Марраларимиз жуда юқори, халқимиз биздан амалий натижалар кутяпти

10:25 - 11.02.2022

4

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи билан яқиндан танишиш мақсадида 10 февраль куни Самарқанд вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари ҳар гал Самарқандга ташриф буюриб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш бўйича лойиҳалар билан танишганида, фаоллар билан учрашганда вилоятнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, мазкур тармоқни иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бирига айлантиришга эътибор қаратади. Шу билан бирга бу ердаги муқаддас қадамжоларни обод қилиш, буюк аждодларимиз маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга, ёш авлодни уларга муносиб бўлишга даъват этади.

Шавкат Мирзиёевнинг 2019 ва 2021 йиллардаги ташрифларида ҳам бу жиҳатлар устувор аҳамият касб этиб, бир қатор янги лойиҳалар белгиланганди. Шу асосида Самарқандда халқаро аэропортни модернизация қилиш, эшкак эшиш канали атрофида Самарқанд туризм марказини қуриш, Имом Бухорий мажмуасини реконструкция қилиш, шаҳар йўлларини кенгайтириш ва коммуникация тармоқларини янгилаш, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида янги турар жой массивлари бунёд этиш каби ишлар бошланганди. Ушбу қурилиш-бунёдкорлик ишлари натижасида Самарқанд қиёфаси кун сайин ўзгариб замонавий кўриниш касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг бу галги ташрифи Самарқанд халқаро аэропортида яратилаётган шароитларни кўздан кечиришдан бошланди.

Маълумки, бу «ҳаво дарвозаси» қарийб 83 миллион долларлик лойиҳа эвазига янгидан қурилмоқда. Ўтган йили учиш-қўниш йўлаги қайта қурилган эди. Бугунги кунда янги терминал тўлиқ тикланиб, пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Йўл, автотураргоҳ ва ёритиш устунлари барпо этилмоқда.

Мирзо Улуғбекнинг буюк мероси Самарқанднинг тимсолига айланган. Шу боис янги аэропорт биноси аллома бобомизнинг «Зижи жадиди Кўрагоний» китоби шаклида барпо этилган. Терминалнинг эни 175, баландлиги 25 метр. Бир соатда 800 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.

Аэропортда “очиқ осмон” режими қўлланилади, карго хизмати ҳам йўлга қўйилади.

Янги терминални келгуси ойда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев, анъанага кўра, Самарқандга ташрифи чоғида буюк муҳаддис Имом Бухорий қабрини зиёрат қилди.

Қуръон тиловат қилинди.

Давлатимиз раҳбари мажмуа қурилишини кўздан кечирди. Бу ерда қарийб 10 минг намозхонга мўлжалланган масжид, тўртта минора, айвонлар барпо этилмоқда.

Мақбаранинг ўнг томонида, еростида галерея қурилмоқда. Бу ерда зиёратчилар аллома қабрини кўриш имкониятига эга бўлади. Мақбара наққошлик ва хаттотлик санъати асосида сайқалланади. Унинг деворларига қадимий услубда Қуръони карим суралари ва ҳадислар ёзилади.

Шу ерда галдаги қурилиш ишлари ҳақида маълумот берилди. Мажмуа ёнида меҳмонхоналар, автотураргоҳ, автобекат, ошхоналар, савдо расталари, таҳоратхона барпо этилади.

Президент уларни сифатли қуриш, кўп сонли зиёратчиларга замонавий қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Давлатимиз раҳбари Ҳазрати Ҳизр мажмуасидаги Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақбарасини ҳам зиёрат қилди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрининг Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари кесишмасида қурилган туннелни бориб кўрди.

Бу икки кўча шаҳардаги энг катта, серқатнов йўллардан. Туннель қурилиши натижасида транспортлар ҳаракатига қулайлик ошиб, тирбандлик бартараф бўлди. Унинг узунлиги 120, кенглиги қарийб 27 метр.

Рудакий кўчасида автомобиль ва трамвай йўли, пиёдалар ва велосипед йўлаклари қурилди. Ҳудуд ободонлаштирилди.

Шу ерда Самарқандда йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича келгуси режалар ҳақида маълумот берилди.

– Охирги йилларда Самарқанд ҳар томонлама ривожланяпти. Лекин ҳали одамларга қулайлик ва хавфсизлик жиҳатидан кўп иш қилиш керак. Бу ерда ҳам йил сайин машиналар кўпаяяпти. Йўллар, светофорлар эса деярли ўша-ўша. Шунинг учун бу соҳага ихтисослашган илмий-амалий марказ ташкил қилиш мақсадга мувофиқ. Улар хориж тажрибасини ўрганиб, жорий этиши, қайси йўлни кенгайтириш, қаерда йўлак қуриш, қаерда светофорни олиб ташлаш бўйича таклиф ишлаб чиқиши керак, – деди Президент.

Шавкат Мирзиёев мазкур туннель яқинида, Бўстонсарой кўчасида қурилган галерея услубидаги кўприкни ҳам кўздан кечирди.

Шу пайтгача йўлнинг Сиёб канали устидан ўтган қисми анча паст бўлиб, ёғингарчилик пайтида транспорт ва пиёдалар учун ноқулайлик туғдирарди. Шу боис йўл 23 метргача кўтарилиб, эни 31 метргача кенгайтирилди. Йўлнинг икки четида ҳимоя воситаси, шовқин камайтирувчи тўсиқлар ўрнатилди. Пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилди.

Ташриф дастуридан ўрин олган навбатдаги манзил – Самарқанд шаҳридаги 59 мактаб-интернат бўлди.

Бу муассаса 1974 йилда қурилган, 2009 йилда капитал таъмирланган. Ўқув бинолари, ётоқхона ва ошхонада зарур шароитлар яратилган. Ҳозирги кунда муассасада 259 нафар кўзи ожиз болалар билим олмоқда.

Мактабда фанлар ва мусиқа тўгараклари йўлга қўйилган. Кўплаб ўқувчилар санъат ва спорт йўналишларида халқаро миқёсда муваффақиятларга эришган. Ўтган йили мактаб-интернатни тамомлаган 19 нафар ёшдан 9 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.

Давлатимиз раҳбари ўқувчи ва ўқитувчилар билан суҳбатлашди. Мураббийлар 2003 йилда, Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти ҳокими бўлган пайтда ҳам бу ерга келганини ёдга олишди. Мактабдаги шароитлар, ўқишга киришдаги имтиёзлар учун миннатдорлик билдирди.

– Ҳамма ҳаракатларимиз тагида инсон қадрини улуғлаш мақсади бор. Бугун бу ерга сизларнинг хоҳиш-истакларингиз, муаммоларингизни билиш учун келдим. Мақсадимиз – яхши ўқиб, ишлаб, жамиятда ўрин топишингиз учун шароит яратиш, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўқитувчилар брайль алифбосидаги янги дарсликлар, айниқса, чет тили бўйича китоблар, компьютер клавиатуралари етишмаётганини айтди. Имконияти чекланган болалар билан ишлаш малакасига эга педагоглар ҳам кам.

Президентимиз буларнинг ҳаммасини инобатга олиб, кўзи ожиз инсонлар учун имкониятлар кенгайтирилишини таъкидлади.

– Шундай қарор қабул қиламизки, аввало мактабларнинг ўзида ўқувчилар касбга ўргатилади. Ҳар бир олийгоҳда, ташкилотда кўзи ожиз инсонлар учун алоҳида ўринлар бўлади. Бу соҳадаги энг катта қийинчиликлардан бири – мактабгача таълим. Шунинг учун ҳар бир мактаб-интернат ёнида боғча ҳам қуриш керак, – деди давлат раҳбари.

Бу борада ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берилди.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари «Silk road Samarkand» туризм маркази қурилиши билан танишди.

Бу улкан мажмуа Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида барпо этилмоқда. Лойиҳанинг қиймати 381 миллион долларни ташкил этади. Бугунги кунда 8 та меҳмонхона, конгресс-холл, «Абадий шаҳар» карвонсаройи қурилмоқда. Меҳмонхоналарнинг иккитаси 22 қаватли, беш юлдузли, қолганлари тўрт юлдузли бўлади.

Бу ерда замонавий хизматларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

– Бизда туристлар келиб томоша қиладиган бино ва обидалар кўп. Лекин хизматлар тури кам, сифати паст. Бу марказда кўп тармоқли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилиши керак. Туризм соҳасида ўқиётган талабалар шу ерга келиб, амалиёт ўташи зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз «Абадий шаҳар» карвонсаройини ҳам кириб кўрди. Бу жой юртимизнинг қадимий шаҳарларини эслатади, халқимизнинг меъморлик анъаналари, амалий санъат турлари, миллий таомлар, қадимий бозорларимиз кўринишини мужассам этади.

– Бу ерда тарихимиз, маданиятимиз намоён бўлади, одамлар болалари билан келиб кўради. Шунинг учун бинолардаги безаклар, ранглар меъёрида, миллийлигимизга хос бўлиши керак. Карвонсарой ҳовлисида ҳунармандлар растасини ташкил қилиш ҳам мумкин, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари Жомбой туманидаги «Тошкент» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди.

Ҳудудда 4 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Ўндан ортиқ дўкон, маиший хизмат шохобчалари, ошхона ва қандолат цехида хотин-қизлар ва ёшлар иш билан банд. Минг ўринли мактаб, мусиқа ва санъат мактаби, 600 ўринли болалар боғчаси бор. Маҳалла марказида ташкил этилган ўқув масканида шу ерлик ишсиз аёлларга тикувчилик сирлари ўргатиляпти.

Маълумки, мамлакатимизда маҳаллабай ишлаш бўйича янги тизим жорий этилди. Шу асосида Жомбой туманидаги 38 та маҳаллага ҳам ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари тайинланди. Президентимиз улар билан суҳбатлашди.

Ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари ўзлари масъул маҳалладаги ўрганиш натижалари, муаммоларни ҳал этиш бўйича режаларини сўзлаб берди. Ёрдамга муҳтож оилалар аъзолари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилиши, ўзини ўзи банд қилиш учун имтиёзли кредит ва субсидия берилиши, деҳқон хўжалиги учун ер майдонлари ажратилиши айтилди.

Бу йил Жомбойда маҳаллабай тизим орқали тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун 62 миллиард сўм имтиёзли кредит ва 4,5 миллиард сўм субсидия ажратиш кўзда тутилган.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, спортга жалб этиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳам муҳимлиги таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи якунида ҳокимлар ва сектор раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда шаҳар ва туманлардаги долзарб иқтисодий-ижтимоий масалалар кўрсатиб ўтилди. Айрим ҳокимлар порахўрлик, таниш-билишчиликка йўл қўйган, одамлар дардига беътибор бўлган. Зарур маблағлар ажратилган бўлса-да, ичимлик суви, иссиқлик ва электр таъминотини яхшилаш ишлари суст ташкил этилган.

Сув тежовчи технологиялар жорий қилиш учун ажратилган субсидия маблағлари мақсадсиз ишлатилган. Вилоят банкларида муаммоли кредитлар ҳажми ортган, кредитларни нотўғри ажратиш, имтиёзли кредитларга мўлжалланган маблағларни талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланган. Йўл-транспорт ҳодисалари, жиноятлар сони ошган.

Ўз фаолиятида масъулиятсизликка, жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун бир қатор туман ҳокимлари, ҳудудий идоралар раҳбарлари вазифасидан озод қилинди. Камчиликларни бартараф этиб, тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллалар фаровонлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

– Марраларимиз жуда юқори, халқимиз биздан амалий натижалар кутаяпти. Мана, бугун ўн нафар раҳбарни ишдан олдим. Бундан буён ишламаган раҳбарларга чора жуда қаттиқ бўлади. Бундан ҳамма хулоса қилиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев йиғилиш якунида.

Шу билан давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифини якунлади.

З.ЖОНИБЕКОВ, А.МУСАЕВ,

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбирлари