Буюкларнинг муҳаббати ҳам, соғинчи ҳам буюк бўлади

14:14 - 14.02.2022

16

14 февраль – Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун

Буюкларнинг муҳаббати ҳам, соғинчи ҳам буюк бўлади

Инсониятнинг абадиятга мансуб буюк фарзандлари қаторида ҳассос шоир ва мутафаккир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳам ўз ўрни бор. Тарихда Бобур каби иқтидор ва фазилатлари беқиёс кишилар кам учрайди.

Бобур Мирзонинг улуғ шоир ва буюк саркарда сифатида камол топишида темурийлар давлатининг шимоли-шарқидаги Фарғона вилоятининг маданий муҳити беқиёс аҳамият касб этгани шубҳасиз. Маълумки, 1451 йили Самарқанд тахтига чиққан Абусаид Мирзо (соҳибқирон Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳнинг набираси) даврида Фарғона вилоятида – унинг маркази бўлган Андижонда, Ахси ва Ўзганда илмий ва адабий-маънавий муҳит жонлана бошлайди. Абусаид Мирзонинг ўғли – Бобур Мирзонинг отаси Умаршайх Мирзо 1462 йили Фарғона вилоятининг ҳокими этиб тайинлангандан сўнг эса пойтахт Самарқанддан кўплаб олимлар, шоиру адиблар Умаршайх Мирзо саройига келиб ўрнашадилар.

«Бобурнома»да («Вақойиъ») қайд этилганидек, Умаршайх Мирзо Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорга мурид бўлиб, у улуғ зотнинг суҳбатларига кўп бора мушарраф бўлган. Хожа Аҳрори Валий бир неча бор Андижонда бўлган. Эҳтимол ана шу пири-муршидликнинг самараси ўлароқ Умаршайх Мирзо эътиқоди мустаҳкам, Қуръони каримни ёд олган, кўплаб тарихий китоблар, жангномаларни севиб ўқийдиган ҳукмдор сифатида танилган. Бу эса ёш Бобур Мирзонинг тарбияси учун муҳим бўлган ўзига хос маънавий муҳит эди.

Бобурнинг пири ҳам Хожа Аҳрори Валий муридларидан бўлмиш Хожа (Абдуллоҳ) Мавлонои Қози бўлиб, у зотнинг насаби пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) авлодларидан Шайх Бурҳониддин Қилич ва Султон (Санжар) Иликка туташади. Уларнинг ислом динига асосланган ғоявий йўл-йўриқлари, ўгитлари фавқулодда муҳим аҳамият касб этган. Умаршайх ва Бобур даврида Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» асари давлат ишлари ва маънавий ҳаётда қўлланма бўлган.

Булардан ташқари яна кўплаб аллома-ю фозиллар Умаршайх Мирзо ҳузурида қўним топган. Улар яратган илмий ва адабий муҳит Бобурнинг подшоҳ бўлиш билан бирга, забардаст шоир ва серқирра олим бўлиб етишуви ҳамда маънавий камолотига ижобий таъсир кўрсатган.

Шу боис ҳам давлат арбоби ва кўп вақти жангу жадалда ўтган саркарда сифатида ижтимоий фаолиятининг энг қизғин даврида ҳам, шахсий ҳаёти ва давлати ниҳоятда мураккаб ва хатарли шароитда қолган чоғларида ҳам Бобур ижодий ишга вақт топа билган, илм, санъат ва ижод аҳлини атрофига тўплаб, ҳомийлик қилган, уларни рағбатлантирган.

Бобурнинг улкан санъаткорлиги шундаки, шахсий кечинмаларини жиддий умумлашма даражасига кўтара олган ва натижада асарларида олға сурилган ғоялар умуминсоний қадрият даражасига кўтарилган. Бобур ижодида, хусусан, шеъриятида киндик қони томган юртини дил-дилдан қўмсаш, унга талпиниш, ғариблик азобларидан ўтли ҳасрат, ёру диёр соғинчи ва висол илинжи, тақдир зарбалари ва турмуш уқубатлари, замона носозликларидан нола бадиий таҳлил этилган.

Унинг нигоҳлари, кўз қорачиқлари, қалб дафтарларига юрт суврати суюкли ёр жамолидек нақшланиб қолган:

Асрармен ўзим бирла сени нақ қилиб,

Хурсанд бўлурмен ушбу суврат бирла.

Қуйидаги сатрлардаги уйғунлашиб кетган ёр ва диёр тимсоллари дийдорига ташна кўнгилнинг армонларидан, ўтли туғёнларидан сўзлайди:

Ёр қадрини билмадим то ёрдин айрилмадим,

Ёр қадри мунча ҳам душвор экандур, билмадим.

Мирзо Бобур улуғ бобоси Амир Темур асос солган улкан салтанатни қайта тиклаш мақсадида ўн икки ёшидан ҳаётини жангу жадалларга боғлади. Аввал Мовароуннаҳр тупроғида қанча азоб тортди, гоҳ тахт олиб, гоҳ тахтни қўлдан бериб, сарсон-саргардон кезди.

«Бормоққа не маскан муяссар,

Турмоққа не давлат муқаррар»

бўлиб, орзу-умидлари ушалмагач, ноилож ўзга диёрлар сари юзланди. Ва у нафақат афғону ҳинд юртларини эгаллаш, балки шу юртлар халқлари қалбини ҳам забт этиш, ишонч ва меҳр-муҳаббатини қозониш бахтига муяссар бўлиб, бобурийлар салтанати ва сулоласига асос солди. Шунга қарамай Бобур то умрининг сўнгги дамларига қадар бобомерос юртини бениҳоя қўмсаб, қалби шу муқаддас замин томон талпиниб ўтди. Ватандан, хешу ақрабодан келадиган хабарларни интиқлик ила кутди. Мовароуннаҳрда қилолмаган буюк ишларини афғон ва ҳинд ерларида амалга оширса-да, бу қилмиши учун ўзини юзи қаро деб ҳисоблади. Худди ана шу «юзқаролик»ни насрда ҳам, назмда ҳам баён этди.

Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, ҳинд сори юзландим,

Ё раб, нетайин, не юз қаролиғ бўди.

Бобур Кобул шаҳри атрофида Боғи вафони  бунёд эттиради. Бироқ шу боғни ўзининг киндик қони томган Мовароуннаҳрда эмас, бошқа ўлкада барпо этганидан ўксинади ҳам. Деҳли, Агра каби шаҳарларга умрининг азиз дамларини бахшида этган, меҳр ришталарини боғлаган бўлса-да, кўп ҳолларда ўзини қафасдаги қушдек ҳис этади:

Ҳижрон қафасида жон қуши дам қиладур,

Ғурбат бу азиз умрни кам қиладур.

Бобурнинг кўнгли сезганидек, азиз умри қисқа бўлди. У 47 йил яшади. Лекин шу қисқа умри давомида шунчалар катта ишларни амалга оширдики, бу кишида чексиз фахру ҳайрат уйғотади. Унинг фотиҳлик санъати, зафарлари, адолати, тарқоқ қабила ва давлатларни бирлаштириб, афғон ва ҳинд юртлари тараққиётига қўшган ҳиссаси, қолаверса, бебаҳо бадиий, илмий асарлари аллақачон юксак баҳосини олган. Бу асарлар, айниқса «Вақойиъ», яъни «Бобурнома» улуғ шоир ҳаётининг, тафаккури ва туйғуларининг кўзгусидир.

«Бобурнома»ни ҳаёт дарслиги дейиш мумкин. Асарда 1494 йилдан 1530 йилгача бўлган даврда Фарғонадан Ҳиндистонгача, яъни Мовароуннаҳр, Хуросон, Эрон, Озарбайжон ва бошқа юртлардаги воқеалар, жанглар тафсилоти ғоят қизиқарли, ибрат бўларли қилиб тасвирланган. Мазкур воқеаларни ўқиган китобхон ўзини ўша воқеаларнинг иштирокчисидай ҳис этади. Асарнинг бош қаҳрамони бўлган Бобур Мирзо баъзан изтироб чекади, йиғлайди, гоҳо мамнун ва масрур бўлади. Асарда тасвирланган 35-36 йиллик тарихнинг бевосита гувоҳи ҳам, бош қаҳрамони ҳам Бобурнинг ўзи. Чунки барча воқеалар унинг иштирокида юз беради. Улар Бобурга қандай таъсир қилган бўлса, ўқувчига ҳам шундай таъсир этади. Асарнинг бадиий қиммати ҳам энг аввало шундадир.

Шоирнинг ўзи «Бобурнома» ҳақида шундай ёзади:

Ҳар ким бу «Вақойиъ»ни ўқур, билгайким,

Не ранжу не меҳнату не ғамлар кўрдум.

Шоирнинг нафис шеърияти – ғазал, қитъа, рубоий, туюқ ва фардларида ифодалар нақадар гўзал, ҳис-туйғулар тўлқини жўшқин, рангин ҳамда кўнгилга яқин. Улар шеър ва қўшиқ мухлисларининг кўнгил мулкига айланган. Санъаткорлар севиб куйлайдиган кўплаб ғазаллари борки, улардан бири шундай бошланади:

Жамолинг васфини эй, ой, неча элдин эшитгаймен,

Не кун бўлғай висолинға мени дилхаста етгаймен.

Бу қўшиқни тинглаганда Бобурнинг ўтли қалбини, ёнишларини андак англагандек бўламиз. Бу сўзлардаги соғинчни, ҳижрон қафасидаги кўнгил қушининг армонли ноласини ҳис этмай бўладими?

Ҳа, буюкларнинг ватанга муҳаббати ҳам, соғинчи ҳам, армони ҳам буюк бўлади.

Норбўта ҒОЗИЕВ, «Huquq»