Маҳаллалар хатловдан ўтказилди

14:57 - 31.01.2022

11

Ўзбекистон Президентининг топшириқларидан келиб чиқиб 2021 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Фарғона вилояти прокурори, шаҳар ва туман прокурорлари секторидаги 251 та маҳаллада навбатдаги хатлов ўтказилди.

Асосий эътибор ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни аниқлаб бартараф этиш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, ҳудудларни ривожлантириш дастурига таклиф тайёрлашга қаратилди. 175 мингдан зиёд хонадоннинг шароитини ўрганиш давомида 7698 та муаммо аниқланди. Мутасадди идоралар билан ҳамкорликда кўрилган чоралар натижасида муаммоларнинг қарийб 6900 таси хатлов жараёнидаёқ ҳал этилди. Хусусан, Бувайда туманининг Хўжаобод қишлоғига сув тармоғи тортилиб 24 та оила тоза сув билан таъминланди. Олтиариқ туманининг Оқолтин маҳалласида қабристонга элтувчи йўл асфальтланди.

Шунингдек, аҳоли бандлиги билан боғлиқ 431 та муаммо ҳал этилди. Масалан, Бағдод тумани Мирзаобод маҳалласида яшовчи М.Худойберганова 42-ДМТТ­га ҳамшира лавозимига ишга жойлаштирилди.

Ишсиз аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиб даромад олиши, мол, асалари боқиши учун ёрдам кўрсатилмоқда. Тошлоқ туманида 148 нафар ёшга инкубатор етказиб берилди. Қўштепа тумани 2-секторида эса талабгорларга боқиб кўпайтириш ва фойда кўриш учун мингдан зиёд қуён тарқатилди. Бундан ташқари вилоят асаларичилар уюшмаси билан ҳамкорликда асал етиштиришга ихлосманд­ларга 100 дан зиёд асалари уяси берилди.

Хатлов давомида ўтказилган 220 дан зиёд сайёр қабул, ёшлар ва тадбиркорлар билан учрашувда айтилган муаммолар ҳал этилди, вақт талаб қиладиганлари эса режага киритилди. Тадбиркорликни энди бошлаган ёки бошламоқчи бўлган ёшларнинг билимини ошириш мақсадида мутасадди идоралар билан ҳамкорликда «Ғоядан ғалабагача» ёш тадбиркорлар форуми ўтказилди.

Хатлов якунида прокурор секторларида ягона намунадаги маҳалла паспортлари шакллантирилди. Аниқланган муаммолардан келиб чиққан ҳолда режалар тузилиб халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига юборилди.