«Менга трасформатор керак!»

15:13 - 21.02.2022

17

Тўрткўл тумани прокуратураси 2021 йилда 141 та тадбиркорлик субъектига ёрдам кўрсатди. 14 та тадбиркорлик субъекти янгидан ташкил топиб, 89 та иш ўрни яратилди.

Масалан, «Тўрткўлли Жонибек Мубина» МЧЖ ускуна ва жиҳозлар сотиб олишга «Миллий банк»нинг туман филиалидан 70 млн. сўм кредит олди. Тадбиркор З.Абдаловага тикувчиликни йўлга қўйиши учун банкдан 33 млн. сўм кредит ажратилди.

Бундан ташқари, тадбиркор С.Камолова туман прокуратурасига мурожаат қилиб, ўзига тегишли бинода нон ишлаб чиқаришни бошлаш учун янги трансформатор кераклигини билдирган. Ушбу мурожаатни ўрганиш давомида бинога янги электр линияси тортиб берилди.

Шунингдек, туман солиқ инспекцияси билан ҳамкорликда 64 та тадбиркорлик субъекти томонидан тўланган 333,5 млн. сўм ортиқча тўлов қайта ҳисоб-китоб қилиниб, тадбиркорларга енгиллик яратилди. Шунингдек, ҳунармандчиликни қўллаш, устоз-шогирд анъанасини давом эттиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туман прокурори масъул бўлган 2-сектордаги «темир дафтар»га киритилган эҳтиёжманд ва камбағал оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзолари ҳудуддаги ҳунармандларга бириктирилди. Натижада 14 нафар ёш ҳамда 22 нафар аёл иш билан таъминланди. 

Тарғибот натижасида ногирон фуқаро Х.Қўчқоров дурадгорлик билан шуғулланиш истагида эканини, кредит ажратилса, ишлаши мумкинлигини билдирган. Туман прокуратурасининг ёрдами билан унга 30 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилди. Сектор ҳудудидаги 71 оилага субсидия асосида иссиқхона қуриб берилди. Бугунги кунда улар етиштирган маҳсулотини халқимиз дастурхонига етказиб бериб даромадга эга бўлмоқда. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда.