Қонун ва манфаатлар ҳимоясида собит

14:00 - 14.01.2022

26

Ҳар қандай ҳуқуқий давлат барқарорлик ва қонунийлик, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишнинг ишончли кафолатларига муҳтож. Прокуратура ана шундай кафолатлардан бири бўлиб, унинг ходимлари ватанга фидойилик билан хизмат қилиб келмоқда.

Прокуратуранинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган сифатидаги тарихига мурожаат қилмасдан туриб, унинг хизматлари ҳақида гапириш қийин. Мамлакат ҳаёти ва прокуратура тарихи бир-бири билан чамбарчас боғлиқ.

Турли даврларда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратура органларида фидойи инсонлар хизмат қилган, улар назорат органи олдида турган масалаларни ҳал этишга салмоқли ҳисса қўшган, юртимиз учун кўп ишларни амалга оширган.

Тарихдан маълумки, Россия империясида 1917 йил ноябрдаги воқеалар натижасида эски режим тўнтарилиб, большевиклар ҳокимият тепасига келиб, Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси тузилди. Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботнинг янги тартиби ўрнатилиб, суд институтлари, суд терговчилари ва прокурор назорати тугатилди.

1920 йил октябрь ойида Амударё бўлими Туркистон АССР таркибида маъмурий бўлинишини сақлаб қолган ҳолда мустақил вилоятга ажратилиб, маркази Петро-Александровск шаҳрининг номи Тўрткўл деб ўзгартирилди ҳамда икки уездга – Шўрахон ва Чимбойга бўлинди.

Қорақалпоғистонда прокуратура институти 1922 йил май ойида ташкил топган бўлиб, шу даврда Амударё вилояти давлат прокуратураси деб номланган. Архив ҳужжатларига кўра, 1923–1924-йилларда вилоят прокуратуранинг штати 6 та ходимдан иборат эди.

1924 йил октябрда Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилиши натижасида Қорақалпоқ автоном вилояти ташкил этилиб, 1925-1929-йилларда Қозоғистон АССР ва 1930-1932-йилларда РСФСР таркибида бўлган. 1932 йили автоном вилоят Қорақалпоғистон Автоном Совет Социалистик Республикасига айлантирилди.

1925-1936-йилларда Қорақалпоғистон прокурори лавозимида Т.Баймуратов, Г.Деуленков, О.Нурмуҳамедов, И.Егоров, С.Қурманғалиев, А.Адакеев, П.Шестаков ва А.Пискуновлар ишлаган бўлиб, прокуратура органлари штати 16 нафар ходимдан иборат бўлган.

Прокуратура органларида ишлаган ходимларнинг аксарияти Қозоғистон ва Россиядан юборилган кадрлар бўлиб, ҚҚАССР уларнинг таркибидан чиқиб кетгандан сўнг ушбу ходимлар прокуратура органларидан бўшаб, етарли тажриба ва малакага эга кадрлар танқислиги келиб чиққан.

1936 йил декабрь ойида Қорақалпоғистон АССР Ўзбекистон ССР таркибига ўтказилиб, Қорақалпоғистон прокуратураси тарихининг янги босқичи бошланди. 1937 йилга келиб Қорақалпоғистон прокуратураси органлари ташкилий тузилмаси 38 нафар ходимдан иборат бўлиб, уларнинг 30 нафари маҳаллий миллатлар вакили эди.

1936 йил декабрь ойида Қорақалпоғистон АССР прокурори лавозимига Б.Кузмич тайинланади, у жиноятчиликка қарши курашиш, судларда прокурор иштирокини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги, мурожаатлар билан ишлаш, суд ҳужжатлари ижроси устидан назоратга алоҳида эътибор қаратган.

Прокуратура тарихида 1941–1945-йиллардаги урушнинг оғир йиллари алоҳида ўрин тутади, бу пайтда прокуратура эътибори биринчи навбатда давлатни, ҳарбий ва меҳнат интизомини мус таҳкамлаш, давлат ва ҳарбий техникани ҳимоя қилиш ва сақлашга, аҳоли ўртасида ваҳима чиқарувчи маълумотларни тарқатишга қарши курашишга қаратилган эди.

Урушдан кейинги йилларда халқ хўжалигини тиклаш муаммолари диққат марказида турган бир пайтда прокуратура органларининг асосий вазифалари иқтисодий соҳада қонун устуворлигини таъминлашга қаратилди.

Кейинги даврларда ҳудудда қонунийликни мус таҳкамлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш, прокуратура фаолиятини тўғри ташкиллаштириш, прокурор назорати самарадорлигини ошириш, кадрларни танлаш, тайинлаш ва тарбиялаш, касбий маҳоратини оширишга алоҳида эътибор берилган.

Мустақилликнинг биринчи йилларида маҳаллий кадрлардан республика прокурори лавозимида ишлаган М.Елмуратов (1992-1995) даврида прокуратура идораларининг моддий-техник базаси яхшиланиб, ходимлар учун қулай ша роит яратилди. Айни пайтда прокуратура органлари зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ такомиллаштирилмоқда.

Прокуратура органларининг қонунийликни мус таҳқамлаш борасидаги фаолияти жуда кенг ва серқиррадир. Бизнинг ишимизда иккинчи даражали вазифа йўқ, ҳаммаси жуда муҳим! Шундай устувор йўналишлардан бири фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳисобланади. Ўтмишдан мисоллар, прокуратура ходимларининг юксак маҳорати ва қатъияти ёш авлоднинг эътиборидан четда қолмайди ва уларга доимо ибрат бўлади.

Фархат АЛЛАМБЕРГЕНОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори