Бош прокуратурада байрам тадбири бўлиб ўтди

18:00 - 14.01.2022

53

14 январь куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрамини кўтаринки руҳда катта шодиёна билан нишонламоқдамиз.

Сана муносабати билан Бош прокуратура, Академия, Департамент, Бюро, Ҳарбий прокуратура ва «Ҳуқуқ» газетасининг масъул ходимлари, Фахрийларни ижтимоий қўллаб – қувватлаш жамоатчилик маркази ва Бош прокуратура ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши раислари, шунингдек, Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан тақдирланган ходимлар иштирокида Бош прокуратурада байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирни олиб борган Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ўз табригида Президентимиз – Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз мудофааси ва халқимизнинг осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бугунги миллий армиямизни замонавий бошқарув тизими ва ахборот коммуникация технологиялари асосида янада такомиллаштириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини амалда тўла таъминлаш, умуман олганда, мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, ҳарбий прокуратура органлари томонидан Қуролли Кучларда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини амалда таъминлаш, ёшларни ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш йўналишларида қўшинлар қўмондонликлари билан доимий ҳамкорликда амалга оширилган фаолият натижаларига тўхталиб ўтди.

Жумладан, ўтган йилда Ҳарбий прокуратура органлари томонидан мингдан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, қарийб 10 минг нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланганлиги, 300 дан зиёд ноқонуний ҳужжатлар ҳарбий прокурорларнинг протестлари асосида қонунга мувофиқлаштирилгани, текширишлар ва жиноят ишлари тергови давомида 12 млрд. сўмдан ортиқ зарарнинг қопланганлиги айтиб ўтилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг сана муносабати билан қабул қилинган Фармонига асосан прокуратура органларида хизмат қилиб келаётган ходимларнинг 7 нафари «Содиқ хизматлари учун» ва 3 нафари «Шухрат» медали мукофотлангани, шунингдек, прокуратура органларининг бир гуруҳ ходимлари Бош прокурор томонидан рағбатлантирилгани эътироф этилиб, мукофотлар эгаларига тантанали равишда топширилди.