Ўрдакхўрлар

09:35 - 14.02.2022

10

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонун талабларининг аниқ ва бир хил бажарилиши устидан назорат ўрнатган.

Хусусан, 2021 йили Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Меҳнат органларига иш сўраб мурожаат этган 183 398 фуқаронинг 35381 нафари ишга жойлаштирилиб, 26841 киши ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. Шунингдек, ишсиз деб эътироф этилган фуқароларга ишсизлик нафақаси тайинланди.

Бундан ташқари, ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар эътибордан четда қолмади. Улардан 1811 нафари ишга жойлаштирилди. Меҳнат ярмаркаларида корхона ва ташкилотлар 15484 та бўш иш ўрни билан қатнашиб, уларда 5000 га яқин фуқаро доимий ишли бўлди.

Таъкидлаш лозимки, меҳнат қонунчилиги юзасидан ўтказилган текширишларда 105 та қонунбузилиш аниқланиб, 130 та назорат ҳужжати қўлланди. 3 та жиноят иши қўзғатилди. Жумладан, «Manzura sharwa» ишлаб чиқариш кооперативи ва Шўманой тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ўртасида шартнома тузилган. Кооперативнинг низом жамғармасига ажратилган субсидиянинг тўғри сарфланиши ўрганилганда кооператив аъзоси бўлган 50 фуқарога 111 млн. 500 минг сўмлик 2230 та ўрдак тарқатилиши лозим бўлишига қарамасдан, 200 та ўрдак тарқатилгани аниқланган. Ҳолат бўйича «Manzura sharwa» мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди ва суд томонидан жазо муқаррарлиги таъминланди.