Муҳим иқтисодий ва ижтимоий лойиҳалар кўриб чиқилди

09:09 - 22.02.2022

8

Президент Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни Тошкент шаҳрида кўп квартирали уй-жой фондини бошқаришни такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш, маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ҳамда геология соҳаси ва кимё саноатидаги инвестиция лойиҳалари билан танишди.

Коммунал хизматлар миллионлаб аҳоли турмушига дахлдор масала. Илгари кўп қаватли уйларга хизматни фақат мулкдорлар ширкати кўрсатар, техника ва мутахассислар етишмаслиги сабабли унинг сифати паст эди. Бугунги кунда эса бошқа бошқариш шакллари ҳам жорий қилинган.

2020 йилда тажриба тариқасида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 110 та кўп қаватли уй қонунчиликда белгиланган тартибда бошқарув компанияларига берилган эди. Бу тажриба 2021 йилда барча вилоят марказлари, Чирчиқ ва Ангрен шаҳарларида давом эттирилиб, 15 та бошқарув компанияси томонидан хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.

Масалан, Навоий шаҳридаги 116 та кўп қаватли уйга битта бошқарув компанияси томонидан хизмат кўрсатилган бўлиб, муддати ўтган қарздорлик 2 баравар қисқарган. Бу компания 34 турдаги махсус техника олиб, аҳоли ва тадбиркорларга 20 дан ортиқ янги хизматларни йўлга қўйган.

Давлатимиз раҳбари бу тизимни кенгайтиришни рағбатлантириш кераклигини, йил якунигача бошқарув компаниялари томонидан хизмат кўрсатишни Тошкент шаҳрининг барча хизмат сифати паст туманларида жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Хизматларидан аҳоли рози бўлган ширкатлар ва уй-жойни бевосита бошқарувчилар бундан мустасно эканига алоҳида эътибор қаратилди.

– Бу ишларни тизимли ташкил этишимиз лозим. Ахир бу одамларимизнинг кундалик муаммолари, уларни ҳал этмасак, халқимиз биздан рози бўлмайди, – деди Президент.

Бунинг учун махсус ишчи гуруҳ жойларга чиқиб, уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти, аҳоли фикрларини ўрганади,  ширкатлар ва бошқарув компанияларининг молиявий муаммоларини ҳал этиб боради.

Фаолияти ва молиявий аҳволи қониқарсиз бўлган ширкатлар ҳудудини очиқ танлов асосида бошқарув компанияларига бериш масаласини ўрганиш топширилди.

Умуман, уй-жой бошқарув компанияларига муайян имтиёз ва енгилликлар берилиши қайд этилди. Жумладан, улар фойда ва мулк солиғидан озод этилади, ижтимоий объектларга аутсорсинг асосида хизмат кўрсатиш учун тўғридан-тўғри шартнома тузишга рухсат берилади, махсус техника ва ускуналар сотиб олишга 90 миллиард сўм кредит ажратилади ва фоизларининг бир қисми қоплаб берилади, импорт қилинадиган ускуна ва техникаларга божхона божлари келгуси 3 йилда “ноль” ставкада қўлланилади, тугатилаётган ширкатларнинг муаммоли кредитлари 3 йилга музлатилади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига бундай ишларни барча ҳудудларда ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Тақдимотда 2022 йилда иссиқлик таъминоти тизимида амалга ошириладиган лойиҳалар тўғрисида ҳам маълумот берилди.

Хусусан, жорий йилда 10 та қозонхонани модернизация қилиш ва 2 та янги қозонхона қуриш, 120 километр иссиқлик тармоқларини янгилаш, натижада 24 минг 400 та хонадон ва 51 та ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик энергияси таъминотини яхшилаш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир маҳалланинг иқтисодий, ижтимоий, илмий маркази бўлиши кераклигини айтган эди.

Тақдимотда шу борада Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган ишлар ҳақида ахборот берилди. Қайд этилганидек, маҳаллаларда болалар ва спорт майдончалари қурилади, йўлаклар тартибга келтирилиб, дарахтлар экилади. Бунинг учун 579 та маҳалланинг ҳар бирига бюджетдан 1 миллиард сўмдан ажратилган.

Президентимиз бу маблағдан самарали фойдаланиш, зарур бўлса, маҳаллий бюджетдан қўшимча ресурс йўналтириш бўйича кўрсатма берди. Бошқарув компанияларини жалб қилиб, 2 мингта кўп қаватли уйларни жорий ва капитал таъмирлаш кераклиги айтилди.

Маълумки, юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Хусусан, бу йил пойтахтимизда 1 миллион туп манзарали ва мевали дарахтлар экиш режалаштирилган. Тақдимотда шу борадаги ишлар ҳақида туманлар ва кўчалар кесимида маълумот берилди.

Тақдимотда Миллий боғ ҳудудида барпо этилиши режалаштирилган Давлат санъат музейи лойиҳаси, хусусан, дунёга машҳур “Ателье Брукнер” архитектура бюроси томонидан тайёрланган кўргазмалар, экспозициялар ва бошқа хоналарнинг жойлашуви режаси кўриб чиқилди.

Геология соҳасида амалга ошириладиган ишлар тақдимотида юқори технологик металлар қазиб чиқариш режалари баён қилинди. Жумладан, мис, ноёб металлар, магний, литий ва графит захираларини ўзлаштириш, углевород хомашёси бўйича қидирув ишларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбарига мамлакатимиз кимё саноатида амалга ошириладиган лойиҳалар тўғрисида ҳам ахборот берилди.

Хусусан, умумий майдони 31 гектардан ортиқ “Чирчиқ” кимё индустриал технопарки барпо этилмоқда. 2022 йилда технопарк ҳудудида жами 16,5 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, полимер термоэластопласт компонентлари, кўпиктирилган полипропилен, микробиологик препаратлар, қоғоз, косметика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мўлжалланган.

Тошкент вилоятида фосфорли ва мураккаб турдаги минерал ўғитлар, “Навоийазот” негизида эса калий нитрат ва сульфат, метанолдан пропилен ва бошқа кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, соҳага рақамли технологияларни жорий қилиш, Кимёвий илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластерини ташкил этиш лойиҳалари кўриб чиқилди.

Мутасаддиларга тақдимот қилинган лойиҳаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди.