Жазонинг муқаррарлиги жиноятни жиловлайди

17:00 - 18.01.2022

27

Узоқ йиллар давомида вилоят, шаҳар, туман прокуратуралари фаолиятини ёритиш жараёнида Музаффар Мамаджанов билан кўп марта кўришиб, суҳбатлашганмиз. Бирга жиноятчиликка қарши кураш мавзусида мақолалар тайёрлаганмиз. Унинг прокуратура органларида 28 йил мобайнида ишлаб, қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши кураш борасида орттирган маҳорати, ўта оғир, мураккаб жиноятларнинг терговида айбни исботлайдиган далилларни жамлаб судга ҳавола этиш тажрибаси эътиборга молик. Айни пайтда Фарғона вилояти прокуратурасининг прокуратура органлари тергов тармоқлари фаолияти устидан назорат бўлими бошлиғи лавозимида терговчиларга йўл-йўриқ беришда унинг кўп йиллик билим ва тажрибаси асқотмоқда.

М.Мамажонов 1993 йили Фарғона шаҳар прокуратурасида иш ўрганувчи бўлиб иш бошлаган. Шаҳримизда рус тилида сўзловчи аҳоли кўп (қарийб 40 фоиз) эди. Ўрта мактабда ўқиётганида рус тили бўйича олимпиадаларда қатнашгани асқотди. Рус тилида иш юритиш зарур бўлган аксарият жиноят ишларининг тергови унга топширилар эди. У пенсияга чиқиши арафасида Фарғона шаҳар прокуратурасида прокурор-криминалист бўлган Николай Шастов ни ҳурмат билан тилга олади.

– Устоз ишга доимо қўлида портфель билан келиб-кетар эди. Ёш ходимлар унинг ичида нима борлигига қизиқардик. Сўрашга ботинмасдик. Биринчи марта қотиллик жинояти содир этилган жойга чиққанимда унинг портфелида воқеа жойини кўздан кечириш учун зарур барча анжомлар жамлангани эътиборимни тортди. Одатда ашё вий далилларни олиш, кўздан кечириш, қадоқлаш ИИБ эксперт-криминалистига юкланган. Бунга қаноатланмаган Николай Шастов далилларни шахсан ўзи йиғиб, ҳар биттаси жиноий иш терговида асқотишини таъкидларди.

Ёш терговчи «кўзинг билан кўриб, қўлингда ушлаб кўрсанг, аҳамиятини сезасан» деб уқтирган устознинг ўгитига амал қилиб ҳодиса жойидан ашёвий далилларни олиш устида туришга одатланди. М.Мамажонов Фарғона вилояти прокуратурасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси лавозимида оғир ва ўта оғир жиноятларни тергов қилиш, жазонинг муқаррарлигини таъминлаш борасида астойдил ишлаб билим ва малакасини ошириб борди.

Фарғона вилоятида иккита анклав ҳудуд бўлиб, баланд тоғлар қуршовидаги Шоҳимардон қиш лоғи ва Сўх туманига Қирғизистон билан чегарадан ўтиб борилади. Таҳририят топшириғи билан Сўх тумани ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти ҳақида мақола тайёрлагани отландим. Туман прокурори, ИИБ бош лиғи, тинч-тотув, намунали маҳаллалар раислари ва ходимлари, аҳоли билан бафуржа суҳбатлашдим. «Ҳуқуқ» газетасида чоп этилган «Кўз тегмасин» сарлавҳали мақолада туманда беш йилдан бери майда безорилик ва ҳуқуқбузарликларни ҳисобга олмаганда жиноят содир этилмаганига алоҳида урғу бергандим. Бунинг сабабларидан бири ёши катта эркакларнинг кўпчилиги хорижий мамлакатларга пул ишлаб топиш учун чиқиб кетгани эди.

Орадан чамаси икки йилча ўтиб, кўз тегди. 2008 йилнинг декабрь ойи бошида туманда содир этилган, эшитган-билганларни ларзага солган, Бош прокуратура ҳамда Ички ишлар вазирлигида алоҳида назоратга олинган қотиллик жиноятини тергов қилиш учун вилоят прокуратурасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси М.Мамажонов бошчилигидаги тезкор-тергов гуруҳи воқеа жойига етиб борди.

Демурсад қишлоғи ёнида, адирдаги вагонча ичидан ёқиб юборилган беш ва олти яшар қизчаларнинг жасади топилганди. Ўша пайтдаги Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи Турсунхон Худойберганов Демурсад қиш лоғида штаб ташкил қилиб, тергов гуруҳига барча шароитларни яратиб берди. Суриштирувга вилоят ИИБнинг тажрибали ходимларини жалб қилди.

Дастлабки суриштирув, сўроқ-саволларда қизчалар қиш лоқдаги тўй бўлган ҳовлида ўйнаб юриб, аллақаёққа кетиб қолишгани аниқланган, бироқ беш кун мобайнида бутун қишлоқ аҳли билан бирма-бир суҳбатлашиш мобайнида ўша куни меҳмонлар столда ким ким билан ўтиргани, ким ўзини қандай тутгани ҳақида батафсил сўзлаб беришдан тортинганлари туфайли аҳамиятга молик биронта маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Тергов гуруҳи штабининг йиғилишида М.Мамажонов тўй жараёнини қайтадан тўлиғича тиклаш, тўйга келганларни стол атрофида ўтирган жойига қайтадан ўтқазиб, ким аввалроқ, ким кейинроқ даврадан чиқиб кетганини хронометраж тартибида тиклашни таклиф қилди. «Шу тариқа қотил кимлигини топиш имкони туғилади» деди ишонч билан. Т.Худойберганов унинг қатъияти, ташкилотчилигига яна бир бор тан берди.

Генерал-майорнинг кўрсатмаси билан эртаси куни эрталаб тўй бўлган хонадонга стол-стуллар, қозон-ўчоқлар келтирилди, ҳофизларнинг саҳнаси ўрнатилиб, меҳмонлар, ошпазлар, чойхоначи ва хизмат қилганлар жой-жойларини эгаллашди. Ким ким билан ўтиргани, ким эрта, ким кеч кетгани, ким маст бўлиб қолгани ойдинлаша бошлади. Энг муҳими, меҳмонлардан бири тўйхонадан қизчаларни ким етаклаб чиқиб кетганини эслади. Шу тариқа гумондор аниқланди. Ота-онасига шахсий адовати мастлигида алангаланиб, қизчаларини вагонга қамаб ўт қўйган, тергов ва судда айби тўлиқ исботланган қотилга умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

– Ахборот технологиялари шиддат билан ривожланаётган ХХI асрда содир этилган жиноятни ахборот узатиш воситалари ёрдамида фош этиш имкониятлари кенг қўлланмоқда, – дейди М.Мамажонов. – Фарғона шаҳридаги 24-мактаб биносида мактаб қоровули К.Унтрихтнинг мурдаси санчилиб кесилган жароҳатлар билан топилган. Номаълум жиноятчи мактабнинг информатика синфидан «Пентиум-4» компьютерининг процессорини олиб кетгани аниқланган. Ушбу компьютерлар Германиядан Халқ таълими вазирлигига Европа тараққиёт банки орқали олингани, идентификация рақамлари аниқланган.

Иссиғида жиноят фош этилмагач, тергов тўхтатилгану мунтазам равишда Ўзбекистондаги интернет провайдерларига ўғирланган компьютернинг идентификацион рақамлари бўйича сўровлар
юбориб турилган.

Орадан роппа-роса икки йил ўтиб, 2014 йилнинг 15 февраль куни «Comnet» интернет провайдери сўровда кўрсатилган процессор интернет тармоғига улангани, ундан Фарғона шаҳрининг Янги аср кўчасидаги кўпқаватли уйнинг хонадонларидан бирида яшовчи С.Турсунова фойдаланаётганини маълум қилган.

Тезкор суриштирув ўтказилиб, аёлнинг фарзанди, илгари икки марта судланган В.Медведев ушланган. Терговда у мактаб қоровулини ўлдирганига иқрор бўлди. Иқрорлигидан ташқари айби инкор этиб бўлмас далиллар билан тасдиқланган қотил 19 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

– Бошида аҳамиятсиздек туюлган ҳолат жиноятчини аниқлашга туртки бериши мумкин, – дейди М.Мамажонов.
– Яна битта анклав ҳудуд – Шоҳимардондаги қотиллик терговида бунга яна бир бор амин бўлдим.

2016 йилнинг бошида Шоҳимардоннинг Ёрдон қиш лоғида яшовчи кекса аёлнинг жасади яшаб турган уйида қотиллик аломатлари билан топилган. Жиноятчи қўлқопда бўлгани учун биронта ҳам из қолдирмаган. Уйдан қиммат нарсалар, пул ахтаргану, лекин сандиқни оча олмай, кетиб қолган. Одатдагидек бу каби жиноятни содир этишга мо йил шахслар текширила бошланди, бироқ натижа чиқмади. Уч кунда бирламчи тахминлар текширилиб бўлинди, қишлоқ аҳолисидан бу жиноятни ким қилган бўлиши мумкинлиги хусусида маълумот олиб бўлмади. Ёрдонликларнинг урф-одатлари ўрганилганда одатда марҳумнинг таъзиясига қишлоқ аҳли юз фоиз иштирок этиши маълум бўлди.

Жабрланувчилар, марҳумнинг яқинлари билан қайта-қайта суҳбат ўтказилганида шу қишлоқда яшовчи М. исмли шахс таъзияга келмагани аниқланди. Ҳолбуки, дастлабки сўроқда у таъзияда қатнашганини айтган эди. Такрор сўроқда ёлғон гапирган ҳамқишлоқ кампирнинг пулини олиш ниятида уйга киргани, уйғониб таниб қолгач, уни ўлдирганига иқрор бўлди.

Эътиборга молик жиҳатлардан яна бири шуки, М.Мамажонов бўлимга бош лиқ этиб тайинланган 2018 йилдан ҳозиргача прокуратура терговчилари тергов қилган жиноятларнинг барчаси фош этилган. Очиқ суд мажлисларида айби тасдиқланган судланувчиларга жазо тайинланган. Зеро, жазонинг муқаррарлиги жиноий қилмишдан тийиб турувчи энг таъсирли воситалар сирасидандир.

М.Мамажоновнинг меҳнати муносиб тақдирланди. У Бош прокурорнинг буйруғи билан «Ўзбекистон прокуратурасига 25 йил» эсдалик нишони, «Ўзбекистон Рес публикаси прокуратурасининг фахрий ходими» кўкрак нишони билан, 2021 йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан «Ўзбекистон Рес публикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан мукофотланди.

Исроил ИБРОҲИМОВ,
«Huquq»