Ватанга хизмат беэътибор қолмайди

15:56 - 21.01.2022

26

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан 14 январь куни Бош прокуратура, академия, департамент, бюро, Ҳарбий прокуратура ва “Ҳуқуқ” газетасининг масъул ходимлари, Фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази ва Бош прокуратура ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши раислари, шунингдек, Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан тақдирланган ходимлар иштирокида Бош прокуратурада байрам тадбири бўлиб ўтди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ўз табригида Президентимиз – Қуролли кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз мудофааси ва халқимизнинг осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир армиямизни замонавий бошқарув тизими ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида такомиллаштириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, умуман олганда, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар қилинаётганини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, ҳарбий прокуратура органлари томонидан Қуролли кучларда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшларни ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида қўшин қўмондонликлари билан ҳамкорликда қилинган ишларга тўхталиб ўтди.

Жумладан, 2021 йили ҳарбий прокуратура органлари томонидан мингдан ортиқ прокурор назорати ҳужжати қўлланиб, қарийб 10 минг кишининг ҳуқуқлари тикланган, 300 дан зиёд ноқонуний ҳужжат ҳарбий прокурорларнинг протести асосида қонунга мувофиқлаштирилган, текширишлар ва жиноят ишлари тергови давомида 12 млрд. сўмдан ортиқ зарар қоп­ланган. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан прокуратура органларида хизмат қилиб келаётган ходимларнинг 7 нафари «Содиқ хизматлари учун» ва 3 нафари «Шуҳрат» медали билан мукофотлангани, шунингдек, прокуратура органларининг бир гуруҳ ходимлари Бош прокурор томонидан рағбатлантирилгани эътироф этилиб, мукофотлар эгаларига тантанали равишда топширилди.