Бюджетдан ўмарилган миллиардлар

09:33 - 27.01.2022

12

Қашқадарё вилоятидаги соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бюджет маблағининг сарфланиши борасида ҳам қатор қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани прокуратура органлари ўрганишлари давомида фош бўлди.

Биргина вилоят давлат молиявий назорати бошқармаси ўтказган 66 та текширишда тиббиёт муассасалари мансабдорлари ва бошқалар томонидан 2,4 миллиард сўм пул талон-торож қилингани ҳамда 1,8 миллиард сўм маблағни сарфлашда бюджет интизомига риоя этилмагани аниқланган.

Чунончи, Қарши шаҳри ва Нишон туманидаги тиббиёт муассасалари мансабдорлари 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилган. Шу каби Китобда 616,5 миллион, Ғузорда 218 миллион, Муборакда 160 миллион, Шаҳрисабзда 26 миллион, Касбида 10,7 миллион, Миришкорда 2,3 миллион, Косонда 4,2 миллион, Яккабоғда 3,2 миллион, Қамашида 1,3 миллион сўм пул талон-торож этилган. Мисол учун Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасида жами 22 нафар ходимга 223,6 миллион сўм ортиқча иш ҳақи тўланган.

Қарши шаҳридаги «Dеаl med» МЧЖ раҳбари Ф.Муҳаммадиев ва у билан молиявий алоқада бўлган тиббиёт муассасалари раҳбарлари жиноий тил бириктириб, жуда кўп миқдордаги маблағни талон-торож қилишган.

Бундан ташқари Қарши тумани тиббиёт бирлашмаси мансабдорлари тумандаги «Ертепа серфайз воҳа» масъулияти чекланган жамияти мансабдорлари билан жиноий тил бириктириб, шифохонани таъмирлаш учун 336 миллион сўмлик шартнома тузиб, бажарилмаган 80 миллион сўмлик ишларни бажарилди деб ҳисоботларга сохта маълумот киритган. Улар ҳам бу қилмишлари учун қонун олдида жавоб бердилар.