Ҳарбийлар уйли бўлди

16:18 - 04.02.2022

15

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни арафасида Нишон туманидаги Нуристон қўрғонида жойлашган ҳарбий қисмларда шартнома асосида хизмат қилаётган ҳарбийлар учун 4 қаватли, жами 96 та хонадондан иборат иккита хизмат уйини тантанали топшириш маросими ўтказилди.

Тадбирда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари қўмондони Зайнобиддин Иминов, қўмондон ўринбосарлари Искандар Маллаев ва Элёр Пирматов, Қарши ҳарбий прокурори Жаҳонгир Ашуров, Нишон тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Шоҳида Хўжақулова, Нуронийлар кенгаши Нишон тумани бўлими раиси Хўжақул Махсимов, округ қўшинлари фахрийлар кенгаши раиси Шариф Мадиев, Нуристон ва Кимёгар маҳалласи раислари ҳамда туман аҳолиси қатнашди.

Тантанали маросимда сўз олганлар мамлакатимизда Қуролли кучлар ва мудофаа соҳасига қаратилаётган эътибор, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси хусусида гапириб, ҳар бир уйга алоҳида ташриф буюрган ҳолда хонадон соҳибларини қутлашди.

Тадбир давомида махсус ҳарбий гуруҳлар қўл жанги маҳорати ва махсус ҳарбий тактик чиқишларини намойиш этган бўлса, Қарши гарнизони Маънавият ва маърифат маркази оркестри ва туманнинг ёш ҳавас­корлар бадиий жамоалари томонидан ижро қилинган рақс ва куй-қўшиқлар йиғилганларга хуш кайфият улашди.

Шунингдек, тадбир сўнгида хонадон эгалари ва маҳаллий аҳолига байрам дастурхони ёзилиб, ош берилди.