“Айтганимни бермасанг, оғир ишга қўяман!”

11:23 - 01.02.2022

33

Содир этилаётган жиноятларнинг фош этилишига кўпинча фуқароларнинг мурожаатлари сабаб бўлмоқда. Мухтор Баҳромов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2017 йил октябрь ойидан бошлаб «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ «Олмалиқ металлург қурилиш» трестида участка бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди. М.Баҳромов 2019 йил 9 январь куни трестда сувоқчи бўлиб ишловчи А.Камоловдан 3 миллион сўм ойлик маошидан 500 минг сўмини унга беришини талаб қилади. Агар айтилган пулни бермаса уни ишдан бўшатиши ёки шароити оғир объектларга ишга жўнатиб, ойлик маошини камайтириб юбориш билан қўрқитади. А.Камолов охири унинг пластик картасига 500 минг сўм пулни ўтказиб беришга мажбур бўлади.

Орадан кўп вақт ўтмай М.Баҳромов яна сувоқчи А.Камоловнинг маошига кўз олайтириб, унга февраль ойида тўлаб берилган 3 миллион 321 минг сўм ойлик маошидан      1 миллион 150 минг сўмини унга беришини талаб қилади. Аввалги пўписаси бу сафар ҳам унга қўл келади.     

«Ҳеч ким билмайди» қабилида найрангини давом эттирган  Мухтор трестнинг бошқа ишчиси Қ.Намозовдан ҳам бир марта 700 минг сўм, кейинги ойлигидан 770 минг сўм ундирган.

Қурилиш-монтаж бошқармасининг 1-участкасида дурадгор бўлиб ишлаган Ғ.Тошев ҳам товламачининг қурбонига айланган. М.Баҳромов ишга кеч келган вақтида ёзган тушунтириш хатини йўқ қилишини айтиб, бунинг эвазига ундан ҳам 200 минг сўм олади.

Қурбонлари кўпайган сари Мухтор руҳланиб борарди. У сувоқчи У.Исаевдан ҳам 1 миллион 400 минг сўм ундиради.

 Мазкур талончиликка гувоҳ бўлиб юрган трестнинг юк ташувчиси Даврон Ҳусанов кўп ўтмай Мухторнинг ёрдамчисига айланади. Кунларнинг бирида Даврон устози Мухторга гўё фойдали насиҳат бермоқчи бўлади:

– Ака, ишчилардан олаётган пулингизни бошқа пластик карталарга ўтказганингиз маъқул. Эртага бирон гап бўлса сизга гап тегмасин дейман.

– Тўғри айтасан… Бир каттанинг, бир кичикнинг гапига  қулоқ солиш керак деб бежиз айтишмаган. Кичкина бўлсанг ҳам балосан… Таклифинг борми?

– Укамнинг пластиги бор. Бекор ётибди. Шу пластикни сизга бераман. Ўшанга пулларни ташлаб қўйинг. Тинч бўласиз.

Бировнинг ҳақи буюрмаслигини унутиб қўйган М.Баҳромов шогирдининг маслаҳатига кириб, қурбонлардан орттирилган даромадни турли карталарга ўтказа бошлайди.

Устоз-шогирднинг жиноий фаолияти кун сайин гуркирарди. Бу гал ғишт терувчи Т.Қурбонов ойлик маошидан 1 миллион 400 минг сўмини Даврон Ҳусановнинг акасининг пластик картасига ўтказишга мажбурланади.

Мухтор ўзини омади чопганлардан деб ҳисоблаб, шогирди Давронга ҳам ишончи ортиб борарди. Чунки Даврон устози учун трест ишчиларининг рўйхатини тузиб, қурбонларни белгилаб берарди. Бу гал ғишт терувчи О.Содиқовнинг 900 минг сўми ҳамда сувоқчи Х.Абдужабборовнинг 900 минг сўми товламачилик билан ўзлаштирилади.

Афсуски, ноқонуний иш кун келиб фош бўлишини устоз-шогирд унутиб қўйган эди. Пичоқ суякка тақалгач, талончиликдан жабр кўраётганлардан бири ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилади. Суриштирув жараёнида жабрланувчилар бор ҳолатни очиқ-ойдин баён қилишади. Натижада мазкур жиноятга чек қўйилди.

Энг қизиғи, судда сўралган судланувчи М.Баҳромов унга эълон қилинган айбловга иқрор бўлди, аммо ишчилардан пулни ишга керакли қўшимча анжомлар хариди учун олганини айтади. Бундан ташқари, у ишчилардан умуман пул олмагани ва улар пулни ўз ихтиёри билан Даврон Ҳусановнинг пластик картасига ўтказишганини маълум қилади.

Ниҳоят, 2020 йил 3 июль куни жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар суди томонидан Мухтор Баҳромов ҳамда Даврон Ҳусановнинг жиноий қилмишларига нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди. Тўпланган далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида суд ўз ҳукмини эълон қилди. Иккаласи ҳам беш йилга озодликдан маҳрум қилинди.