Балиқ эмас, қармоқ бериш зарур

17:48 - 21.01.2022

30

Самарқанд вилоятида прокуратура органлари томонидан 2021 йилда 2-секторларда қилинган ишлар ҳақида маълумот берадиган бўлсак, уларда жами 291 та маҳаллада 280 мингдан зиёд оила, яъни 1 млн.дан ортиқ аҳоли яшайди. Бу вилоят аҳолисининг 27 фоизига тенг.

Бугунга қадар «темир дафтар»даги 16723 нафар меҳнатга лаёқатли ишсизнинг бандлиги таъминланди. Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларининг қарор билан 12402 та оила камбағалликдан чиқарилди.

«Муҳтожга балиқ эмас, қармоқ олиб бериб, балиқ тутишни ўргатиш зарур» деган ғоя асосида махсус дафтарларга киритилган ишсизларни тадбиркорликка жалб қилиш, ўзини ўзи банд қилиш мақсадида 7,2 млрд. сўмлик 3705 та асбоб-ускуна тарқатилди.

2-секторлардаги аҳолининг 183 800 нафари ёшлар, шундан 19410 таси «ёшлар дафтари»га киритилган. Ҳозиргача улардан 18894 нафарининг муаммоси ҳал этилди.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан 869 та спорт ва мусиқа мусобақаси, тўгараклар, конкурслар ташкил этилди.

Қўшработ туманида Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги билан ҳамкорликда «Прокурор ва ёшлар» учрашуви ўтказилди. Тадбирда қўшработлик 46 нафар ёш ҳамда 21 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди.

Самарқанд шаҳрида «Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор» шиори остида «1+1» лойиҳаси бўйича 176 нафар йигит-қиз ҳунармандчиликнинг турли йўналишларида фаолият олиб бораётган моҳир усталарга бириктирилди.

Самарқанд шаҳри Давлатшоҳ Самарқандий маҳалласидаги 65-мактаб таъмирланди, Дари занжир маҳалласида 150 ўринли, Кулоллар маҳалласида 130 ўринли боғча қурилди. Қир маҳалласида яшовчи Л.Асатуллаевага янги уй қуриб берилди.

Пастдарғом туманида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида ёшлар, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар, алимент тўлашга қийналаётган оталар таклиф этилиб, 60 нафар ёш, пробация хизматида рўйхатда турган 18 нафар маҳкум ишга жойлаштирилди.

Нуробод туманидаги 25 нафар хотин-қиз сектор раҳбарининг ташаббуси билан Самарқанд шаҳридаги «Зарафшон текстил» МЧЖга ишга олинди. Ургут тумани Вағашти ва Сариқтепа қишлоқларида 60 нафар ишсиз ёшнинг ҳар бирига 30 сотихдан ер ажратиб берилди. Бундан ташқари, Жозмон маҳалласида ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилаларнинг 10 нафар фарзандининг суннат тўйи ўтказиб берилди.