Мозийга қарши қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир

16:30 - 14.01.2022

79

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва вилоят прокуратуралари
ходимлари ҳайъат йиғилишидан сўнг (Тошкент шаҳри, 1994 йил).

Ўзбекистон прокуратураси ташкил этилганига 30 йил тўлди. Мамлакатимизда давлат бошқарувини такомиллаштириш ҳамда демократлаштириш, аҳолининг турмушини яхшилаш, ҳудудларни ривожлантириш борасидаги ислоҳотларга прокуратура органлари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. «Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир» дейдилар. Прокуратура тизимида ишлаш, ходимлар учун яратилган шароит мустақилликкача қандай эди, ҳозир қандай? Тизимда ишлаётган ёшлар бу ҳақда тушунчага эгами? Шу ҳақида ҳикоя қиламиз.

ТУШОВЛАР ТИЛДАН БОШЛАНАР ЭДИ…

Совет иттифоқи даврида деярли барча ҳужжатлар рус тилида тайёрланар, йиғилишлар, айниқса ҳар олти ойда бўладиган мувофиқлаштирувчи кенгашлар (коорсовет) рус тилида олиб бориларди. Асосий маъруза рус тилида қилинар ва сўзга чиқувчилар ҳам шу тилда гапиришга мажбур эдилар.

Қашқадарё вилояти прокуратураси ходимлари мамлакатимиз
мустақилликка эришгунча бўлган қийинчиликларни сабр ва матонат билан енгишди. Бунда 1977 йилдан 1984 йилгача вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Самад Сатторовнинг алоҳида хизмати бор. Самад ака республика прокуратурасида ишлаган, рус тилини мукаммал билар, ҳақиқий ҳуқуқшунос ва прокурор эди. У ўз ишининг устаси бўлиб, прокуратуранинг барча йўналишларини жуда яхши тушунар, билганларини ходимларга ўргатишдан эринмас ва чарчамасди. Ходимлар тайёрлаган ахборотни эринмай ўқиб чиқар, агар қаноатланмаса, қайтадан ёзиб берар, «сен ҳужжатни сифатсиз тайёрлагансан» деб ходимга танбеҳ бермас эди. Шунинг учун у кишини барчамиз устоз деб эъзозлаб, ҳурматини жойига қўярдик ва имкон қадар ишимизни пишиқ қилиб, устознинг ишончини оқлашга ҳаракат қилардик.

АСАБЛАРНИ ҚАҚШАТГАН МАШИНКА ЧИҚ-ЧИҚЛАРИ…

СССР даврида прокуратура ходимлари ишлаши ва ишдан сўнг маданий ҳордиқ чиқариши учун деярли ҳеч қандай шароит яратилмаган эди, прокуратура органларининг бинолари
эски, пастқам, зах, таъмирталаб бўлиб, санитария талабларига жавоб бермас эди. Вилоят прокуратурасининг 3-4 нафар ходими битта хонада ишларди, мажлис заллари йўқлиги боис вилоят прокуратураси ҳайъатининг мажлислари бошқа корхона ва ташкилотларнинг залларида ўтказиларди.

Туман прокуратураларида прокурор, унинг ёрдамчиси ва бир терговчи ишларди, холос.

Қарши тумани прокуратураси ходимлари учун туман ички ишлар бўлими биносидан учта хона ажратилган бўлса, Нишон ва Китоб тумани прокуратуралари ходимлари учун суд биноларидан учтадан хона берилганди, холос.

Прокуратура ходимлари ҳужжатларни машинкада ёзишар,
агар бирор ҳарф нотўғри тушса, у тўлиқ қайтадан кўчириларди.

Мабодо ҳужжат раҳбар томонидан имзоланмаса, қайтадан ёзиларди. Жиноят ишлари бўйича юз варақлаб айблов хулосаларини терговчилар кечалари ухламасдан машинкада ёзиб чиқишарди. Машинкада ёзишда чиқиллаган қаттиқ овоз чиқарди. Бир хонада уч-тўрт киши ишлаётгани боис уч-тўртта ёзув машинкасининг чиқиллаб ишлаши асабларни чарчатиб юборарди.

ЯНГИ ДАВР БЎСАҒАСИДА

1991 йил 31 августда Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинди. Натижада ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий, шу жумладан судҳуқуқ соҳасида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.
Прокуратура органларига катта ишонч билдирилиб, ходимларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилди. Ўша пайтда колхоз ва совхозлар, корхона ва ташкилотлар жуда ночор аҳволга келиб қолганди. Шу боис уларни тугатиб, ўрнига фермер хўжаликлари ташкил этиш биринчи галдаги вазифа эди. 1991 йил 19 ноябрда «Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди ва унга асос ланиб кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланди. Уларнинг ижросини назорат қилиш прокурорлар зиммасига юкланди.

Қашқадарё вилояти прокуратураси жамоаси прокуратуранинг
эски биноси олдида (Қарши шаҳри, 1988 йил).

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 8 январдаги «Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органлари тўғрисида»ги фармонига кўра Ўзбекис тон ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хил ижро этилиши устидан назоратни таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини, республика суверенитетини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон ССР прокуратураси Ўзбекистон Республикаси прокуратурасига айлантирилди. Республика ҳудудида иш кўраётган Ўрта Осиё транспорт прокуратураси, унинг органлари негизида вилоят прокуратураси мақомига эга бўлган Ўзбекистон транспорт прокуратураси ташкил этилиб, у Ўзбекистон прокуратурасига бўйсундирилди.

Мудофаа ишлари вазирлигида, унинг жойлардаги бошқармалари ва бўлимларида ҳамда республика ҳудудида жойлашган ички қўшинларда қонунларнинг ижроси устидан прокурор назоратини амалга ошириш Ўзбекистон прокурори зиммасига юкланди. Ўзбекистон Олий кенгашининг 1992 йил 9 декабрдаги қарорига кўра «Прокуратура тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Қонунда белгиланган тартибда лавозимга тайинлангунга қадар Ўзбекистон прокурори, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон Бош прокурори, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари деб ҳисобланди. Прокуратура идоралари прокурор-терговчи ходимлари қасамёдининг матни тасдиқланди.

Республикамиз мустақиллиги эълон қилингач, Ўзбекистоннинг иқтисодий манфаатларига жиддий зарар етказувчи жиноятлар кўпайди. Уларнинг олдини олиш, жиноятчиларни аниқлаб, жавобгарликка тортиш учун қонуний асос керак эди. 1992 йил 8 апрелда Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон прокуратураси марказий аппарати тузилмасида Ташқи иқтисодий фаолият соҳасида порахўрликка, ўғирликлар ва бошқа суиистеъмолчиликларга қарши кураш бошқармаси, Қорақалпоғис тон, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратураларида ва Ўзбекистон транспорт прокуратурасида бўлинмалар ташкил этилди.

1993 йил 19 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Прокуратура органларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда штатлар сонини кўпайтириш тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, бунинг учун зарур маблағ ажратилди.

ЛИБЕРАЛЛАШУВ ЭПКИНЛАРИ

2001 йилдан бошлаб жиноий жазолар либераллаштирила бошланди ва 29 августда «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш лар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун қабул қилинди. Қонунга асосан жиноят содир этган шахс нинг мулкини мусодара қилиш жазоси Жиноят кодексининг жазо тизимидан чиқарилди.

Етказилган зарарни ихтиёрий равишда қоплаган шахсларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланмаслиги белгиланди. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноятни содир этган шахсларга нисбатан ярашув институти жорий этилиб, улар жабрланувчи билан ярашган тақдирда жиноят иши тугатиладиган бўлди.

2004 йил 1 мартда прокуратура органларига 48 та штат қўшиб берилди ва қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунийликни таъминлаш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими ташкил этилди.

Ўзбекистон Президентининг 2005 йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида»-ги ҳамда 2005 йил 8 августдаги «Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида»ги фармонлари билан Ўзбекистон прокуратураси идораларига республикадаги барча қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конс титуциявий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза этиш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ва жиноятчиликка қарши курашдек муҳим вазифалар юкланган.

Юқорида қайд этилган вазифаларни амалга оширишда прокуратура идоралари ходимларининг ўз ишига виждонан ёндашиб, ҳар қандай қонун бузилишига муросасиз бўлишини таъминлаш, суиистеъмолчиликка йўл қўйилишининг олдини олиш, уларнинг сафини касбига нолойиқ шахслардан тозалаш ҳамда прокуратура идоралари тизимида хавфсизликни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 25 июндаги қарори билан Ўзбекистон прокуратураси тузилмасида ички хавфсизликни таъминлаш инспекцияси ташкил этилди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратуралари, Ўзбекис тон транспорт прокуратурасига ички хавфсизликни таъминлаш инспекциялари бўйича штат бирликлари ажратилди.

ЯНГИЛАНИШНИНГ ДАДИЛ ОДИМЛАРИ

Республикамизда кўриб чиқиладиган хўжалик ишлари сонининг ўсиши Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 25 июндаги Ўзбекистон Республикаси прокуратураси тузилмасида судлар томонидан хўжалик ишларини кўриб чиқишда прокурорнинг ваколатларини таъминлаш бўлимини ташкил этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинишига асос бўлди.