Арзон уйлар туфайли етган зарар

11:31 - 18.02.2022

12

2021 йилда Қорақалпоғистонда тадбиркорларнинг ҳимоясига оид тадбирлар натижасида уларга ёрдам кўрсатилиб, юзлаб янги иш ўринлари яратилди. Қонунда тақиқланмаган савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланаётган шахсларнинг фаолиятига қонуний тус берилди. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш бўйича 42 та жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан бюджет маблағи талон-торож қилинган 186 та ҳолат аниқланиб, 70 та жиноят иши қўзғатилди. Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид 99 та иш юритилиб, тушунтириш ишлари натижасида 421,2 млн. сўмлик зарарнинг қопланиши таъминланди.

Бошқарма томонидан жами 36 та ҳолатда кредитнинг нотўғри сарфланиши ва коррупция аниқланди. Уларнинг барчаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. Жумладан, «Агробанк»нинг Амударё тумани филиали мансабдорлари 15 та фуқаро номига сохта кредит ҳужжатларини расмийлаштириб, жами 293,6 млн. сўм пулни талон-торож қилган. Жиноят ишлари бўйича Амударё тумани судининг ҳукми билан уларга жазо тайинланди.

Шунингдек, хорижий кредит билан боғлиқ 2 млрд. 618 млн. 800 минг сўмлик моддий зарар аниқланди. Хусусан, департаментнинг Тўрткўл тумани бўлими ўтказган терговга қадар текширувда аниқландики, «Xos» хусусий корхонаси мансабдорлари «Савдогар» банкнинг туман филиалидан озиқ-овқатларни захира қилиш учун 2 млрд. сўм имтиёзли кредит олган. Ушбу кредит ҳисобига олинган картошка ва гуручни нақд пулга сотиб, тушган 2 млрд. сўм нақд пулнинг 101,2 млн. сўмини кредит учун банкка тўлаган. Қолган 1 млрд. 898 млн. 800 минг сўм нақд пулни эса банкка топширмасдан, талон-торож қилган. Солиқ базасини ҳам камайтириб кўрсатиб, 85 млн. сўм солиқни тўлашдан бўйин товлаган. Натижада ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Бошқарма томонидан қурилиш соҳасидаги ноқонуний ҳаракатлар ҳам аниқланди. Биргина мисол, давлат томонидан кўп қаватли арзон уйлар қурилиши билан боғлиқ 9 та жиноят аниқланди. Буларнинг оқибатида етказилган моддий зарар 5 млрд. 455 млн. сўмга тенг. Масалан, «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ филиали ва «CSK» МЧЖ мансабдорлари 1 млрд. 120 млн. 700 минг сўм бюджет маблағини талон-торож қилгани аниқланиб, жиноят иши қўзғатилди. Маҳаллий бюджет ҳисобидан амалга оширилаётган қурилишлар бўйича 22 та жиноят иши қўзғатилиб, 1 млрд. 942 млн. сўмлик моддий зарарлар аниқланган. Умуман олганда, бошқарма томонидан қурилиш бўйича 86 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 46 та жиноят иши қўзғатилиб, 25 та маъмурий иш юритилди. 16 млрд. 597 млн. 400 минг сўм зарардан 3 млрд. сўмга яқини ундирилди.

Барчамизга маълумки, ҳар қандай озиқ-овқатнинг яроқлилиги инсонлар саломатлиги учун муҳим. Лекин айримлар яширинча ишлаб, яроқсиз маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Департамент органлари ўтказган тадбирларда 36 та шундай ҳолат фош этилди. Ҳуқуқбузарлардан 723,7 млн. сўмлик товарлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Масалан, фуқаро Ф.Алимбетов ўз уйида яширин цех ташкил қилиб, мойжувозда чигитдан мой ишлаб чиқараётган вақтда ушланган. Ашёвий далил сифатида 20 232 минг 300 сўмлик нарсалар олинган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан жазо чораси қўлланди. 

Спиртли ичимликларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 22 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, барчаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ноқонуний муомалага киритилган 256 млн. 956 минг 900 сўмлик ичимлик ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.