Машинасозлик кластер усулида ривожлантирилади

09:33 - 15.02.2022

13

Президент Шавкат Мирзиёев 14 февраль куни машинасозлик саноатидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Саноатнинг барча тармоқларида бўлгани каби автомобилсозликда ҳам трансформация жараёни кетмоқда. Сўнгги тўрт йилда автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 баробарга, тармоқ экспорти эса 2,7 баробарга ошган. Хорижий компаниялар иштирокида янги корхоналар ташкил этилиб, 2 минг 600 турдаги бутловчи қисмлар тайёрлаш йўлга қўйилган.

“UzAuto Motors” компанияси “Fitch Ratings” ҳамда “Standard & Poor’s” халқаро агентликларининг “барқарор” кредит рейтингларини олиб, жаҳон молия бозорида илк бор 300 миллион долларлик евробонд жойлаштирди.

Лекин, бу тармоқ ҳали истеъмолчилар талабини тўлиқ қаноатлантиролмаяпти.

Шу боис Тараққиёт стратегиясида автомобиль саноатида кооперацияни янада ривожлантириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 бараварга, экспорт ҳажмини 2 бараварга кўпайтириш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш мақсади белгиланган.

Йиғилишда бунга эришиш йўлидаги жорий йилги вазифалар муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари, аввало, аҳоли талабларига эътибор қаратди.

Автомобиллар учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизга пасайтириш ва 1 майга қадар автомобиль сотиб олишдаги навбатларни тўлиқ бартараф этишга кўрсатма берди. Ҳозирги кунда навбатда турган харидорларга автомобили етказиб бериладиган аниқ сана кўрсатилган хабарнома йўлланади.     

Ички талабни қондириш мақсадида биринчи ярим йилликда 160 мингта, йил якунига қадар 275 мингта автомобиль ишлаб чиқариш зарурлиги қайд этилди.

Бозорда таклифни ошириб, халқимизга танлаш имкониятини яратиш мақсадида импорт автомобиллар учун божхона божи ставкаларини 2 баробарга пасайтириш бўйича ҳукуматга топшириқ берилди.

Жорий йилда 23 та лойиҳа доирасида 600 турдаги бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш мўлжалланган. Натижада  маҳаллийлаштириш даражаси 48 фоиздан 56 фоизга чиқади. Шунингдек, 336 миллион доллар инвестиция эвазига иккита янги автомобиль модели ва замонавий двигател ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Йиғилишда тармоқнинг экспорт режалари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Президентимиз бу режалар мавжуд имкониятларга нисбатан камлигини таъкидлаб, янги бозорларга чиқиш бўйича тавсиялар берди. Хусусан, йирик савдо тармоқлари орқали бутловчи қисмлар сотишни кенгайтириш ҳисобига 2022 йилда экспорт ҳажмини камида 500 миллион долларга етказиш мумкинлиги айтилди.

Давлатимиз раҳбари машинасозлик тармоғини саноат кластери усулида ривожлантириш лозимлигини таъкидлади. Бу тизим “инжиниринг – бутловчи қисмлар – тайёр маҳсулот – савдо ва сервис” занжирини қамраб олади. 8 та машинасозлик корхонаси, бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи 300 дан зиёд корхона, логистика, ички ва ташқи бозорлардаги савдо ва сервис тармоғи, Турин политехника ва Андижон машинасозлик институтларини умумий мақсад йўлида бирлаштиради.

Шундан келиб чиқиб, ҳукуматга “миллий машинасозлик кластери” дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Маълумки, жаҳонда электромобиллар ишлаб чиқариш жадал ривожланиб бормоқда. 2021 йилда бундай машиналар улуши автомобиль бозорида 2 баробарга ўсган.

Президент бу соҳада ортда қолмаслик учун ҳозирдан ҳаракат бошлаш кераклигини таъкидлади. Бу борадаги техник талаб ва стандартлар, маҳаллийлаштириш масалаларини инобатга олган ҳолда, электромобиль тармоғини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги машинасозлигига ҳам тўхталиб ўтилди. Бу йўналишда Чирчиқ шаҳрида кластер ташкил этилиши белгиланган. Бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм маблағ ажратилган. “Технолог” ва “Агрегат” заводларидаги ускуналарни Чирчиққа кўчириш бошланган.

Ушбу кластерни 2023 йилдан тўлиқ ишга тушириш муҳимлиги таъкидланди. Жорий йилда қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришни 2 баробарга ошириб, уларнинг таннархини 12 фоизга камайтириш, экспортни 15 миллион долларга етказиш имконияти борлиги қайд этилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.