Тош конини ўмарганлар

17:16 - 10.02.2022

13

Магистрал ва ички йўллар режа билан таъмирлаб борилмоқда. Янги йўллар қурилаяпти.

Йўл қурилиши таҳлили Фарғона тумани йўллардан фойдаланиш  унитар корхонасининг собиқ директори Н.Тошлонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва тош цехи бошлиғи С.Ҳожиев 2019–2020-йилларда жиддий  қонунбузилишларга йўл қўйишганини кўрсатди.

Фарғона транспорт прокуратурасининг қарори билан корхона фаолияти мутахассислар, молия ва солиқ бошқармалари ходимлари жалб этилиб тафтиш қилинди. Унитар корхона фойдаланиб келган Дамкўл конида ўтказилган ўлчовда қазиб олинган қум-шағалнинг ҳисоби чиқарилди ҳамда ҳисобхона ҳужжатлари билан солиштирилди. Маълум бўлишича, майда шағал ва ювилган қум тайёрлаш учун ҳақиқатда қазиб олинган 27421 метр куб қум-шағал аралашмаси ҳисоботда кўрсатилмаган. 2019 йилнинг январь ойидан 2020 йил ноябрь ойигача қазиб олинган 104 767 метр куб қум-шағалнинг 40405 метр куби ҳисоботларга киритилмаган. «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонун талабларига зид равишда қум-шағал лицензия ва кон ажратиш далолатномаси расмийлаштирилмасдан қазиб олинаверган. Жами қиймати 183 млн. сўмдан зиёд салкам 13 минг метр куб қум-шағал талон-торож қилинган.

Фарғона вилояти ҳокимининг 2019 йил 27 ноябрь кунги фармойиши асосида Фарғона тумани ва Фарғона шаҳри ички йўлларига шағал ётқизиш белгиланган. Фармойишни бажариш давомида тош конидан 13328 метр куб шағал берилгани ҳақида ҳужжат расмийлаштирилган. Текширишда аслида берилмаган 2512 метр куб шағал қўшиб ёзилиб, 25 млн. 602 минг сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани аниқланди.

Текширишда шунингдек унитар корхона солиқ базасини яширгани туфайли  331 млн. 679 минг сўм солиқни тўламагани, бир йилдан зиёд вақт мобайнида лицензиясиз, лойиҳа ва далолатнома расмийлаштирмасдан 102 минг метр кубдан зиёд 1 млрд. 569 млн. 110 минг сўмлик қум-шағал қазиб олингани, қонунга зид равишда 5 та ҳолатда ишчиларга 20 млн. 206 минг сўм иш ҳақи натура шаклида берилгани аён бўлган.

Судда бюджет маблағини талон-торож қилган тош конининг собиқ бошлиғи С.Ҳожиев ва унитар корхона директори Н.Тошлонов айбига тўлиқ иқрор бўлди. Етказилган зарар тўлиқ қоплангани инобатга олиниб, директорга базавий ҳисоб­лаш миқдорининг 75 баробари, цех бошлиғига эса 300 баробари миқдорида жарима, икки ярим йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.