятсизлиги туфайли йўлда давом этиб, довонга кўтарилиб бораверади. Соат 9:30 да автомашина бошқарувида бўлган У.Мадалиев довондан Ангрен шаҳрига кириб боришда йўл-транспорт ҳодисаси натижасида пайдо бўлган енгил автомашиналар тирбандлигини кўриб, автомашинасини секинлатиш мақсадида тормозни босади. Аммо тиркаманинг тормоз тизимида носозлик борлиги ҳамда меъёридан ортиқ юк ортилгани туфайли автомобиль мўлжалдаги масофада тўхтамайди. Шундан сўнг ҳайдовчи бошқарувни йўқотади. Юк машинаси ўнг томонга ағдарилади, унга уланган тиркама эса ўзининг инерцияси билан ёнбошлаб қолган юк машинасини суриб бораверади. Оқибатда юк машинаси тирбандликда турган «Ласетти», «Нексия», «Кобалт» ҳамда «Матиз» русумли автомашиналар билан тўқнашади. Ҳатто «MAN»га уланган тиркама ушбу машиналарнинг устига ағдарилиб, уларнинг бир нечтасини босиб қолади.

Мазкур ҳодисада юк машинаси ҳайдовчиси У.Мадалиев, унинг ёнида бўлган И.Тошалиев, енгил автомобилларнинг йўловчилари Т.Иб­роҳимова, Ш.Абдумуродов, Б.Эш­қувватов, М.Иномалиев ва А.Маматовлар воқеа жойида ҳалок бўлади. Фуқаро И.Ёрқулов, У.Сулаймонова, А.Раҳмоналиев ва У.Эшқувватовалар оғир жароҳат билан шифохонага етказилади. И.Абдуллаев ўртача оғир, Т.Абдумуродов, Х.Иброҳимова, М.Тоғаева ва Р.Қурбонбоевлар эса енгил жароҳат олишади.

Жиноят ишлари бўйича Поп тумани суди томонидан йўл-транспорт ҳодисасига сабабчи бўлган шахс­ларнинг жиноят ишлари кўриб чиқилиб ҳукм ўқилди. Унга кўра «Қамчиқавтойўл» корхонаси инспектори Муроджон Жумаев ҳамда Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори Акрамжон Мўминовга уч йил, А.Топволдиевга эса беш йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, судланувчилардан жабрланувчиларга етказилган зарар ундириб бериладиган бўлди.