МИБ одилликка хизмат қилмоқда

12:30 - 18.01.2022

28

Бугунги кунда Мажбурий ижро бюросининг Навоий вилояти бошқармаси органларида 93 нафар тезкор ходим (шундан 55 нафари давлат ижрочиси) фаолият кўрсатиб келмоқда.

2021 йилда жами 1 трлн. 249 млрд. сўмлик 117 477 та ижро ҳужжати юзасидан керакли чоралар кўрилган. 828 млрд. сўмлик 72782 та ҳужжат бўйича якуний қарор қабул қилиниб, 55615 та иш бўйича 461,2 млрд. сўм маблағ ундирилган.

Жорий этилган янги тизимга кўра «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари» жамғармаларига бугунги кунга қадар 13,7 млрд. сўм ўтказиб берилиши таъминланган. Секторларнинг ёрдами билан эҳтиёжманд қарздорларнинг 552 нафари иш билан таъминланган, 537 та оила яраштирилган.

Қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 156 киши ишга тикланган, тўланмай қолган 1,2 млрд. сўмлик иш ҳақи ундирилган. «Алоқа» банкида ҳар бир алимент олувчига очилган 8860 та пластик картадан 6004 таси бепул тарқатилган.

Моддий ёрдамга муҳтож фарзандларга 6 млрд. сўм алимент ундирилган, 614,8 млн. сўмлик 11 та уй ва пуллар олдиндан тўлов сифатида берилган.

Узоқ муддатдан буён қарзини тўламаётган 442 кишидан хорижий давлатларга чиқиб кетган 22 нафари ҳамда яшаш жойи номаълум бўлган 70 нафарига нисбатан қидирув эълон қилинган.

Бюро органлари томонидан вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаган 223 кишининг маъмурий, 23 нафарининг жиноий жавобгарлиги масаласи ҳал этилган.

Бюро органларига келиб тушган 5978 та мурожаатнинг 5640 таси бюронинг ўзида кўриб чиқилиб, ҳал қилинган. Уларнинг 3422 таси қаноатлантирилган, 2218 тасига тушунтириш берилган.

Қонунийликни мустаҳкамлаш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш мақсадида 1797 та тарғибот тадбири ўтказилиб, оммавий ахборот воситаларида 489 та чиқиш қилинган. Асосийси, Мажбурий ижро бюроси суд ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиб, одил судловни таъминлашга хизмат қилмоқда.