Уйланиш — зинокорликдан асрайди

09:38 - 22.02.2022

26

Дунёда ҳамма нарса жуфт яратилган. Ой ва қуёш, кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл, мусбат ва манфий ва ҳоказо. Моҳиятан уларнинг ҳар бири иккинчисига ҳар жиҳатдан эҳтиёжлидир. Мавжудотлар ҳаётда мана шу жуфтлик билангина барқарор бўлади. Ушбу жуфтликни инсон мисолида оладиган бўлсак, эр киши турмушда фақат аёли билан таскин ва роҳат топиши мумкин. Ёлғиз ҳолда ўз саодатини ҳис қила олмайди. Аллоҳ тақдир қилган ҳаёти жуфтисиз барқарор бўлмайди. Ислом динида оилага катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, оила аъзоларининг ҳуқуқлари, фарзанд тарбияси, оилада чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш, умуман оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб топиш мумкин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қиладики: «Сизлар эслатма олишларингиз учун биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик» (Зориёт, 49).

Аллоҳнинг ҳикматини қаранг, мавжудотларнинг энг олийси – одамзодни ҳам ўз жуфти билан бир-бирига ҳеч қайси жиҳатдан ўхшамаган, туриш-турмушда, феъл-атворда, муносабатда, фикрлашда фарқли ва айни пайтда бир-бирини тўлдирадиган қилиб яратган. Шунингдек, «Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди…» (Наҳл, 72). Яна бир оятда «Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бор» (Рум сураси, 21).

Ислом динида никоҳ – Аллоҳнинг амри, пайғамбар (с.а.в.)нинг суннати билан, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида боғланадиган муқаддас риштадир. Динимизда оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Пайғамбаримиз (с.а.в) никоҳланиш фақат ўзининг суннати эмас, балки ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам суннати эканини айтган. Жумладан, Қуръони каримнинг «Раъд» сураси 38-оятида «Дарҳақиқат, сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз» деб марҳамат қилинади.

Пайғамбаримиздан (с.а.в) бу борада ривоят қилинган ҳадисларнинг бирида «Эй йигитлар, сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса, уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, зинокорликдан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи унга тўсиқ бўлсин» дейилган (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти). Пайғамбаримиздан (с.а.в) яна шундай ҳадис бор: «Ким уйланган бўлса, динининг ярмини мукаммал қилибди, қолган ярмида Аллоҳга тақво қилаверсин» (Табароний, Байҳақий, Ҳоким ривояти). Пайғамбаримиз (с.а.в) яна бир ҳадисида «Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан воз кечса, у мендан эмас (яъни, умматимдан эмас)» деган.

Ислом динида оилага муқаддас даргоҳ сифатида қаралади. Жумладан, Абу Масъуд Ансорийдан нақл қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) «Кишининг топган молини ўз оиласига сарфлаши ҳам садақа ва эҳсондир» деган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) яна бир ҳадисида «Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади» деб марҳамат қилган.

Яна шуни унутмаслик керакки, аёл эрининг итоатида бўлиши туфайли Аллоҳнинг розилигига эришади. Ўзини, эрини ва фарзандларини ҳам бахтли қилади. Уйини эса тўлиқлигича муҳаббат, роҳат-фароғат, омонлик ва барқарорлик билан таъминлайди. Хусусан, пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладики, «Қайси аёл эри ундан рози бўлган ҳолда ўлса, жаннатга киради» (Ибн Можа ривояти).

Айни пайтда ислом манбаларида оилани мустаҳкамлашга қанча чақирилган бўлса, уни бузишдан шунча қайтарилган. Зеро, оила фаровонлиги – миллий фаровонлик асосидир. Халқимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, энг қимматли анъаналар: ҳалоллик, ростгўйлик, ор-номус, шарм-ҳаё, меҳр-оқибат, меҳнатсеварлик каби барча инсоний фазилатлар энг аввало оилада шаклланган.

Баҳодир МУҲАММАДИЕВ,

Кулолқўрғон жоме масжиди имом ноиби