Ҳар бир мурожаатга индивидуал ёндашилмоқда

11:31 - 15.02.2022

21

Барча йўналишларда  давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Қонун ҳужжатлари ижросининг таҳлили натижасига кўра 9889 та назорат ҳужжати қўлланиб, 23042 нафар, шу жумладан 4297 та юридик шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. 474 та жиноят иши қўзғатилиб, 3 млрд. 600 млн. сўм зарар ундирилди, 20 млрд. сўмлик зарарни ундириш учун судларга 1662 та даъво аризаси киритилди.

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояси, соғлиқни сақлаш, тўлов интизомига риоя этилиши, янги иш ўринлари яратиш устувор вазифа сифатида белгиланиб, тизимли иш олиб борилмоқда. Хусусан, Қува тумани прокурорининг ташаббуси билан Катта Деҳқонобод маҳалласида янги насос ўрнатилиб, 140 хонадонни қийнаб келган сув муаммоси ҳал этилди.

Махсус дафтарларга киритилган аҳоли билан алоҳида иш олиб борилаяпти. Аввало муҳтожларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Ёшларга деҳқончилик қилиши учун вилоят бўйича 3515 гектар, 2-секторда эса 731 гектар ер ажратилди. Масалан, Риштон туманида 2-сектордаги 204 нафар ёшга 10 сотихдан ер берилди. Данғара тумани Оқжар маҳалласидаги 12 гектар ерда 50 нафар ишсиз экин экиб даромад олиш имкониятига эга бўлди.

Ўзбекистон Президентининг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда соҳага оид бошқа қонун ҳужжатлари ижроси алоҳида назоратга олинди. Ўтказилган текширишда 80 дан ортиқ назорат ҳужжати қўлланиб, 125 млн. сўм зарар ундирилди ва 168 кишининг бузилган ҳуқуқи тикланди. Ижтимоий муҳофазага муҳтож аёлларнинг 20 дан зиёд мурожаати қаноатлантирилди. 77514 аёл чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Соғлиқни сақлашга оид қонунчилик ижроси таҳлил қилиб борилмоқда. Ушбу жараёнда масъул ходимлар томонидан репродуктив саломатликни сақлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масаласи ўз ҳолига ташлаб қўйилиб, қуйи муассасаларнинг фаолияти ўрганилмагани ва мувофиқлаштирилмагани аён бўлди. Олтиариқ, Фурқат, Ўзбекистон, Қува, Сўх туманлари, Қувасой  шаҳрида оналик ва болаликни муҳофаза қилишни яхшилаш тадбирлари белгиланди.

Болалар ҳақидаги қонунчилик ижроси юзасидан 1799 та назорат ҳужжати қўлланди. Мансабдорларнинг ноқонуний қарорлари бекор қилинди ва қонунга мувофиқлаштирилди, қонунни бузган раҳбар ва ходимлар жавобгарликка тортилди, 11 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилди. Назорат тадбирларида 1656 киши, шу жумладан, 722 та боланинг бузилган ҳуқуқи тикланди. Уларнинг таълим-тарбияси, соғлиғи ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида бир қатор ишлар қилинди. Хусусан, 2021 йил сентябрь-октябрь ойларида вилоятнинг олис ҳудудларида тиббий кўриклар ташкил этилди. Турли касалликлар билан рўйхатга олинган болаларнинг 5251 нафарига амбулатор, 556 нафарига стационар даво чоралари белгиланди, 306 нафарига туман, 321 нафарига вилоят, 19 нафарига республика миқёсидаги тиббий муассасаларда даволаниш учун йўлланма берилди. Шунингдек, тадбир давомида 18 нафар болага ногиронлик тайинланиши, 63 тасига протез-ортопедия маҳсулотлари, «Соғлом авлод» ташкилоти ҳисобидан 12 млн. сўмликдан зиёд дори-дармон бепул тарқатилишида ёрдам кўрсатилди.

Прокурорларнинг ташаббуслари билан болаларнинг таълим-тарбия олиши учун қулай шароит яратилмоқда. Хусусан, Ёзёвон туманидаги 35-мактабнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган биноси ўрнида бюджет ва ҳомийларнинг маблағи ҳисобига 160 ўринли янги бино қурилди. Марғилон шаҳри Надирмат маҳалласида 120 ўринли боғча қурилди ва 24 та иш ўрни яратилди. Давлат ва хусусий шериклик асосида вилоятимизда 3-7 ёшдаги болаларнинг 75 фоизи мактабгача таълимга қамраб олинди. Ўтган йили 828 ўринли 7 та давлат-хусусий шериклиги бўйича ҳамда 15780 ўринли 635 та оилавий боғча фаолияти йўлга қўйилди.

Қурилиш соҳаси, жумладан «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижроси назоратга олинган. Дастур доирасида бажарилган ишларга оид далолатномалар ўрганилганда 7 млрд. 700 млн. сўмлик ишлар ҳисоботларга қўшиб ёзилгани аниқланди. Ушбу жараёнда 5 млрд. 300 млн. сўмлик бажарилмаган ишлар охирига етказилиши, 2 млрд. 700 млн. сўмлик сифатсиз ишлар бартараф этилиши таъминланди.

Дастурларга киритилган объектларнинг экспертиза хулосалари олинди, танлов ва тендерлар ўтказилди, 4922 та пудрат шартномаси тузилди, 956 млрд. сўм маблағ молиялаштирилиб, 167 млрд. 600 млн. сўм иқтисод қилинишига эришилди. Бюджет маблағидан ташқари вилоятда ҳомийлик ва ҳашар ҳисобидан 21 млрд. 900 млн. сўмлик қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жамоатчилик назорати электрон дастури орқали келиб тушган 259 та мурожаатнинг ҳаммаси ҳал этилди. Дастур ижроси бўйича  359 та назорат ҳужжати қўлланди.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш фаолиятнинг асосий йўналишларидан. 2021 йили 2000 га яқин тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқи тикланди. Ваколатли ташкилотларнинг хизмат кўрсатишида қонун бузилишига йўл қўймаслик, тадбиркорларнинг фаолиятини ноқонуний текширишнинг олдини олиш бўйича тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бундан ташқари 1207 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилишига кўмаклашилди. Ишламаётган, вақтинча тўхтаган 663 та корхонанинг фаолияти тикланди ва 2345 та иш ўрни яратилди. 1007 та мурожаати қаноатлантирилиб, 1862 нафар тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди. 1747 та тадбиркор қабул қилинди ва уларнинг масалаларини ҳал этиш ҳамда ёрдам бериш чоралари кўрилди.

Қишлоқ ва сув хўжалигига ажратилган маблағлар талон-торож қилинишининг олдини олиш, аграр соҳани ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ва лойиҳаларнинг ижросини таъминлаш, деҳқон ва фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида доимий иш олиб борилмоқда. Ушбу соҳада 2295 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланиб, 39 та жиноят иши қўзғатилди. 11  млрд. 100 млн. сўм зарарни ундириш хусусида судларга 999 та даъво аризаси киритилиб, 1726 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Ердан тўғри фойдаланиш борасида ҳам қатъий назорат ўрнатилган. 1349 та ҳолатда 1443 гектар ёки 94 фоиз ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар қайтарилди, 525 та ҳолатда 19,3 гектардаги ноқонуний қурилмалар бартараф этилди.

Прокуратура органлари томонидан янги қонун ҳужжатларининг моҳиятини ижрочилар ва аҳолига етказиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билими ва маданиятини ошириш борасида мунтазам иш олиб борилмоқда. Интернет, матбуот, телевидение ва радиода 10300 дан зиёд чиқиш қилинди.

Ҳар бир мурожаатга индивидуал ёндашилмоқда. Айниқса аҳоли билан мулоқотда муаммоларни жойида ҳал қилишга эъти­бор қаратилаяпти. Ўтган йили жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 36500 та мурожаатнинг 23000 дан ортиғи прокуратура органларида кўриб чиқилди. 14931 таси бўйича қонун талаблари тушунтирилди, 7856 таси қаноатлантирилиб, 7679 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Мурожаатларни кўриб чиқишда аниқланган қонунбузилишлар бўйича мансабдорларнинг 171 та ноқонуний қарорига протест келтирилди, 41 та тақдимнома киритилди, 38 киши интизомий, 42 киши маъмурий жавобгарликка тортилди. 53 та жиноят иши қўзғатилиб, 348 млн. сўм зарар ундирилди, судларга 955 млн. сўм зарарни ундириш бўйича даъво аризаси киритилди.

Фуқароларнинг қабулини яхшилаш мақсадида халқ қабулхоналари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Туманларда ўтказилган сайёр қабулларда мурожаат этган 11 мингдан зиёд фуқаронинг муаммоси ҳал этилиши таъминланди. Хулоса қилиб айтганда, халқимизни рози қилиш фаолиятимизнинг асосий мезонидир.

Бахтиёр Исмоилов,

Фарғона вилояти прокурори