Устоз шогирдини қақшатди

15:19 - 07.02.2022

12

«Ён қўшни – жон қўшни», «Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал» деб бежиз айтилмаган. Яхши қўшнилар яхши-ёмон кунда бир-бирларини қўллайди, айрим ҳолларда олисда турадиган ака-ука, опа-сингилдан ҳам кўпроқ асқотади. Бироқ…

Солижонобод Марказий Фарғона чўлини ўзлаштириш давомида бунёд бўлган қишлоқлардан бири. Шу қишлоқда яшовчи ўттиз беш яшар С.Қ. уч фарзанднинг онаси, расман бирон жойда ишламаган. Қиш куни соат ўн бирларда у бахмал тўқишни ўргатган шогирди М.ни йўқлайди. Аёлнинг дарвозаси берк, чақирса ҳеч ким жавоб бермайди. Қўшнидан сўраб М. бошқа аёллар билан бирга нариги қўшнисининг уйида бахмал тўқиётганини билиб олади.

С.Қ.нинг хаёлида қачондан бери пишитиб юрган иш – ўғирликка имкон туғилади. Қўни-қўшниларнинг дарвозалари берк, кўчада ҳеч ким йўқ. С.Қ. шогирдининг бир девор қўшниси С.М.ни чақиради, жавоб бўлмагач, астойдил уринади-ю, унинг қулфланган дарвозасини оча олмайди. Аксарият уйлар каби бу ҳовлининг ҳам олди, ён тарафи девор билан ўралган, орти, яъни далага туташ томони очиқ эди. С.Қ. айланиб ўтиб атрофда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилиб, томорқадан ҳовлига кириб боради. Дарвоза каби уйнинг даҳлиз, меҳмонхона эшиклари қулфлангани учун С.Қ. очиқ деразадан ошиб меҳмонхонага киради. Жавондаги тўртта янги сочиқ ва битта дастурхонни қора пакетга жойлайди. Сўнг бурчакдаги сандиққа тахланган кўрпаларни олиб, ён томондаги қутичадан олган калит билан қулфини очади. Сандиқ ичидаги 5 минг сўмлик икки боғлам пулни олиб, қопқоғини ёпади, кўрпаларни тахлаб қўяди ва деразадан ҳовлига қайтиб тушади. Атрофга разм солиб, томорқадан кўчага айланиб ўтади.

Уйига яқинлашганида арзон нархда ун сотилаётганини кўриб, қўшниларига сотиш шарти билан 15 қопини уйига туширтиради. 12 қопини 125 минг сўмдан сотади, 3 қопини эса С.М.нинг уйидан ўғирлаган пулига сотиб олади. Унни қайси пулга олганини сўраган уйидагиларни алдайди.  Бахмал тўқиб топган пулимга сотиб олдим дейди.

Орадан бир неча кун ўтиб суриштирув давомида ИИБ ходимлари эшиги қулфлоғлик уй бекасининг қаердалигини қўшни аёллардан бири сўраганини аниқлаб, унинг уйига кириб боришади. С.Қ.нинг уйидан ўғирланган пулга сотиб олинган уч қоп ун, тўртта сочиқ, битта дастурхон далил сифатида олинади. Ўғри пулни даволанаётган қизининг дори-дармони, бозордан кўрпа жилдини харид қилишга сарфлаганини айтади.

Дастлабки терговда С.Қ. бир йил аввал, 2020 йил февраль ойида қўшниси А.А.нинг ҳовлисига сув олгани кириб, уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб ётоқхонасидаги сандиқдан 550 АҚШ доллари, 5000 Россия рубли ҳамда 6 млн. 750 минг сўм пулни ўғирлагани аниқланади. Қўли қинғир аёл бу пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборганига иқрор бўлади.

Судда жабрланувчи М.М. Фарғона шаҳридаги қурилишда ишлагани, 24 февраль куни хотини С.М. қўнғироқ қилиб уйига ўғри тушганини айтганидан кейин ИИБга қўнғироқ қилгани, уйига келиб қараганида сочиқ, дастурхондан ташқари 1 млн. 800 минг сўм ва 500 доллар пули йўқолганини билгани, судланувчидан олинган сочиқ ва дастурхонлар, уч қоп унни тилхат асосида қабул қилганини айтиб, қолган зарарни С.Қ.дан ундириб беришни сўради.

Жабрланувчи А.А. ён қўшниси С.Қ. ҳовлига тез-тез кириб келини билан суҳбатлашиб, зарур нарсаларни сўраб олиб турганини айтди-ю, ўғри аёл етказган зарар ундирилишидан ўз хоҳиши билан воз кечди. С.Қ.га ҳеч қандай даъвоси йўқлигини маълум қилди. Суд ҳукми билан жабрланувчи М.М.га етказилган 6 млн. 625 минг сўм зарарни ундирган ҳолда С.Қ.га 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.