Маҳкумлар манфаати — ҳимояда

09:45 - 14.02.2022

21

2021 йилда Навоий махсус прокуратураси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда жазони ижро этиш колонияларида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ишлар амалга оширилди.

Колонияларда жиноятчилик ва қонунийлик аҳволидан келиб чиққан ҳолда текширишлар ўтказилиб, уларнинг натижасига кўра назорат ҳужжатлари қўлланди.

Хусусан, қамоққа олинганларни сақлаш ва жазони ижро этиш жойларида қонунларга риоя этилиши устидан 38 та текшириш ўтказилиб, қонунга зид 92 та ҳужжатга протест, аниқланган қонунбузилишлар юзасидан 22 та тақдимнома киритилди. 17 нафар ходим расман огоҳлантирилиб, судларга 2 та даъво аризаси киритилди.

2021 йилда махсус прокуратурага фуқаролар ва юридик шахслардан 257 та ариза ва шикоят келиб тушган бўлиб, 217 таси ҳал қилиниб, 47 таси қаноатлантирилган.

Колонияларда тартиббузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш ҳамда маҳкумларнинг ҳуқуқий онгини ошириш борасида 280 та тадбир ўтказилди. Оммавий ахборот воситаларида 81 марта чиқиш қилинди.

Колонияларда содир этилган жиноятлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар йиғилишида муҳокама қилиниб, профилактик чоралар белгилаб олинган.

Махсус прокуратура томонидан колонияларда жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларнинг қонуний ҳал қилиниши устидан доимий назорат ўрнатилган. 2021 йилда прокуратурага 127 та ариза ва хабар келиб тушган бўлиб, шундан 118 таси бўйича жиноят иши қўзғатиш рад қилиниб, 1 таси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Колониялар томонидан 78 та ҳолатда жиноят иши қўзғатиш рад этилиб, махсус прокуратура томонидан 8 та қарор бекор қилиниб, қўшимча текширувга қайтарилган.

Махсус прокуратура томонидан 2299 нафар маҳкумга судлар орқали жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва манзил-колонияга ўтказиш каби инсонпарварлик чоралари қўл­ланиши таъминланди.

Шу билан бирга, жазони ўташ тартибини бузган маҳкумларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланаяпти. Прокуратура томонидан маҳкумларга нисбатан интизомий жазо қўллаш ҳақидаги қарорларнинг қонунийлиги мунтазам равишда ўрганилиб, киритилган протестлар асосида колония маъмурий ҳайъатининг 6 та, колония бошлиғининг 33 та қарори бекор қилинди.

Шунингдек, 53 та протест асосида колонияда ёлланиб ишлаётган 86 кишининг бузилган ҳуқуқи тикланиб, уларга 27 млн. сўм қўшимча иш ҳақи тўланиши таъминланди.

Прокуратура ташаббуси билан 2021 йил 4 мартда колония масъуллари ва харидорлар иштирокида бизнес-учрашув ташкил этилди. Натижада 1 майгача 12,1 млрд. сўмлик 63 та шартнома тузилишига, 2,5 млрд. сўмлик қолдиқ маҳсулотлар сотилишига ҳамда 99 та янги иш ўрни яратилиб, 82,9 фоиз маҳкум ишга жалб қилинишига эришилди. Ўртача кунлик иш ҳақи 24 минг сўмга, ўртача ойлик иш ҳақи 441 минг сўмга ошди, тўланмаган иш ҳақи 843 млн. сўмдан 606 млн. сўмга камайишига эришилди.

Хусусан, 11-колония билан Навоий вилояти кўприклардан фойдаланиш ДУК, Кармана ва Навбаҳор туманлари йўллардан фойдаланиш ДУК­лари ўртасида 150 млн. сўмдан, жами 450 млн. сўмлик шағал етказиб бериш бўйича шартнома тузилди.

Шунингдек, Навоий кон­металлургия комбинатидан мутахассислар жалб этилиб, 4-колониядаги маҳкумларга фрезерлик дастгоҳини ишлатиш ўргатилди.

Бундан ташқари, прокуратура томонидан жазо ўтаётган маҳкумларнинг колонияга келиб тушмаган 111,5 млрд. сўмлик 286 та ижро варақаси бўйича Мажбурий ижро бюросига қилинган мурожаат натижасида 81,5 млрд. сўмлик 86 та ижро варақаси келиб тушиши ҳамда 72 млн. сўмлик қарз ундирилиши таъминланди.

Прокуратура ташаббуси билан ҳар бир маҳкумнинг муаммосини ўрганиш жадвали йўлга қўйилиб, 3967 нафар маҳкумнинг 4413 та муаммоси аниқланиб, 3364 таси ҳал қилинди.

Колонияларда процессуал ҳаракатларни расмийлаштиришда қонун талаблари бузилиб, терговга қадар текширувнинг ягона амалиёти йўлга қўйилмагани аниқланди. Шунга кўра терговга қадар текширувнинг тўлиқ ўтказилиши ва ҳужжатларнинг сифатли расмийлаштирилишини таъминлаш учун процессуал ҳужжатлар намуналарини ўз ичига олган тўплам тайёрланиб, колонияларнинг ходимларига тарқатилди. 

Колонияларда ишлаб чи­қаришнинг кенгайиши ва янги иш ўринлари ташкил қилиниши ҳисобига ҳар ойда қўшимча 15 млн. сўмдан 50 млн. сўмгача соф фойда олинмоқда ҳамда маҳкумларга 400 минг сўмдан 950 минг сўмгача иш ҳақи тўланаяпти.

Назорат тадбирлари натижасида 2022 йилнинг бошига келиб 85,2 фоиз маҳкумнинг бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари, колонияларда бюджет маблағининг тўғри сарфланиши ўрганилганда Зарафшон шаҳридаги 12-колонияда сотиб олинадиган техник сув учун йилига 1 млрд. 600 млн.сўм   харажат   қилиниши аниқланиб, муассаса ҳу­дудида 4 та қудуқ қазилиб, йилига 1 млрд. 400 млн. сўм маблағ тежалишига эришилди.

Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар ва учрашувга келган фуқаролардан олинган тақиқланган нарсалар тақдири ўрганилди. Сақлаш учун банкка топширилиб, бугунги кунда эгасиз ҳисобланган 2 млн. 400 минг сўм ва 171 АҚШ доллари миқдоридаги пул давлат ҳисобига ўтказилиб, асоссиз сақлаб келинаётган 300 та соат эгаларига қайтарилди. Нарсаларни суд қарорисиз йўқ қилиш, асоссиз равишда сақлаш ва эгаларига қайтариш амалиётига чек қўйилиб, бу борада қонун талабларига риоя этилиши таъминланди.

Шавкатжон Шерназаров,

Навоий махсус прокурори