«Тарвузларимни совуқ урмасин…»

10:03 - 17.02.2022

8

– Ўртоқ, дўконингдан яхна ичимлик оламан, пулини узоғи билан 15 кун ичида бераман…

Феруз Намаев шу тарзда Кунчиқар маҳалласида яшовчи Хуршид Абдуллаевнинг дўконидан 1 млн. 600 минг сўмлик маҳсулотни олиб, ишлатиб юборди. Муздеккина ичимликларнинг пули ҳам яхлаб кетди…

– Ака, сизнинг номингизга банкдан кредит олай, икки-уч ойда тўлиқ тўлайман, дўконимда бир айлантириб олай… – бу ваъда Барака маҳалласида яшовчм Нурбек Шомировга айтилди.

Унинг номига банкдан 15 млн. сўм кредит олишга эришган Феруз пулни жиғилдонига урди-ю, тўлашни кредит эгасига қолдирди…

Шу тариқа у пакандилик таниши Шерали Эбодуллаев, тўқморлик Тўлқин Хушвақов номига ҳам 15 млн. сўмдан кредит расмийлаштириб, уларни ҳам чув туширди.

Шундан кейин фирибгар синфдоши Камол Бозоров ҳузурида пайдо бўлиб, унга ваъдаларни қалаштирди:

– Кўкдалада тарвуз экдим, устига салофан ёпмасам, уруғларни совуқ уриб кетади, сенинг номингга банкдан кредит олай, икки-уч ойда тўлиқ тўлаб юбораман…

Бу сафар синфдошнинг номига 17 млн. сўм кредит олинди. Аммо уни қайтариш Камолнинг ўзига қолиб кетди…

Феруз Намаев жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Навоий маҳалласида яшовчи таниши Азиза Абдуллаевани аврашга тушди:

– Кумуш тақинчоқлар сотиладиган дўкон очаяпман, пулинг бўлса бериб тур, икки ойда қайтараман…

Шу тариқа у бўлиб-бўлиб жами 1750 АҚШ долларини олиб, ўз эҳтиёжига ишлатиб юборди.

Еттитом чорраҳасида учрашиб қолган хўжаободлик Бибисора Абдуллаева қошида эса у ғамхўр амаки қиёфасига кирди:

– Эна, укамнинг ўғлининг мазаси йўқ, Тошкентда даволатаяпман, кунига 4 млн. 500 минг сўмдан пул кетаяпти. Пулингиз бўлса бериб туринг, укамдан хабар олай, бир ойда тўлиқ қайтараман…

«Куюнчак амаки» ундан 4 миллион сўм пулни олгач, қорасини ҳам кўрсатмай кетди…

Шу сингари турли-туман алдовлар билан у Янгиобод маҳалласида яшовчи Асқар Қўйлиевдан
2 млн. 900 минг сўм, хўжаободлик Ўғилой Қувватовадан 600 доллар, чоштепалик Алибек Ориповдан 1 млн. 900 минг сўм, қирғизлик Нодирбек Номозовдан 10 миллион сўм олди-ю, қайтармади.

Жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судида Феруз Намаевнинг жиноят иши кўриб чиқилди. Қайд этилишича, у 1989 йилда туғилган. Маълумоти ўрта махсус, ишсиз. Оилали, икки фарзанди бор. Чироқчи тумани Кишмиштепа маҳалласида яшайди. Судда унинг фирибгарлигига бирма-бир ойдинлик киритилди. Суд ҳукм қилди. Феруз Намаевга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жабр­ланувчиларга етказилган зарар ҳам ундан ундириладиган бўлди.

Фириб ортидан келган фароғатнинг ўткинчилигини қаҳрамонимиз энди тушуниб етган бўлса ажаб эмас…