Навбатчилик учун 80 миллион!

10:23 - 26.01.2022

17

Касби тумани тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси М.Хайруллаева бўлимда меҳнат қонунчилигига риоя этилишини норасмий равишда назорат қилиб, бўлим ходимларини навбатчилик жадвалига киритиш мақсадида жиноий гуруҳ тузган. Ҳар бир ходимни бир ой мобайнида навбатчилик жадвалига киритиш учун товламачилик қилган. Ҳар бир ходимдан энг камида 100 000 сўмдан талаб қилиб, жами 80 миллион сўм пулни ўз шахсий манфаатига ишлатиб юборгани аниқланди.

Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли «Кўкдала» шифохонаси ҳамшираси М.Усанова, «Аннарўз» оилавий шифокорлик пункти фельдшери С.Муҳаммадиев ва бошқалар «Covid-19» вирусига қарши эмлаш учун мўлжалланган 250 дона вакцинани 4600 долларга сотган.

Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли биринчи туғруқхона бўлими шифокори Ғ.Ниёзов эса А.Соатовнинг турмуш ўртоғи С.Жумаевага жарроҳлик амалиёти ўтказгани учун 400 минг сўм тама қилган…

Афсуски, бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Жиноятга жазо муқаррар. Бироқ нега тизимда бундай иллатлар урчиб бораяпти? Буларнинг барчаси ҳудудлардаги тиббиёт бирлашмаларида коррупцияга қарши кураш қониқарсиз ташкил этилганидан далолат эмасми?!