Тўққиз она вафот этди…

15:44 - 27.01.2022

29

Бир оғриқли далилни келтириб ўтиш жоиз. Минг афсуски, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёлларни соғломлаштириш, улардаги касалликларни эрта аниқлаш ва профилактика қилиш, патронаж хизмати лозим даражада амалга оширилмагани оқибатида Қашқадарё вилоятида 2021 йилда 9 та она ўлими қайд этилган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг тасарруфидаги айрим тиббиёт муассасаларида юридик хизмат лозим даражада йўлга қўйилмасдан ходимларнинг ҳуқуқлари бузилган. Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича судларнинг ҳал қилув қарорлари асосида 2021 йилда Қарши шаҳри, Яккабоғ, Чироқчи, Деҳқонобод тумани тиббиёт бирлашмалари ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вилоят бошқармасининг 25 нафар ходими билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқлар ғайриқонуний деб топилиб, улар ўз ишларига тикланди. Уларга бюджетдан 136,6 миллион сўм иш ҳақи, мажбурий прогул даври учун тўлов ҳамда моддий ва маънавий зарарларни ундириш белгиланди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимларининг фаолияти эски йилларда тасдиқланган, маънан эскирган мажбуриятлар билан тартибга солиниб, ходимларнинг аниқ вазифа ва мажбуриятлари белгиланмаган, бош мутахассислар ҳамда консультантларнинг лавозим мажбуриятлари ва вазифалари ишлаб чиқилиб, уларга таништирилмаган.

Бугун фидокорона меҳнати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшаётган тиббиёт ходимлари кўп. Халқимиз уларга чексиз эҳтиром кўрсатади. Айниқса, кейинги синовли йилларда эл дардига дармон бўлган бундай фидойи шифокорлар, ҳамширалар, орастабонларга ҳар қанча тасанно айтсак арзийди. Шундай табаррук касбга аралашган қинғирликни эса ҳеч қачон кечириб бўлмайди.