Навоийга умримни бағишлаганман…

09:21 - 09.02.2022

39

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, рассом Темур Саъдуллаев ижодига кўпдан буён қизиқаман. Бундан саккиз йил муқаддам – 2013 йилнинг февраль ойида пойтахтимиздаги Миллий маданият марказида унинг Алишер Навоий таваллудига бағишлаб ўтказилган расмлар кўргазмасида мусаввир ижодини ўзим учун қайтадан кашф этган эдим. Кўргазмадаги 60 дан ортиқ суратда Навоий асарлари қаҳрамонлари ва воқеалар ёрқин акс эттирилган эди. Уларда Навоий асарларидаги сюжетлар майда деталларигача маҳорат билан тасвирланган, шоир ижодидан баҳраманд бўлганлар бир кўришдаёқ асар ва қаҳрамон номини айта оладиган даражада мукаммал чизилган эди. Кўргазмадан бир олам таассурот билан қайтган эдим ўшанда…

Алишер Навоий таваллуди куни арафасида рассом Темур Саъдуллаев билан суҳбатлашиш мақсадида йўлга тушдим.

Темур Саъдуллаев

– Темур ака, мумтоз тасвирий санъат мактаблари  анъаналарини замон руҳига, характерига мос равишда давом эттириш ҳар қандай мусаввирга ҳам насиб этавермайди. Бунинг учун ижодкор аввало тасвирий санъат тарихини мумтоз адабиёт билан чамбарчас боғлиқ ҳолда чуқур ҳис эта билмоғи керак. Шундай эмасми?

– Ўзбек миллий тасвирий санъатига назар солар эканмиз, унинг асрлар давомида мураккаб тараққиёт босқичини босиб ўтганини кўрамиз. Мумтоз адабиётимиз ва тасвирий санъатимизнинг қанчалик бир-бирини тўлдиришига эсаулуғ шоиримиз Алишер Навоий ва мусаввир Камолиддин Беҳзоднинг ҳаётий мулоқоти мисол бўла олади. Айтиш мумкинки, Навоий ва Беҳзод устоз ва шогирд анъанасига асос солдилар.

Навоий асарлари эзгулик, комиллик, адолатпарварлик, маърифат ғоялари билан яратилган. Шунинг учун Навоийдек буюк сиймоларга мурожаат қилиб, уларнинг фалсафаси ва теран фикрларини халқимизга, ёш авлодга етказиш бизнинг вазифамиздир. Бу бизга катта масъулият юклайди.

Бебаҳо қадриятларимизни ардоқлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

– Устозингиз Чингиз Аҳмаров ҳақида гапириб берсангиз. Яна кимларни устоз деб биласиз?

– Устозим Ўзбекистон халқ рассоми Чингиз Аҳмаровнинг номини эшитмаган, унинг ижодини билмаган санъат ихлосманди бўлмаса керак. Чингиз Аҳмаров ўзбек халқининг тарихи, санъатининг чинакам билимдони эди. У кўплаб ўзбек адибларининг, жумладан, буюк бобомиз Алишер Навоийнинг асарларини қунт билан ўрганган. «Хамса»ни ўқиб илҳомланган устоз уни бўёқда жонлантиришга киришар экан, ҳар бир асари устида қайта-қайта меҳнат қилиб, тўлақонли ва гўзал сиймоларни яратишга муяссар бўлган. 1946 йилда яратган «Ширин портрети»да ана шундай бетакрорликни кўриш мумкин. Шириннинг шарқона чеҳраси, либослари, ҳатто хатти-ҳаракатидаги ҳолатлар бир-бири билан уйғунлашиб кетган. Унинг ҳар бир асарида ўзбек халқининг тарихи, буюк мутафаккирлари сиймоси шундай маҳорат билан тасвирланадики, ҳали ҳеч бир рассом Чингиз аканинг мўйқаламига хос бундай хусусиятларни жамлай олгани йўқ. 

Энг бахтли кунларимдан бири – илк бор 1966 йилда ўзим ишлаган суратларни кўтариб акам билан Чингиз Аҳмаров ҳузурига борганимиз ҳамон кўз ўнгимда. Унинг маслаҳати билан ўша йили Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг тасвирий санъат факультетига ўқишга кирдим. Бу ерда таниқли рассом, профессор Малик Набиевдан рангтасвирни, ҳайкалтарош Абдумўмин Бойматовдан қаламтасвир сирларини ўргандим. Талабалигимда Чингиз Аҳмаровнинг олдига тез-тез бориб турардим. Унга Навоий лирикасига бағишлаб диплом иши қилиш ниятим борлигини  айтдим. Ана шундан сўнг атоқли адабиётшунос Ҳамид Сулаймон билан учрашиш ва танишишга муяссар бўлдим. Ҳамид ака мени талабалик пайтимдаёқ адабиёт музейига рассом сифатида ишга қабул қилган эди. 

Алишер Навоий асарларига қизиқишим музейга ишга келганимдан сўнг янада ортди. Бу ерда «Алишер Навоий ва Беҳзод» номли асаримни яратдим. Менинг рассом сифатида шаклланишимда устозларим Чингиз Аҳмаров ва Ҳамид Сулаймоннинг хизматлари жуда катта.

Устозим Чингиз Аҳмаров менга маҳобатли рангтасвир сирларини ўргатган бўлса, Ҳамид Сулаймон адабиёт қасрининг эшигини очиб берди. Мен шунинг учун буюк инсонларнинг шогирдиман деб бемалол айта оламан.

– Портрет жанридаги асарларингиз орасида Ҳамид Сулаймон портретига ҳам кўзим тушди.

– Профессор Ҳамид Сулаймон портретини 1975 йилда чизганман. Бу орқали устозимга бўлган самимий муҳаббат ва ҳурматимни ифодалаганман. Ҳалигача эсимда: ўша кезлар «Алишер Навоий ва Беҳзод», «Хадра» ва «Рассом оиласи» асарларини якунлаб, Ҳамид Сулаймон ҳузурига олиб бордим.

Домла ишларимни кўздан кечирар экан, «Алишер Навоий ва Беҳзод» портретига алоҳида эътибор бериб, секингина елкамга қоқиб, «Боплабсан, ўғлим» деди.

Ўзининг портрети тўғрисида эса «ияк томонимда қизил ранг кўпайиб кетибди» деди. Назаримда, бу ҳолат худди Беҳзод билан Шайбонийхон мулоқотига ўхшаб кетарди.

Айтишларича, Камолиддин Беҳзод Шайбонийхон портретини ишлаб унинг ҳузурига кирганида улуғ хон ундан мўйқаламни олиб, ўзининг портретига соқол устидан янада қорароқ қилиб суриб қўйган…

– Асарларингизнинг тарихи ҳақида ҳам гапирсангиз. Навоий асарларини чизишингизга нима туртки бўлган?

– Дастлабки асаримни 1971 йилда яратганман. «Қиз портрети» ёшлар кўргазмасида намойиш этилди. «Ёшлик триптихи» мухлислар эътиборини қозонди.

«Ширин Фарҳод шарафига базм бермоқда» номли асарим 1972 йилда музейгаолинди. Ҳозир музей фондида сақланмокда. 1973–1980-йилларда талайгина асарларим билан республика ва бошқа давлатларда бўладиган кўргазмаларда қатнашдим. 1980 йилда Ўзбекистон рассомлар уюшмасига аъзо бўлдим. Ижодимнинг 80-90 фоизини тарихий жанр ва Алишер Навоий фаолиятига бағишланган асарлар ташкил қилади.

Алишер Навоий музейининг «Хамса» залига ишланган бешта деворийрасм Навоий бобомизнинг 550 йиллик юбилейи муносабати билан ишланган. Ёшлигимдан буни орзу қилардим. Йиллар ўтиб бу орзум амалга ошди.

Бир куни катта деворга расм ишлаётган ҳолатим тушимга кирди. Таъбирини нимага йўйишни билмай юрганимда музей директори ҳузурига чақириб қолди. Ўша пайтлар музейга академик Азиз Қаюмов директорлик қилар эди. «Темурхон, – деган эди Азиз Қаюмов, – яқинда Навоий юбилейи нишонланади. Музей деворида бўш жой бор, шунга «Хамса»га расмлар ишлаб берсангиз». Мен бунга бажонидил рози бўлдим ва ишга киришиб кетдим. Тўнғич ўғлим Жаҳонгир билан 45 кунда ишни бажариб, ёруғ юз билан топширдим.

Ўшанда устозим Чингиз Аҳмаров «Сен, Темур, қаҳрамонлик кўрсатдинг» деб қўлимни қаттиқ қисиб қўйган эди.

Ижодимдаги энг катта ва шарафли иш шу деворий расм бўлиб қолди.

– Алишер Навоий асарларига ишланган суратларда шоир қиёфаси тасвирланганини ҳам кўрамиз. Албатта, бу ўринда Навоий портрети қайси мусаввирлар томонидан яратилгани ҳам катта аҳамиятга эга.

– Албатта. Шеърият султони Алишер Навоий образини Ка­молиддин Беҳзоддан ташқари унинг шогирди, миниатюра санъати устаси Маҳмуд Музаҳҳиб ҳам яратган. Ҳиротда Камолиддин Беҳзод қўлида таълим олган Маҳмуд Музаҳҳиб ҳам Алишер Навоий даҳосидан баҳраманд бўлган инсон. У ишлаган Навоий портрети ҳозир Эроннинг Машҳад шаҳридаги Осмони Қуддус мажмуасидасақланмоқда. Портретнинг қимматлилиги ўз замонасига хос анъанавий миниатюра услубида яратилганидадир. Яна шуни айтиш керакки, асар муаллифи Алишер Навоийни ўз кўзи билан кўрган ва Камолиддин Беҳзод устозлигидаги нафис санъат мактабини ўтаган. Мазкур портрет Навоий замонасидан бир оз кейин яратилган бўлса-да, юқоридаги далиллар унинг ҳақиқатга яқинлигини таъкидлаб турибди. Шундай образда гавдаланган очиқ чеҳрани Беҳзод ва бошқа рассомларнинг асарларида ҳам учратиш мум­кин. Бу машҳур портретда нуроний чеҳрасида самимий  табассум балқиб турган буюк бобомиз Алишер Навоийга хос зукколик ва донолик яққол кўриниб турибди. Асарда Навоий ҳассага таянган ҳолда тасвирланган. Портретнинг ўзига хос ишланиши, Навоий қиёфасининг мукаммал тасвирланиши Маҳмуд Музаҳҳибнинг маҳоратли мусаввир эканидан далолат беради.

Шахсан мен учун Маҳмуд Музаҳҳиб чизган ана шу портрет эталон бўлиб қолади.

Алишер Навоий образига кўпгина таниқли рассомлар ҳам мурожаат этган. Бунга Чингиз Аҳмаров, Абдулҳақ Абдуллаев, Лутфулла Абдуллаев, Неъмат Қўзибоев, Жавлон Умарбеков каби рассомларни мисол қилиш мумкин. Уларнинг ҳар бири шоир образини ўз қарашидан келиб чиқиб яратган. Қисман мен ҳам баҳоли қудрат Навоий портретига мурожаат қилдим. Бунда мен юқорида айтганим – Маҳмуд Музаҳҳиб чизган портретни асос қилиб олдим. Бирдан-бир асосли манба шу портрет бўлгани сабабли шунга мурожаат этдим.

Темур Саъдуллаев билан суҳбатлашиб қайтар эканман, унинг «Инсонга ўз севган соҳасида меҳнат қилиши катта завқ беради. Мен ижод деганда шуни тушунаман. Худо хоҳласа, бундан кейин ҳам Навоий бобомиз асарларига такрор ва такрор мурожаат этавераман. Чунки мен Навоийга умримни бағишлаганман» деган гаплари хаёлимдан кетмасди.

Фазилат ЁДГОРОВА,

«Huquq»