БОДОМЗОР SMART HOUSE дан аҳоли нега норози?

12:30 - 19.01.2022

22

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2022 йил кириб келишидан аввал халқимизга йўллаган табригида «Инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган  ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир. Бу борада жамиятимизнинг асоси бўлган маҳалла ҳал қилувчи ўрин тутади. Маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, мамлакат обод бўлади» дея таъкидлаган эди. Бугун ҳудудларда аҳоли учун кўплаб тураржойлар қурилмоқда. Хўш, бу қурилишларда ишлар тартиблими, улар ёндош ҳудудлардаги аҳолида норозилик уйғотмаяптими?

Янги қурилаётган уйларнинг аксариятига ҳавасингиз келади. Албатта, бундай чиройли уйларнинг коммуникация тармоқлари ҳам замонавий тарзда бунёд этилишига шубҳа йўқ. Чунки кўп қаватли уйларнинг газ, электр, сув таъминоти ва оқова сув чиқариш тизимида бирор носозлик бўлса, биргина ўша хонадон эмас, кўплаб фуқаролар азият чекиши тайин. Шу сабаб давлатимиз томонидан бу борада талаб кучайтирилган.

Кейинги йилларда қурувчи тадбиркорлар томонидан марказлардаги ҳовли жойларни сотиб олиб, ўрнига кўп қаватли уйлар қуриш авж олмоқда. Боиси аҳоли пунктларида коммуникация тармоқлари бор. Бу эса аксарият ҳолатда замонавий қурувчида барпо этилган уйни инфратузилмалар билан таъминлашда маблағ тежаш имкониятини яратади. Аммо бу янги қурилаётган уйларга ёндош бўлган ҳудуд аҳолисининг норозилигига сабаб бўлмаслиги лозим. Афсуски, бундай ҳолатлар учраб турибди.

Юнусобод тумани «Бўзсув» МФЙдаги Боғишамол кўчасида қурилаётган 330 та хонадонли «Bodomzor smart house» кўп қаватли тураржой мажмуаси қурилиши ўша ҳудуддаги Хиёбонтепа ва Бодомзор маҳаллалари аҳолисида норозилик уйғотмоқда. Маҳалла фуқаролари кўп қаватли уйлар оқова сув тармоғи маҳалладан ўтган тармоққа уланишидан норози бўлишмоқда. Сабаби мазкур оқова сув тармоғи эскирган, маҳалладаги хонадонлардан чиқаётган оқова сувларни зўрға тортмоқда. Ёғингарчилик бўлса тармоқ сув ҳажмини сиғдира олмай, канализация сувлари қувурлардан чиқиб, кўчаларга тошади. Ҳатто бу сувлар ўнлаб хонадонларга ҳам кириб, иморатларга зарар етказмоқда.

– Ҳудудда қурилаётган ушбу мажмуа чиройли барпо этилаяпти, – дейди Хиёбон маҳалласи раиси Зафар Икромов. – Фақатгина маж­муанинг оқова сув тармоғи билан боғлиқ ҳолатидан маҳалла аҳолиси норози бўлмоқда. Маҳалламиздаги канализация тизимида муаммо бор. Бу бўйича тегишли ташкилотларга кўп мурожаат қилганмиз. Аммо натижа бўлмади. Энди ўзи муаммо бўлиб турган тармоққа яна 330 та хонадонли мажмуанинг ҳам канализация тизими улаб қўйилса, оқибати нима бўлиши кундек равшан-ку. Хуллас, тармоқ бунча ҳажмдаги сувни тортиб кетолмайди. Қурувчи ташкилот учун маҳалламиздаги тармоққа уланиш қулай. Шу сабабли улар ҳолатни тўлиқ ўрганмасдан улаб кетишмоқчи. Қолаверса, улар учун бу биргина вариант эмас. Йўлнинг нариги томонидан бошқа тармоқ ўтган. Ўша тармоққа уланса, муаммо бўлмайди. Бироқ бу қурувчиларга ёқмаяпти.

Шунингдек, мазкур маж­муанинг ичимлик сув ҳамда оқова сув тармоқларини тортиш ишлари бошланганига қарийб олти ой бўлган. Мажмуага ёндош кўчалар кавлаб ташлангани учун аҳолига ноқулайликлар туғилган. Қайта-қайта мурожаатлардан кейин чуқурлар кўмилган. Аммо ҳанузгача асфальтланмаган. Ёғингарчилик бўлган пайтда кўчага кириш амримаҳол. Ичимлик суви уланаётган жойдаги чуқур бир неча кун аввал қазилган бўлиб, қурилиш ишларини олиб бораётган ташкилот томонидан чуқурдан огоҳлантирувчи бирорта белги қўйилмаган.

– Ичимлик суви тортиш учун кавлаб қўйилган чуқур бир неча ҳафтадан буён турибди, – дейди шу кўчада яшовчи Ҳасан Тошпўлатов. – Икки кун аввал бу чуқурга Cobalt машинаси тушиб кетди. Хайрият, машинага зарар етса ҳам одамлар шикастланмади. Монтаж ишларини тезроқ тугатиб, кўчани аввалги ҳолатига келтириб қўйишса яхши бўларди. Маҳалла аҳли қийналиб кетди бу тартибсизликлардан.

Маҳалла аҳолиси билан учрашганимизда, улар бундай уйлар шаҳарга кўрк бўлишини, қурилиш ниҳояланса атрофини ободонлаштириш ишларига камарбаста бўлишларини таъкидладилар. Уларнинг норозиликларига сабаб бўлаётган муаммонинг ечими бор. Фақатгина мутасаддилар эътибор қаратишса бас.