На қуён бор, на катаги

10:05 - 16.02.2022

25

Нукус тумани прокуратураси секторига Бақаншақли ва Қўтанкўл маҳаллалари бириктирилган. Уларда 9993 киши истиқомат қилмоқда. Ўтказилган хатловда «темир дафтар»га 318 та оила киритилган эди. Улардан 312 тасининг бандлиги таъминланди ва халқ депутатлари туман кенгашининг қарори асосида 310 таси дафтардан чиқарилди.

Дафтарга киритилган камбағал оилаларга ҳомийлар ҳисобидан озиқ-овқат, дори-дармонлар берилди. 10 та ночор хонадоннинг коммунал қарзи тўланди.

2-секторда «ёшлар дафтари»га 497 киши киритилган. Улардан 23 нафари доимий ишга жойлаштирилди. Масалан, А.Абибуллаев туман қишлоқ хўжалиги бўлимига, С.Баскаков «Жаҳон Азиз» оилавий корхонасига ишга кирди.

Шунингдек, 35 нафар ёшга тадбиркорлик қилиши учун 790 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилди. Ҳозир яна 20 нафар ёшга кредит ажратиш бўйича ҳужжатлар тайёрланмоқда.

«Ёшлар дафтари»даги 419 кишига 209,5 гектар ер берилган. Улар асосан помидор, мош ва кунжут экиб, даромад олишди. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида 2-секторда учта спорт майдончаси қурилган. Туман ёшлари ўртасида шахмат, аёллар ўртасида волейбол ҳамда мактаб ўқувчилари ўртасида кураш бўйича «Прокурор кубоги» мусобақаси ўтказилди.

«Аёллар дафтари»га 156 аёл киритилган. Шундан 28 нафари ишга жойлаштирилди. Тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 19 аёлга имтиёзли кредит берилди. 10 нафар хотин-қизга 20 тадан парранда олиб берилди.

Бундан ташқари, секторда тегишли ташкилотлар билан ўтказилган сайёр қабулларда дафтарга киритилмай қолган 28 аёл ишга жойлаштирилиб, 77 нафари касбга ўқитилди.

Маҳаллаларда 218 та муаммо аниқланиб, уларнинг 196 таси ҳал этилди. Қолганларини бартараф этиш чораси кўрилмоқда. Мақсим овулига янги трансформатор ўрнатиб берилиб, 50 та хонадоннинг электр таъминотидаги узилишлар бартараф этилди. Бундан ташқари, ҳозир 2-сектордаги 5 та мактаб таъмирланмоқда.

Ўтган йилнинг 2-ярмида сектор аҳолисининг шароитини яхшилаш учун «Baqanshaq rabbit house» кооперацияси ташкил қилиниб, 50 нафар фуқарога 115 млн. сўмлик зотдор қуёнлар субсидия асосида етказиб берилди.

Маданият овулидаги бўш бинода аҳолининг таклифи билан 50 ўринли боғча ҳамда врачлик пункти маҳаллий бюджет ва ҳомийлар ҳисобидан фойдаланишга топширилди.

Бундан ташқари, «Max elite stroy» МЧЖ томонидан Дарсан кўчасидаги уйларни таъмирлаш жараёнида 39 млн. 397 минг сўмлик қурилиш материаллари талон-торож қилингани аниқланди. Мазкур ҳолат бўйича МЧЖ мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, айбдорлар жавобгарликка тортилди.

Ишсиз ва камбағал фуқароларга ажратилган субсидия ҳам талон-тарож қилингани аниқланди. Хусусан, қуёнчиликка ихтисослашган «Taxirko‘l sharwa» кооперативи мансабдорлари Тақиркўл овулида яшовчи 50 нафар ишсиз мазкур кооперативга аъзо қилингани ва ҳар бир фуқарога нархи 2 млн. 230 минг сўм бўлган иккитадан қуён, биттадан қуён катаги ва 44 кг қуён озуқаси берилгани ҳақида сохта шартнома расмийлаштириб, давлат бюджетидан жами 111 млн. 500 минг сўм субсидия ажратилишига эришиб, талон-торож қилишган. Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.

Туман бўйича ёшлар ва аёлларга кўрсатилаётган ёрдам, улар учун яратилган имконият натижасида 2021 йилда ёшлар жинояти 7 дан 2 тага, аёллар жинояти эса 11 дан 7 тага камайган. Болалар эса умуман жиноят содир этмаган.

Туман прокуратураси томонидан 26 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилиб, тергов давомида аниқланган 1 млрд. 647 млн. сўмлик зарардан 1 млрд. 379 млн. сўми ундирилди.

Мисол учун «Агробанк»нинг Нукус филиали мансабдорлари тотализатор ўйнаб, 24 нафар фуқаронинг банкка топширган 179 млн. 514  минг сўмдан ортиқ пулини ютқазиб қў­йишган. Оқибатда улар кредит қарзи тўлангани ҳақидаги ҳужжатларни сохталаштириб, бу пулларни талон-торож қилишган.

Шунингдек, «Халқ банки»нинг Оқманғит филиали мансабдорлари ўн кишига кредит берилгани ҳақида сохта ҳужжат расмийлаштириб, 130 млн. сўм маблағни талон-торож қилишган. Иккала ҳолат бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилиб, иш туман судига юборилди.