Қонун бузаётган тадбиркорлар

11:52 - 18.02.2022

14

Бугунги кунда Нурафшон шаҳрида 1478 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтган. Уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувнинг олдини олиш бўйича департаментнинг Нурафшон шаҳар бўлими томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Афсуски, орамизда қонунни бузаётган тадбиркорлар ҳам йўқ эмас. Мисол учун 2018 йилдан буён оилавий корхона ташкил қилиб, бинойидек ишлаб келаётган Фазлиддин Баҳриддинов шундайлар сирасидан экан. У «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури асосида 7 фоиз устама тўлаш шарти билан Халқ банки кредит бераётганини эшитиб, ҳаракатга тушиб қолади. Суриштирса, бу каби кредитлар тадбиркорлик қилиш истагидаги аёлларни қўллаш учун ажратилар экан. Шунинг учун у дарҳол оилавий корхонасида ишлаётган Дилфуза Нурматовани чақириб, вазиятни тушунтиради. Ҳуқуқий саводхонлиги етарлича бўлмаган аёл унинг таклифига кўнади. Ф.Баҳриддинов керакли ҳужжатларни тўплаб, Д.Нурматованинг номига хусусий корхона очади ва Халқ банкининг Ўртачирчиқ филиалидан 150 млн. сўм кредит олади. Маблағни ўзлаштириш учун Д.Нурматованинг номидан қалбаки ҳужжатлар тузади. Пулни гўё тикув машинаси харид қилиш учун ўзининг корхонасига ўтказиб, нақдлаштириб олади ва ўз манфаати йўлида сарфлаб юборади. Аммо унинг қилмиши кредитнинг тўғри сарфланиши бўйича ўтказилган мониторингда ошкор бўлди. Суд ҳукми билан у жавобгарликка тортилди.

Фуқаро Жамшид Ёқубовнинг қилмиши ҳам Ф.Баҳриддиновникидан кам эмас. У озиқ-овқат билан савдо қилувчи масъулияти чекланган жамияти орқали рўзғорини тебратиб юрган эди. Нафс йўриғига юриш унга ҳам панд берди. Ж.Ёқубов ҳам «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури бўйича даромад топишни мақсад қилади. У кредит берилган оилаларга керакли техника ва асбоблар етказиб бериш бўйича МЧЖ ташкил қилиб, таъминотчи ташкилот сифатида рўйхатга кириб олади. Аммо фуқароларга керакли техникаларни етказиб бериш ўрнига, ҳисобрақамига тушган маблағни фоиз ҳисобига нақдлаштириб бериш билан шуғулланади. Хусусан, у Халқ банкининг Ўртачирчиқ филиалидан фуқаро П.Саидхўжаевага берилган 33 млн. сўм, Н.Ҳайдарбековага берилган 36 млн. сўм, Д.Эргашовага берилган 30 млн. 270 минг сўм, М.Юсупалиевага берилган 35 млн. сўм пулни ўзининг МЧЖ ҳисобига ўтказади ва олти-етти фоиз олиб қолиш ҳисобига нақдлаштириб берган. Ж.Ёқубовнинг ҳам қилмиши кўп ўтмай фош бўлди ва суд ҳукми билан жазога тортилди.

Кредитнинг тўғри сарфланиши бўйи­ча ўтказилган мониторингда Бахтиёр Умаров ҳам ажратилган кредитни фуқароларга нақдлаштириб бергани аниқланди. 13 нафар фуқарога ажратилган 416 млн. сўм кредитни фоиз эвазига нақдлаштириб берган Б.Умаров ҳам жавобгарликка тортилди.

Шунингдек, мазкур кредитларни ажратишда масъулиятсизликка йўл қўйган банк филиали бошқарувчисининг ўринбосари Акбар Абдураҳимовнинг ҳам жавобгарлик масаласи ҳал этилди.