«Қабристонда ҳеч ким йўқ эди…»

11:53 - 17.02.2022

18

Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган юрист, «Дўстлик» ордени ва бир қанча медаллар соҳиби, прокуратура органларининг фахрий ходими Жиенбай Наримбетовнинг болалиги Иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир йилларга тўғри келди. У 1951 йил 15 февралда Қўнғирот тумани Киров номидаги овул советининг Охунбобоев бўлимида (ҳозирги “А.Мусаев” ОФЙ) ишчи оиласида иккинчи фарзанд бўлиб дунёга келди. Афсуски, Жиенбай бир ёшида отадан етим қолди. Кутилмаганда келган қайғу ушбу хонадонни жуда қийин аҳволга солиб қўйди. Тақдир экан, икки фарзанд тарбияси, қолаверса, рўзғор ташвиши энди Зубайда аянинг ёлғиз ўзига қолди.

Орадан йиллар ўтди. Икки фарзандига емай едирган, киймай кийдирган Зубайда аянинг меҳнати зоя кетмади. Қийинчиликларга бардош бериб, қатор синовларни енгиб ўтган фарзандлар ниҳоят ақлли, фаросатли, меҳрли ва албатта билимга чанқоқ бўлиб улғайди. Буни сезган Зубайда ая балоғат ёшига етган фарзандларининг кейинги ҳаёт йўлини танлашни уларнинг ўзига қўйиб берди…

Хонадондаги катта ўғил Хорезм Бекимбетов қишлоқ хўжалиги бўйича таҳсил олиб, шу соҳада меҳнат қилди. Кенжаси Жиенбай эса 1967 йилда ўрта мактабни тугатиб, олий маълумотли бўлиш ниятида Тошкент шаҳрига йўл олди. Афсуски, ТошМИга ҳужжат топшириб, омади келмади. Наилож. Билимга чанқоқ кўнгил бироз хафа бўлса ҳам умидини сўндирмади. Энг асосийси, у онасининг кўнг­лини ўкситмай, катта ишонч билан «бу йил бўлмаса, кейинги йил албатта талаба бўламан» дея мақсад сари интилишда давом этди.

– Тақдирни қарангки, талаба бўламан деган интилишларим олти йил давомида амалга ошмади, – дея эслайди Жиенбай оға биз билан суҳбатда. – Бу орада тўрт йил совхозда ҳайдовчилик қилдим. Икки йил армияда хизмат қилдим. Билмадим, ёшликдаги шижоатми, ғурурми, хуллас, бу ўтган олти йил мени мақсадимдан қайтара олмади. Халқимизда «Йиқилган курашга тўймас» деган мақол бор. Ёлғиз ўтирган пайтларим мана шу мақол эсимга тушиб, менга айтилган бўлса керак деб куламан гоҳида. Ниҳоят, еттинчи йил деганда, яъни 1973 йили Тошкент давлат университетининг юридик факультетига ўқишга кирдим.

Қийинчилик билан қўлга киритилган ҳар қандай ютуқнинг қадри ўзгача бўлганидек, Жиенбай оға ҳам талабаликнинг қадрини баланд тутди. Ўзи орзу қилган касбнинг масъулиятини ҳис этиб ўқиди, ўрганди, изланди, меҳнат қилди. Ниҳоят, 1978 йили ўқишни тугатиб, дастлаб дон корхонасида маслаҳатчи лавозимида ишлади. Бир йилдан кейин эса йигитнинг «прокуратура ходими бўламан» деган орзуси ўшалиб, ушбу тизимдаги фаолиятини Кегайли тумани прокуратураси иш ўрганувчилигидан бошлади.

У прокуратурада салкам қирқ йил турли лавозимларда хизмат қилди. Жиенбай оға мана шу йиллар давомида катта масъу­лият талаб қиладиган шарафли касбнинг не-не машаққатларини бошидан кечирмади дейсиз. Аммо ундаги қатъийлик, билим, тажриба ва касбга садоқат барча қийинчиликларни енгиб ўтишига ёрдам берди.

– Бундан анча йиллар аввалги даврларни ўйласам, бугунги ёшларга ҳавасим келади. Чунки бизда бундай имконият бўлмади. Ҳозир тизим замонавий технология­лар, алоқа воситалари, интернет, бир сўз билан айтганда, сифатли ишлаш учун нима зарур бўлса, барчаси билан таъминланган.

Кечагидек эсимда, 2004 йили Хоразм вилоятининг Янгибозор тумани прокурори эдим. Янги ўқув йилининг илк кунлари. Одатдагидек иш кунларининг бири. Хизмат телефонимга қўнғироқ бўлди. Жавоб бердим. Нариги томондан каттароқ ёшдаги аёлнинг овози эшитиларди. Аёлнинг йиғи аралаш гапларидан унинг оиласи билан боғлиқ қандайдир нохуш воқеа содир бўлганини англаш қийин эмасди. Адашмаган эканман. Аёлнинг айтишича, бир-икки кун аввал Камолат исмли қизи эрталаб мактабга ишга кетиб, қайтиб келмаган. Қидиравериб, дараги чиқмагач, ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Аммо баъзи сабаблар билан бўлимдагилар мурожаатини қабул қилмаган.

Бундай вазиятда ҳар бир дақиқа ғанимат. Устига-устак, бедарак йўқолган шахс қотиллик қурбони бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам тахмин қилдим. Шу боис мен вақтни ўтказмасдан аёлнинг манзилини сўраб, хизмат машинамда тезда унинг уйига бордим. Аҳвол билан яқиндан танишиб, хонадон эгаларидан бедарак йўқолган шахсга тегишли қўшимча маълумотларни ҳам олдим ва тўғри Камолатнинг иш жойига, яъни туман ҳудудидаги «Маданият» машина-трактор парки яқинида жойлашган мактабга йўл олдим…

– Мактаб маъмурияти билан гаплашганимда, француз тили ўқитувчиси бўлиб иш бошлаганига эндигина уч-тўрт кун бўлган ходим 6 сентябрь куни мактабга келган, ўқувчиларига дарс ўтган ва соат 11:30 ларда уйига қайтган. Шундан кейин уни ҳеч ким кўрмаган. Қизиқ. Ахир у ёш боламидики, мактабдан қайтишда йўлда адашиб қолса? Йўқ дедим хаёлимда ва мактаб директоридан мени Камолат сўнгги дарсини ўтган синфга олиб боришини сўрадим. Лекин бу натижа бермади. Чунки бу синф ўқувчиларининг жавоби деярли бир хил эди. Яъни, мактабга янги келган француз тили ўқитувчисини дарсдан кейин ҳеч ким кўрмаган.

Наҳотки булар ҳеч нарса кўрмаган, билмаган ва сезмаган? Бўлиши мумкин эмас дедим ва уларни яна бир бор зимдан кузатдим. Мана шу пайт ёнида ўтирган синфдошининг қулоғига ҳеч кимга сездирмасдан ниманидир шивирлаган ва ўзини, назаримда, ғалатироқ тутган қизга кўзим тушиб қолди. Лекин мен гумонимни яшириб, гўё ҳеч нима сезмагандек синфдан чиқиб кетдим. Сўнг айнан шу иккита қизни директор хонасига олиб келишни илтимос қилдим…

Бедарак йўқолган ўқитувчи ҳақида берилган саволларга қизлар бирданига жавоб бермади. Аммо мен аста-секин суҳбатни давом эттириб, ҳозирги вазиятда Камолат билан боғлиқ оддий бир маълумотнинг ҳам нечоғли аҳамиятли эканлигини уларга тушунтиришга такрор ва такрор ҳаракат қилдим. Орадан маълум вақт ўтиб, ниҳоят улардан бири тилга кирди.

– Қизлардан бирининг айтишича, у 6 сентябрь куни ўқишдан қайтаётиб, йўлда француз тили ўқитувчиси Камолатни кўрган. У мактабга яқин жойдаги қабристон ёнидан ўтаётганида шу ҳудудда яшовчи Авезов Шерзод исмли йигит устозининг йўлини тўсган ва нималарнидир гапириб турган. Камолат кетмоқчи бўлганида эса йигит унинг қўлларидан тутиб, қаршилик кўрсатишига қарамасдан қабристон томон судраб кетган. Қиз қўрққани боис бу ҳақида ҳеч кимга чурқ этмаган…

Гумоним тўғри чиқди ва мен ичимда «ҳаммаси тушунарли» дедим-да ўша Шерзод исмли шахснинг манзилини аниқлаб, унинг уйига бордим. Тахминан шу бўлса керак деб кенг майдон ўртасига қурилган бир уйнинг ёнида машинадан тушар эканман, ҳовли томондан қорачадан келган, узун бўйли, гавдали бир йигит менга рўбарў келди. Йигит, боя уни ўқувчи қизлар таърифлаганидек, жуда бақувват экан.

– Шерзод, яхшимисан? – дедим «шу бўлса керак» деган хаёлда унга  яқинлашиб ва ўзимни таништирдим. Туман прокурорининг ташрифини кутмаган у бироз ҳайрон бўлиб, жим турди. Кейин саволимга жавоб берди.

– Камолатни нима қилдинг? – сўрадим. Гап ўқитувчи қиз ҳақида кетганда у бироз иккиланди ва «мен ҳеч қандай Камолат исмли одамни танимайман» деди важоҳатли оҳангда. Мен секин унинг юз-қўлларига кўз югуртирдим ва уларда тирноқ изларини кўрдим. Ҳали битмаган ушбу излар менинг гумонимни обдон оширган эди. Сўнг яна «Шерзод, яширма. Камолатни нега ўлдирдинг?» дедим атайин. Ва уни яна бир бор синамоқчи бўлдим. У ўзини хотиржам тутар ва саволларимга айбсизман дегандай дадил жавоб қайтарарди.

Хуллас, мен унга қолган гапларни хизмат хонамга бориб давом эттиришимизни айтдим. У бироз ўйланиб турди-да, сўнг рози бўлди. Машинага ўтирди ва биз тўғри туман прокуратурасига, яъни менинг кабинетимга келдик.

Тўғриси, бу ерга келгандан кейин ҳам Шерзод айбини тан олмади. Юз ва қўлларидаги тирноқ излари билан боғлиқ саволга жавоб тариқасида изларнинг бундан бироз аввал танишининг тўйида юз берган муштлашув оқибатида пайдо бўлганини айтди. Аммо бу изларнинг қачон пайдо бўлгани менга, яъни жиноятчиларнинг ўз жиноятини яшириш мақсадида ўйлаб топган найранг­ларига кўникиб кетган прокуратура ходимига аён эди. Хуллас, йигит кейинги ёлғонларини қанча ҳаракат қилса ҳам «ўхшатолмади». У бундан кейинги саволлардан сўнг «ҳа, қизни мен ўлдирдим» деб айбини тан олди. Шундай қилиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Ёнимга ички ишлар бўлимидан одам олишим лозим эди. Лекин менга Камолатнинг онасининг телефондаги йиғиси қаттиқ таъсир қилди ва мен ҳеч нарсани ўйламай кабинетимдан чиқиб ҳайдовчи бошқарувидаги хизмат машинамга ўтириб кетаверибман. Фақат Шерзодни кабинетимга олиб келганимдан кейингина ички ишлардан одам чақиртирдим.

Хуллас, Шерзод исмли йигит шу маҳаллада истиқомат қилган. Оилали, битта фарзанди ҳам бор экан. У ёшлигидан кўча безориси бўлиб, унинг дастидан кўпчилик озор чеккан. Уйланса, одам бўлиб кетар деб ота-онаси уни эртароқ уйлантирган. Лекин фойдаси бўлмаган.

Камолат ишга кирмасидан олдин қисқа бўлгани боис қабристон ёнидан ўтувчи йўлдан тўрт-беш марта мактабга қатнаган. Шунда Шерзод ёш ва чиройли Камолатни кўриб ёқтириб қолган. Сўнг уни обдон кузатган ва ёмон ниятни кўнглига тугган. Воқеа содир бўладиган куни йигит атайлаб қизнинг ишдан қайтишини кутган ва қабристон ёнида унга рўбарў чиқиб, номусига тегишни режалаштирган. Аксига олиб, бу пайт яқин атрофда ҳеч ким бўлмаган. Шерзод шундан фойдаланиб, қизни қабристон томонга судраб олиб кетган экан.

Суд, тергов ва экспертиза жараёнида маълум бўлдики, Шерзод қабиҳ ниятини ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра амалга ошира олмаган. Лекин у жинояти ошкор бўлиб қолишидан қўрқиб, Камолатнинг дуч келган жойига уриб, тепиб, ваҳшийлик билан ўлдирган ва тўқайзорда 1,5 метр чуқурликка кўмиб кетган.

Ҳар бир жиноят учун жазо муқаррар. Шерзод Авезовга Хоразм вилояти судининг 2005 йил 21 февраль кунги ҳукми билан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳа, Жиенбай оғанинг таъкидлашича, содир этилган ушбу ўта оғир жиноят ўша даврда бутун вилоят аҳолисини ларзага солган экан. Аммо гувоҳи бўлганингиздек, жиноят Жиенбай оғанинг кўп йиллик тажрибаси туфайли қисқа муддатда очилган. Шу боис ҳам 21 ёшли олий маълумотли қизнинг ҳаётига зомин бўлган жиноятчини аниқлаш, жиноятнинг тез ва қисқа муддатда фош қилинишида касбий маҳоратини намоён қилган Жиенбай Наримбетов Хоразм вилояти прокурори томонидан  мукофотланган.