Ходим сохтакорликни фош этди

14:30 - 18.01.2022

32

Мана бир ҳафтадирки, шаҳарнинг 8 март мавзеси Сайдуллога иккинчи уй бўлиб қолганди. Сайдулло – Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Фарғона вилояти бошқармаси тезкор бўлимнинг тажрибали ходимларидан бири. Бир неча йил ишлаганидан кейин у ўзида туғма кузатувчанлик, оператив хотира борлигини пайқай бошлади. Тизимга ишга кирганидан кейин тезкор ходимларнинг малака ошириш курсида гуруҳда ўзини таништирган кишидан 27 нафарининг исм-фамилияси ва қайси тумандан эканини адашмай айтиб берганида кўпчилик ҳайрон қолган эди. 

Ҳозир 2-даражали юрист, бошқарма катта тезкор ходими. Ўтган беш йилда у прокуратура органлари оператив ходими сифатида шаклланди.

Бундан икки ҳафта олдин фармацевтика соҳасида ишловчи «Мега фарм» МЧЖ раҳбарининг мурожаати келиб тушди. Мурожаатда вилоят ҳудудида, айниқса шаҳарларда 70 фоизлик тиббий спирт ва бошқа дезинфекцияловчи воситаларнинг қалбаки турлари кўпайиб кетгани, таниқли фирма номидан фойдаланган ҳолда ҳудудга жуда кўп миқдорда сифатсиз дорилар савдога чиқарилаётгани маълум қилиниб, сохтакорларни фош этишда ёрдам сўралган эди.

Сайдулло ходимлар билан вазиятни муҳокама қилиб, уч босқичли оператив режа тузди. Дастлабки босқич кенг қамровли бўлиб, шаҳардаги 319 та дорихона тезкор ходимларга тақсимланди. Рўйхат асосида ҳар бир дорихонадан «Мега фарм» МЧЖнинг 50 мл. спиртидан сотиб олинди. Бошқармада ҳар бир дорихонадан олинган маҳсулот холислар иштирокида муҳрланиб, экспертизага берилди. Экспертиза хулосасида шаҳарнинг аҳоли гавжум жойларида фаолият олиб бораётган 12 та дорихонада сотилаётган тиббий спиртлар ишлатишга яроқсизлиги маълум қилинганди.

Режанинг иккинчи босқичи муҳокама қилиниб, яроқсиз маҳсулотни сотаётган дорихоналар тезкор кузатувга олинди. Дорихонага юк олиб келаётган ҳар бир автомобиль ҳақидаги маълумот ўрганилиб, рўйхат тузилди. Беш кунлик кузатув натижасида рўйхатда кўрсатилган дорихоналарга «Лабо» автомобили қадоқланган спирт тарқатиб кетаётгани  аниқланди.

Энди кузатув объекти қисқарди. Ходимлар навбат билан объектга билдирмасдан, занжир усулида «Лабо»ни кузатишди. Кузатувлар якунида машина куннинг иккинчи ярмини шаҳар четидаги 8 март мавзесидаги бинода ўтказиши маълум бўлди. Демак, кузатувнинг якуний объекти баланд бетон билан ўралган собиқ насос ишлаб чиқариш цехи.

Сайдулло кузатув давомида ҳовлида қурилиш моллари омбори, лимон етиштириладиган иссиқхона ва бир нечта бўш бино борлигини аниқлади. Бинога ҳар куни қоронғида ушбу ҳудудда яшовчи 10-12 нафар аёл кириб, эрталаб қайтиб чиқарди.

Бинонинг ҳақиқий мулкдори, бинога уланган электр тизимлари, кунлик фойдаланиш миқдори ҳақидаги тезкор маълумотлар таҳлил қилинди, бинога кираётган ҳар бир автомобилнинг ҳаракати кузатилди. «Иш қидириб юрган одам» қиёфасида бино қоровули билан ўтказилган суҳбат объект ҳудудида яширин цех фаолият олиб бораётганини тўлиқ тасдиқлади.

Тезкор маълумотлар асосида ёзилган билдирги асосида прокурордан тураржойларни, бино ва иншоотлар, транспортларни текширишга рухсат олинди.  

Тезкор гуруҳ холислар билан бирга ҳовлига кириб кўздан кечирганида объектнинг чекка қисмида жойлашган бино ҳақиқий цехга айлантирилгани маълум бўлди. Кўздан кечиришда 8000 литр спирт, 196 мингта 50 мл. идиш ва унинг қоп­қоғи, 355 минг дона қадоқлаш ёрлиғи ва жиҳозлари, жами 29 турдаги маҳсулот ашёвий далил сифатида олинди.

Тезкор тадбир давомида ҳеч қандай санитария қоида ва меъёрига жавоб бермайдиган шароитда «Мега фарм» МЧЖ номидан 70 фоизли тиббий спирт ишлаб чиқариб сотиш билан шуғулланиб келаётган шахс аниқланиб, сохта маҳсулотнинг савдога чиқарилишига чек қўйилди.

Ҳолат бўйича бир неча кун давом этган суриштирув якунида «Мега фарм» МЧЖ раҳбари кўрсатилган ёрдам учун ташаккурнома юборибди. Ташаккурномада корхона эгаси бозор иқтисодиёти шароитида прокуратура органлари тадбиркорнинг ҳақиқий ҳимоячиси эканини ўз ҳаёти мисолида кўрганини билдириб, барча ходимларга раҳмат айтибди.

Сайдулло ваниҳоят тўртинчи якшанбада оиласига вақт ажратди. Ўғли билан овқатланиб ўтирар экан, «Менинг юртим» телеканали «Марказий студия» дастурида Фарғона вилоятида яширин цех фош этилгани маълум қилинди.

Кўрсатув давомида фармацевтика соҳасидаги эксперт интервью берар экан, ушбу маҳсулотлар талабга мутлақо жавоб бермаслиги, ишлатишга яроқсизлиги, қанчадан-қанча инсонларнинг соғлиғига зарар етказиши мумкинлигини маълум қилди. 

Сайдулло лавҳани кузатар экан, жиноятни фош этишдаги схемалар, одамларнинг қиёфалари, кузатувлар, прокуратура ходимларининг меҳнатини эслади. Ҳамкасблари билан шу тизимда ишлаб халққа наф келтираётганидан фахрланиб, ўғлига шодон қараб қўйди.