Жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўлида

13:54 - 28.01.2022

16

Мамлакатимизда жиноятчиликка қарши кураш, қонун устуворлигини таъминлаш, эркин фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлат асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар жадал олиб борилмоқда. Мазкур жараёнда жамоат хавфсизлигини таъминлаш долзарб аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ устувор вазифалар белгилаб берилди.

Фармонга кўра жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ишларни «Халқ манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосида ташкил этишнинг мутлақо янги механизм ва тартибларини жорий этган ҳолда, давлат органларининг жамоатчилик тузилмалари билан ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш, шу билан бирга, фаолиятни «Барча саъй­ҳаракатлар инсон қадри учун» деган устувор ғоя асосида такомиллаштириш соҳадаги устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Мазкур вазифаларнинг ижросини таъминлашда прокуратура органларининг фаолияти муҳим ўрин тутади. Фармонга кўра прокуратура органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланди:

жамоат хавфсизлигини таъминлашга ваколатли давлат органларининг қонунларни аниқ ва бир хил бажаришлари устидан прокурор назоратини амалга ошириш ҳамда уларнинг жиноятчиликка қарши кураш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган профилактик ва махсус чора-тадбирларнинг самарадорлигини ўрганиш ҳамда ваколатли давлат органларининг қўшма йиғилишларида муҳокама қилиш;

жамоат хавфсизлиги соҳасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг сабабларини тизимли ва илмий таҳлил қилиш, уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкиллаштириш;

жамоат хавфсизлигини таъминлашда йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан прокурор назорати ҳужжатларини қўллаш ва уларнинг бартараф этилишини таъминлаш;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасига рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва мавжуд воситаларни ягона ахборот платформасига интеграция қилишда давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш;

фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ҳуқуқбузарликларга муросасизлик ҳиссини шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига, миллий ва умум­инсоний қадриятларга ҳурмат билан қарашга қаратилган тарғибот ишларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда олиб бориш.

Айтиш лозимки, юқорида қайд қилинган фармон билан Ўзбекистон Республикасининг жамоат хавфсизлиги тўғрисидаги концепция тасдиқланди.

Унга кўра жамоат хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шу жумладан кенг қамровли дастурларни қабул қилиш ва уларнинг ижросини таъминлаш, жамиятнинг қонунга хилоф тажовузлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш, бундай тажовузларнинг барвақт олдини олиш, уларнинг асосий омилларини аниқлаш ва бартараф этиш жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади.